Бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш тўғрисидаги ажрим
А Ж Р И М
(дастлабки ҳимоя чорасини кўриш тўғрисида)
2020 йил март ойининг 15 куни _______ туман маъмурий судининг раиси Н.Р. Ғиёсов, аризачи “Д” МЧЖ раҳбари Р.Л. Собировнинг ______туман ҳокимининг 2020 йил 19 январдаги 452-сонли қарорининг
3-бандини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризасига асосан қўзғатилган 3-1401-1901/5698-сонли маъмурий иш бўйича Р.Л. Собировнинг бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш билан боғлиқ дастлабки ҳимоя чорасини кўриш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиб, қуйидагиларни
А Н И Қ Л А Д И :
______туман ҳокимининг 2020 йил 19 январдаги 452-сонли қарорининг
3-бандида _______туман “Марказий деҳқон бозори” МЧЖ чегараларини кенгайтириш ва замон талабларига мос равишда қайта реконструкция қилиш мақсадида бозор ҳудудида жойлашган айрим тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган дўконлар бузилиши ва қайта қурилиши белгиланган.
______туман ҳокимининг мазкур қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлар бошлаб юборилган. Бошқа тадбиркорлик субъектлари қатори “Д” МЧЖга ҳам унга қарашли 45 метр квадрат майдондаги савдо дўкони бузилиши ҳақида огоҳлантириш берилган. Бироқ ушбу дўкон учун тўлаб берилиши лозим бўлган компенсация пулларининг 22 000 000 сўм қисми тўлаб берилмаган.
Шу сабабли, аризачи “Д” МЧЖ раҳбари Р.Л. Собиров жавобгар ______туман ҳокимлигига нисбатан судга ариза билан мурожаат қилиб, ______туман ҳокимининг 2020 йил 19 январдаги 452-сонли қарорининг
3-бандини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Аризачи раҳбарининг аризасига дастлабки ҳимоя чорасини кўриш тўғрисидаги аризаси илова қилинган.
Ушбу аризада ҳозирги кунда ______туман “Марказий деҳқон бозори” МЧЖдаги тадбиркорларга тегишли савдо дўконларини бузиш ишлари бошлаб юборилганлиги, аммо МЧЖга тегишли савдо дўконини бузиш ҳали бошланмаганлиги, агар дўконни бузиш тўхтатилмаса, ушбу дўкон ҳам бузилиб кетиши мумкинлиги сабабли, низо судда кўриб чиқилгунга қадар бозор раҳбариятига низо предметига тааллуқли бўлган савдо дўконини бузиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш сўралган.
Суд иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра аризачи раҳбари Р.Л. Собировнинг аризасини қаноатлантиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 92-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра суд, агар:
1) маъмурий иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса;
2) аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чоралар кўрмай туриб, ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса дастлабки ҳимоя чораларини кўриши мумкин.
Ушбу Кодекс 93-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш дастлабки ҳимоя чораси бўлиши мумкин.
Мазкур ҳолатда, суд низо судда кўриб чиқилгунга қадар аризачига тегишли савдо дўконининг ҳақи тўлаб берилмасдан бузиб юборилиши аризачининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, аризачи раҳбарининг илтимосномасини қаноатлантиришни ва ______туман “Марказий деҳқон бозори” МЧЖ раҳбариятига низо судда кўриб чиқилгунга қадар “Д” МЧЖга тегишли савдо дўконини бузиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлашни лозим топади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 92, 93, 94, 95 ва
169-моддаларини қўллаб, суд
А Ж Р И М Қ И Л Д И :
Аризачи раҳбари Р.Л. Собировнинг дастлабки ҳимоя чорасини кўриш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилсин.
______туман “Марказий деҳқон бозори” МЧЖ раҳбариятига низо судда кўриб чиқилгунга қадар “Д” МЧЖга тегишли савдо дўконини бузиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш тақиқлансин.
Мазкур ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Суд раиси Н.Р. Ғиёсов
Do'stlaringiz bilan baham: |