Бошланғич таълимнинг хусусий методикаларини яратиш.
Петалоцци ўзининг умумий дидактик қоидаларига таяниб, бошланғич таълимнинг хусусий методикаси асосини яратиб берди.
Песталоцци она тили ўқитишнинг асосий вазифаси боланинг нутқини ўстириш ва унинг сўз бойлигини орттиришдан иборат бўлиши лозим, деб ҳисоблади. Песталоцци савод ўргатишда товуш методини биринчи ўринга қўйди, бундай қилиш ҳарфларни қўшиб ўқитиш методи ҳукмронлик қилиб турган ўша вақт учун ғоят муҳим эди.
Песталоцци она тили ўқитишни кўрсатмали принцип асосида олиб бориш ва болларга табииёт, география ва тарихга доир элементар маълумотлар бериб, шу тариқа болаларнинг сўз бойлигини орттириш тўғрисида қимматли кўрсатмалар берди.
Песталоцци зериктирарли ва бир хилдаги машқлар қилдириш билан болаларда кузатиш, нарса ёки ҳодисанинг белгиларини аниқлай олиш малакасини ўстиришга, бирор нарсани аниқ ва тўла тасвирлаб бера олиш малакасини ҳосил қилишга интилди.
Болаларда ёзув малакасини ҳосил қилмоқ учун Песталоцци дастлаб тўғри ва эгри чизиқларни — хатларнинг элементарларини чиздириб, машқ қилдиришни тавсия этди. Песталоцци ёзув ўргатишни нарсаларни ўлчаш ва суратни чизиш билан шунингдек, нутқни ўстириш билан боғлаб олиб боришни таклиф қилди.
Ўлчашни ўргатмоқ учун Песталоцци дастлаб тўғри чизиқ чизишни, сўнгра бурчак, квадрат чизишни ва бу квадратни бўлакларга (яримта, чоракта қилиб ва ҳоказо) бўлишни ўргатишни таклиф қилди. Тарбиячи болаларга турли геометрик жисмларни кўрсатиш ва уларнинг номларини айтиб бериши лозим. Болалар бу геометрик жисмларни кузатиб, уларнинг хоссалари ва номларини ўзлаштириб оладилар, уларни ўлчашни ўрганадилар.
Бола ўлчов натижаларини чизиб ва ёзиб олиши лозим; бундай машқлар болага ёзув ўргатишнинг асосидир.
Песталоцци педагогика назарияси ва тажрибасининг аҳамияти. Песталоцци кўзга кўринган назариётчиси ва амалиётчи эди.
Песталоцци одамнинг барча табиий кучларини ва қобилиятларини бир-бирига уйғун қилиб ўстиришдек вазифани тарбиянинг асосий вазифаси деб билди. У элементар таълим назариясини яратди, бу назария догматик таълимга, яъни маъносини тушунмай ёдлашга қарши олиб борилган XIX асрда халқ мактабини ривожлантиришга ёрдам берган курашда катта роль ўйнади. У болани жисмоний тарбиялаш, меҳнатда тарбиялаш, ахлоқий ва ақлий тарбиялаш тўғрисида жуда қимматли фикрларни айтиб ўтди. Песталоцци бошланғич мактабда бериладиган билимларнинг мазмунини кенгайтиришни талаб қилди, бошланғич мактабни халққа яқинлаштиришга, уни халқ оммасининг турмуши ва эҳтиёжлари билан чамбарчас боғлашга интилди, болаларни меҳнатга ўргатишга, уларни турмушга тайёрлашга катта эътибор берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |