К у н г а б о қ а р. Кунгабоқарнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти. Кунгабоқар уруғи мойга жуда бой бўлиб, унинг таркибида ўртача (қуруқ моддага нисбатан) 30 % дан 40 % гача мой мавжуд. Яратилган сермой селекцион навларда эса (Передовой, Семена ва бошқалар) 54 % дан 58 % гача мой бўлади.
Кунгабоқар мойи аъло даражадаги таъм хусусиятларига эга бўлиб, асосан овқат тайёрлашда балиқ ва сабзавотларни консервалашда қўлланилади. Унинг анчагина қисми сунъий қаттиқ мойлар олишда ишлатилади.
Кунгабоқардан олинган кунжара ва шрот қимматбаҳо концентрланган ем ҳисобланади. Унинг янчилган саватчаси, қипиғи, пояси калий тузларига бой бўлиб поташ олишда ишлатилади.
Кунгабоқар Россия, Руминия, Венгрия, Болгария, Аргентина, Бразилия, Мексика ва бошқа мамлакатларда кўп миқдорда етиштирилади.
Жанубий Америка кунгабоқарнинг ватани ҳисобланади. XVI асрда эса у Европага келтирилган ва дастлаб манзарали ўсимлик сифатида экилган.
Морфологик тузилиши ва ботаник таснифланиши. Кунгабоқар (Heliathus) мураккабгулдошлар оиласига киради. Унинг бир йиллик ва кўп йиллик турлари мавжуд. Бу ўсимликнинг кучли ўқ илдизи ерга чуқур ботган, шу боисдан кунгабоқар қурғоқчиликка чидамли ҳисобланади. Пояси узун айрим навларда 3 м гача бўлади. Барглари йирик ва узун бандларда жойлашган.
Кунгабоқар гуллари: а- трубкасимон; б- қирраси (мева бермайдиган).
Туп гули-кўпгулли (500-1200 гули) саватга бўлиб, диаметри 15 см дан 25 см гача. Саватча бир неча қатордан иборат ўрама билан ўралган. Саватчадаги гуллар умумий гулўринга жойлашган бўлиб, улар икки хил турга бўлинади: тилсимон гул ва найча гул. Тилсимон гуллар саватчанинг чекка қисмларида жойлашган бўлиб, кўпайиш аъзоларига эга эмас, шу сабабли мевасиз. Найча гуллар одатда икки жинсли бўлиб, мева тугади.
Меваси-данакча бўлиб, турли рангда турлича ўлчамда. Ранги оқ, кулранг, қора, қорамтир-бинафша, сидирға ёки йул-йул тусда бўлади. Данакча узунлиги 6 ммдан 25 ммгача, кенглиги 5 ммдан 10 ммгача, 1000 данакча вазни 40 г дан 200 г гача. Бир саватчанинг ўзидаги данакчаларнинг ўлчами турли хилда бўлади: саватча чеккаларидаги данакчалар йирик, марказга яқинлаша борган сари данакчалар ҳажми кичрайиб боради, шунинг учун ҳар бир кунгабоқар уруғи партиясида данакчалар турли ўлчамда ва турлича тўлиқликда бўлади. Пишиб етилиш жараёни ноқулай шароитларда ўтса, жуда кўп миқдорда пуч данакчалар ҳосил бўлади. Кунгабоқарнинг фақат бир тури экилади. (Helianthus cultus). Бу тур данакча ўлчами, унинг шакли, қипиқ ва ядро миқдарининг нисбатига қараб 3 гуруҳга бўлинади. Мойли кунгабоқар-поясининг бўйи унчалик узун эмас, айрим навлари сершох бўлиб, бир ёки бир неча саватчага эга. Данакчалари кичик, узунлиги 7-13 мм. Ташқи қобиғи мағизга маҳкам ёпишган, қипиқдорлик 35 % дан 45 % гача. Чақиладиган кунгабоқар -пояси жуда узун, шохламайди. Данакчалари йирик, узунчоқ, узунлиги 12-25 мм, ташқи қобиғи жуда қалин. Қобиқ остидаги бўшлиқнинг фақат бир қисмини мағиз эгаллайди. Қипиқдорлик одатда 50 % дан 65% гача бўлади.
Оралиқ кунгабоқар-бу икки хил яъни мойли ва чақиладиган кунгабоқар орасидаги шакл бўлиб, данакчаси одатда калта ва энли.
Данакчалар мева ўрами (мева қобиғи, қипиқ) ва унинг ичидаги уруғ мағиздан иборат. Мева ўрама эпидермисдан иборат бўлиб, у қора рангли уруғларда пигмент сақлайди. Эпидермис остида пўкаксимон тўқима ва ундан пастда бир неча қатлам ёғочга айланган склеренхима ҳужайралари мавжуд.
Склерепхималарни юза ҳужайралари қора рангли-фитомелан моддасини ўзида сақлаши мумкин. Бу модданинг 76 фоизи углероддан иборат. Бу модда пўкакли катлам ва склеренхима орасида ўзига хос панцирли қатлам ҳосил қилади.
Уруғ (ядро) юпқа уруғ қобиғи ва муртакдан тузилган.
Бу қатлам данакни кунгабоқар куяси қурти билан зарарланишдан сақлайди. Бу қурт кунгабоқар ҳосилига катта зарар етказади. Кунгабоқар куяси найчагул ичига ўз уруғини қўяди. Бу уруғдан чиққан капалак қурти дастлаб гулнинг гултожи билан озиқланади, кейин мева қобиғини кемириб, мағизнинг бир қисмини ейди.
Зарарланган ўсимликнинг саватчаси ўргимчак уяси билан ўралган бўлиб, унда капалак қурти чиқиндилари билан ифлосланган кўплаб қуриган гуллар бўлади.
Мева қобиғида панцирли қатлами мавжуд бўлган донакчаларнинг фоизлардаги миқдори кунгабоқарнинг панцирлилиги дейилади. Экишда кенг жорий этилган кунгабоқар навлари 95-96 % панцирлиликка эга.
Уруғларнинг кимёвий таркиби унинг навига, етиштириш шароит-лари ва ҳудудига қараб анча фарқларга эга. Уруғнинг кимёвий таркиби унинг пишиб етилганлик даражасига ҳам боғлик бўлади, чунончи пишиб етилмаган уруғда мой миқдори паст ва сифати ҳам талабга жавоб бермайди.
Данакча таркибида қуйидаги моддалар мавжуд (қуруқ моддага нисбатан % да ) оқсиллар-12,4-19 % гача, мойлар- 25-45 % гача, клетчатка- 23,5-27 % гача, бошқа углеводлар-23-27 % гача, минерал моддалар-1,8-5,1 % гача.
Мева қобиғидан ажратилган уруғ қисми (мағиз) да 26-29 % оқсил, 50-60 % мой ва 1,7-4 % клечатка мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |