Дий шайх бо чароғ ҳамегашт гирди шаҳр,
К-аз деву дад малуламу инсонам орзуст.
Яъни: У куни шайх чироқ кўтариб, шаҳарни айланар экан, “девлар ва инс-жинслардан бездим, бир инсонни кўриш орзусидаман”, — деган экан, — мазмунидаги сўзларини бир оз ўзгартирилган формада такрорлайди. Албатта, бу исбот талаб этадиган, шунингдек, исботлаши қийин бўлган баҳс. Бу икки ҳолат бир томондан, Шарқ мутафаккирларидан олинган бўлиши ҳам мумкин, иккинчи томондан, Нитшенинг ўз фикрлари бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, шунинг ўзи Ғарб ва Шарқ олами аслида бир-бирига бегона эмаслиги, қачонлардир ягона бир вужуд бўлганлигига бир мисол. Энг муҳими, “кундузи чироқ ёқмоқчи бўлаётган” инсон – Нитшенинг “телба”си, яъни, ўша Аъло одам Ғарбда тафаккур қуёшининг ботиб бораётгани, фалсафа машъалининг сўниб бораётганини бутун вужуди билан англаган, идрок этган ва бундан қаттиқ изтироб ва даҳшатга тушган одам. Бу одам бугунги даврда – глобаллашувнинг шиддатли, ҳеч қандай қудратли куч олдини ололмайдиган цунамилари, тўфонлари, зилзилалари дунёни ларзага солаётган даврда ҳам ҳанузгача огоҳлик бонгини уриб юрибди…
Фридрих Нитшенинг мастонавор, девонасифат, исёнкор ва ғалаёнли руҳияси Шарқ мутафаккирларининг кўпчилигида бот-бот учрайдиган ҳолат бўлган. Бу ҳолатни тасаввуф аҳли юмшатиш ва зоҳирпараст шариатчилардан жон сақлаш мақсадида “шатҳиёт”, яъни, илоҳий жазба ва бехудлик ҳолатида ихтиёрсиз равишда айтилган, шунинг учун ҳам узрли бўлган сўзлар, деб изоҳлаганлар.
Мавлоно Жалолиддин Румий фалсафани унчалик хуш кўрмаган. Унинг ўзи буни “Маснавийи маънавий”да ҳам, “Девони кабир”да ҳам таъкидлаб ўтган. Аммо қандай фалсафани? Мана буниси муҳимроқ. У Мутлақ Вужуднинг борлиқдаги жилвасини мушоҳада этолмайдиган, илоҳий ишқ жазбасидан холи, Инсоннинг гўзал ва айни пайтда зиддиятларга тўла ботин оламидан бехабар, сўқир, ҳисс-ҳаракатсиз, ишқ-муҳаббатсиз, Гёте айтганидек, қуруқ алжираш-валжирашлардан иборат бўлган, олам ва одам моҳиятини англашга ожиз фалсафани рад этади. Шунинг учун бўлса керак, у ҳам Нитшенинг “Телба”сига ўхшаб, ожиз, нотавон, ҳиссиз-ҳаракатсиз оломон дастидан фарёд чекади:
З-ин халқи пуршикояти гирён шудам малул,
Он ҳою ҳўю наъраи мастонам орзуст.
Гўётарам зи булбул, аммо зи рашки ом,
Муҳр аст бар даҳонаму афғонам орзуст.
Яъни: Бу йиғлоқи, фақат шикоят қилишдан бошқа нарсани билмайдиган бу халқдан безор бўлдим. Мастларнинг наъраю фарёдларини эшитишни хоҳлайман. Булбулдан ҳам яхшироқ сайрайман, аммо омманинг рашку ҳасадидан оғзимга муҳр урганман ва фарёд этишни (овозимни чиқаришни) орзу қиламан.
…Бир куни тулки узумзорлар ичидан ўтаётиб, етилиб, ғарқ пишган ва қуёшнинг заррин нурларидан ялт-ялт товланиб турган бир бош энг катта узум тагида тўхтаб қолибди. Узумни узиб оламан деб, сакрабди, сакрабди, аммо мақсадига етолмабди. Шунда бечора тулкининг ҳавсаласи пир бӯлиб, “Пуфф, сассиқ узум экан-ми?!”, деганича йўлида давом этган экан… Қиссадан ҳисса шуки, тарихда инсон феноменининг меҳвари, субстанцияси – руҳият ва тафаккур оламининг бепоён узумзорларидан узум узиб олмоқчи бўлиб, муродига етолмаган ва “Пуфф, сафсата экан-ку!” – деб чиқиб кетган кишилар ҳам кам бўлмаган. Буни бутун инсоният тафаккури тарихида ожиз одамлар – агар суриштириб кўрсангиз, пул, мол-дунё ва мансабу шуҳрат учун танасинини ҳам, иймон-эътиқодини ҳам сотиб юборишга таппа-тайёр тўданинг заиф ва нотавон ақли доирасига сиғмаган, ғайритабиий ва ғайриоддий уфуқларда тафаккур суриб ўтган, чексиз-чегарасиз тахайюлоти ва тафаккуроти қаршисида оламлар ҳам тор бўлиб туюладиган ақл ва тафаккур даҳолари – Мансур Ҳаллож, Айнулқуззот, Жордано Бруно, Насимий ва Машраб фожеасида ҳам, Форобий, Ибн Сино ва Хайём сиймосида ҳам, Ибн ал-Арабий ва Мавлоно Румий тимсолида ҳам, Аттор ва Ҳофиз, Жомий ва Навоий мисолида ҳам, Николай Коперник, Леонардо да Винчи ва Галилео Галилей тақдирида ҳам, Бедил ва Аҳмад Дониш, Фридрих Нитше ва Албер Камю, Фитрат ва Чўлпон қисматида ҳам кузатиш мумкин. Инсониятнинг мутаассиб ва инквизитор ақли ғолиб чиқмаганида эди, Мансур Ҳаллож энг ваҳшиёна тарзда дорга осилиб, танаси бурда-бурда қилиниб, ўтда куйдирилиб, кули Дажла дарёсига сочилмаган, Ибн Сино дарбадарлик, қувғин ва зиндонларга маҳкум этилмаган, Жордано Бруно тириклайин ўтда куйдирилмаган, Айнулқуззот, Насимий ва Машраблар дорга осилмаган, Фитрат, Чўлпон ва Носир Усмонлар қатағонга учрамаган бўларди. Афсуски, ҳақиқий инсоний ҳаётни Хитой ва Туркия бозорлари деб тасаввур қиладиган, маънавият ва маърифат аҳли устидан кулиб, уларни телба, деб атайдиган, инсоний қиёфасини йўқотиб қўйган, жаҳолат ва разолат ботқоғига ботиб кетган, бутун яйловни ўзимники, деб ўйлайдиган сигирга ўхшаб тинмай кавшаш васвасасига тушган маънавий қашшоқ кимсалар, пул топиб, ақл топмаган бечоралар бугунги кунда ҳам истаганча топилади. Фридрих Нитше бундай кимсалар ҳақида шундай дейди:
“Мана улар, худди ваҳший ҳайвон монанд тасқаралар, уларнинг ҳирсу ҳаво ёхуд ўз-ўзини ўлдиришдан ўзга йўллари йўқ…
Бу тасқаралар ҳали одам бўлиб улгурган эмаслар; майли, уларга ҳаётга нафрат деб тарғиб қилсалар қилаверсинлар ва ўзлари жўнаб кетаверсинлар!
Уларнинг юраклари – сил: туғилар туғилмас улар жон таслим қила бошларлар ва улар ҳорғинлик ҳамда муртадликка мукка кетурлар.
Улар жон-жон деб ўлик бўлишни хоҳлардилар ва биз уларнинг бу хоҳишларини маъқуллашимиз керак! Бу ўликлар тирилмасликлари учун ўзимизни эҳтиёт тутамиз ва бу тирик тобутларга зарар етказмаслик ҳаракатини қиламиз!
Уларга ким дуч келмасин, касалми, қари-қартангми, мурдами, дарҳол унга шундай дейдилар: “Ҳаёт рад этилади!”
Яхшиямки, бугунги даврда ирқий, диний, ақидавий, миллий, сиёсий, ижтимоий ва ҳар қандай шаклдаги дискриминация давлат ва қонун томонидан маҳкум этилган. Яхшиямки, бугунги кунда инсонийлик, маърифат ва тафаккурни қадрлайдиган, эъзозлайдиган кишилар барибир, кам эмас. Акс ҳолда, бугунги даврда ҳам Ҳалложу Айнулқуззот, Бруною Насимий, Галилею Машраб, Фитрату Чўлпонларнинг аччиқ қисмати такрорланиши муқаррар эди. Акс ҳолда, Румийнинг “шайх”и куппа-кундузи чироқ ёқиб, Инсон қидиришга, Нитшенинг “телба”си эса ана шундай ёп-ёруғ кунда чироғини ёқиб, “йўқолган Худо”сини излашга тушган бўларди…
Do'stlaringiz bilan baham: |