Жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш тўғрисидаги ажрим
А Ж Р И М
(дастлабки ҳимоя чорасини кўриш тўғрисида)
2020 йил январь ойининг 16 куни _______ туман маъмурий судининг раиси Н.Р. Холматов, судья ёрдамчиси Х.Н. Холбаевнинг котиблигида, аризачи “Ф” фермер хўжалиги раҳбари Р.С. Алиев, жавобгар вакили
В.К. Собиров иштирокида, аризачининг ______туман ҳокимининг 2019 йил 16 декабрдаги 126-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризасига асосан қўзғатилган 3-1601-1901/1236-сонли маъмурий иш бўйича Р.С. Алиевнинг жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш билан боғлиқ дастлабки ҳимоя чорасини кўриш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиб, қуйидагиларни
А Н И Қ Л А Д И :
_______туман ҳокимининг 2019 йил 16 декабрдаги 126-сонли қарори билан “Ф” фермер хўжалигига “Навруз” ҚФЙ ҳудудидан ажратилган 21,22,23,24-контурлардаги 75,6 гектар ер майдони туман захира ер фондига қайтарилган.
Шу сабабли, аризачи “Ф” фермер хўжалиги раҳбари Р.С. Алиев судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар _______туман ҳокимининг
2019 йил 16 декабрдаги 126-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Суд мажлисида аризачи раҳбари Р.С. Алиев фермер хўжалигига ажратилган 75,6 гектар ер майдонини туман захира ер фондига қайтариш тўғрисидаги аризани у ёзмаганлигини ва унга имзо ҳам қўймаганлигини маълум қилиб, туман ҳокимлиги ер ижара шартномасини қонун ҳужжатларига зид тарзда ушбу аризага асосланган ҳолда бекор қилганлиги ҳақида тушунтириш бериб, жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш билан боғлиқ дастлабки ҳимоя чорасини кўриш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган.
Ушбу илтимосномада ҳозирги кунда “Ф” фермер хўжалигига ажратилган 75,6 гектар ер майдони туман захира ер фондига қайтарилганлиги сабабли, жавобгар туман ҳокимлигига ушбу ер участкасини бошқа фермер хўжаликларига бериб юбориш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш сўралган.
Жавобгар вакили жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш билан боғлиқ дастлабки ҳимоя чорасини кўриш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Суд тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра аризачи раҳбари
Р.С. Алиевнинг аризасини қаноатлантиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 92-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра суд, агар:
1) маъмурий иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса;
2) аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чоралар кўрмай туриб, ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса дастлабки ҳимоя чораларини кўриши мумкин.
Ушбу Кодекс 93-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, дастлабки ҳимоя чораси бўлиши мумкин.
Мазкур ҳолатда, суд низо судда кўриб чиқилгунга қадар аризачига ажратилган 75,6 гектар ер майдони туман захира ер фондига қайтарилганлиги сабабли, ушбу ер участкаси туман ҳокимлиги томонидан бошқа фермер хўжаликларига бериб юборилиши эҳтимоли юқори бўлганлиги учун, аризачи раҳбарининг аризасини қаноатлантиришни ва туман ҳокимлигига ушбу ер участкасини бошқа фермер хўжаликларига бериб юбориш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлашни лозим топади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 92, 93, 94, 95 ва
169-моддаларини қўллаб, суд
А Ж Р И М Қ И Л Д И :
Аризачи раҳбари Р.С. Алиевнинг дастлабки ҳимоя чорасини кўриш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилсин.
_______туман ҳокимлигига низо юзасидан қабул қилинадиган суд ҳужжати қонуний кучга киргунига қадар “Навруз” ҚФЙ ҳудудидаги 21,22,23,24-контурлардаги 75,6 гектар ер майдонини бошқа фермер хўжаликларига бериб юбориш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш тақиқлансин.
Мазкур ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Суд раиси Н.Р. Холматов
Do'stlaringiz bilan baham: |