Мен Сайди Умировга невара келинман. Бу хонадонга келин бўлиб тушганимга жуда кўп бўлмаган бўлса ҳам, додажонга меҳрим тушиб улгурган уларни қаттиқ ҳурмат қилар, яхши кўрар эдим. Улардаги инсонийлик ва камдан кам инсонларда учрайдиган меҳридарёлик,самимийлик, болаларча соддалик ва беғуборлик уларни билган ҳар қандай инсонни ўзига жалб қиларди. Додажонни йўқотишимиз оиламиз учун кутилмаган, оғир жудолик бўлди. Бу йўқотишдан кейин мен худди энди улғайгандек бўлдим. Ҳаётнинг қисқалиги, дунёнинг ўткинчилиги, инсонларнинг бир-бирига ғаниматлиги ҳақида энди чуқурроқ ўйлай бошлагандайман. Бундан илгари ҳам бобо ва бувиларим оламдан ўтишган, лекин у пайтда анча ёш бўлган ва ҳозиргидек инсонларнинг қадрини тушуна олмаган эканман. Додажоним ҳаётлик вақтларида қандай ўрнак бўлган бўлсалар, ҳатто вафотлари билан боғлиқ ҳодиса ҳам мени тарбиялашда давом этмоқда гўё. Мен Додажонимни кўпроқ оиланинг ҳурматли аъзоси сифатида биламан ва улар билан боғлиқ хотираларим ҳам оила даврасида қолган.
Додажон ҳаётни севар эдилар. Яқинлар билан дастурхон атрофида бўладиган йиғинларни қадрлар, ўзлари ҳам фаол иштирок этардилар. Йиғинларда жуда хушчақчақ, олдиларига қўйилган таомни иштаҳа билан танаввул қилар, суҳбатдошларининг сўзларини маданият, ҳурмат ва диққат билан тинглардилар. Дастурхон устида баъзида ижтимоий ҳаёт, баъзида санъат, адабиёт, спорт ҳақида суҳбатлар бошлар, баъзида эса суҳбатдошларнинг ҳеч бирига қаттиқ ботмайдиган енгилгина ҳазиллар қилиб ўзлари қаҳ-қаҳ отиб кулар эдилар. Жаҳон янгиликларидан жуда яхши хабардор, бу борада ўзларининг таъбири билан айтганда “сиёсий хушёр” эдилар. Суҳбатларда албатта ким билан гаплашётганларига аҳамият бериб, унинг қизиқишидан келиб чиқиб мавзу танланар эди. Дастурхон устида жуда узоқ, чўзилиб ўтиришни ёқтирмасдан, ўз вақтида маданият билан жуда яхши ўтирганларини айтиб энди туришга рухсат сўрардилар. Давра охирида ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлган бир пайтда улар жуда чиройли меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдиришни унутмасдилар. Ҳаттоки хизматда бўлган бизларга ҳам мазали овқат учун раҳмат айтиб “Чарчаб қолмадингизми” деб кўнгил сўраб қўяр эдилар. Баҳор келилиши билан улар билан боғлиқ хотиралар ҳам уйғонди, сабаби у инсон кўкламни севар эдилар.
...Эсимда май ойлари эди. Ёмғир кун бўйи савалади. Жуда қаттиқ қуйди бугун ёмғир, кўчаларда сел бўлиб оқди деган хаёл билан деразадан ташқарига қарасам, додажоннинг машиналари келиб тўхтади. Югуриб эшикни очдим. Додажон жиққа ҳўл, сочларидан сув томчиларди.
- Ассалому алейкум, келинг додажон, тинчликми? – хавотир олиб сўрадим шоша-пиша.
- Ва алайкум ассалом. Яхшимисиз, хавотир олманг ўзим бир кирувдим. Оёғим лой уйга кирмайман, манавини дачадан терволдим – дея бир пакетчада барглари билан терилган қип-қизариб пишган гилосни узатдилар, - ўғлингиз Жамшид яхши кўрарди. Дарахтда турганини кўриб Жамшид эсимга тушди шундай ўтиб кетолмадим.
Шу об-ҳавода эндигина икки ёшга кирган эвараси учун гилос терган саксон ёшли бобожонга қандай сўз топишни ҳам билолмай қолгандим ўша вақтда. Улар жуда болажон эдилар, катталар қаторидан қолдирмасдан кичкиналарга ҳам меҳр улашар эдилар. Шундай баҳор кунларининг бирида хабар олиш учун улар яшайдиган ҳовлига бордик. Турмуш ўртоғим, мен ва ўғлим. Додажон бу кутилмаган ташрифдан жуда қувондилар, хурсанд бўлиб тепа хоналаридан тушдилар. “Жуда яхши қилибсизлар-да келиб, бувингиз ҳам зерикиб ўтирган эди, сизлар кириб туринглар мен ҳозир” дедилар-да, орадан кўп ўтмай қўлларида бир сиқим довча билан кириб келдилар. Шошиб чайдилар, кулиб менга узатдилар: “Кўчадаги ўрик довча бўлиб қолибди, сиз учун тердим. Ҳар ҳолда егингиз кегандир деб ўйладим”. Қўлларидан довчани олар эканман уялганимдан юзларим қизарди, ўша пайтда иккинчи фарзандим туғилиш арафасида эди. Додажон узатган бир сиқим довча ҳадя этган қувонч ҳисси бир оламга татигулик бўлган эди. Кўпинча борганимда менга охирги нашрдан чиққан китоблардан берардилар, ўқиб чиқинг кейин маслаҳат қиламиз дер эдилар. Улар китобни атай мен учун берганликларини ҳис қилиб тезда ўқиб фикримни айтишга ҳаракат қилардим, улар китоб ўқиган инсонни қадрлашларини, кўпроқ ўқиш кераклигини такрор-такрор айтардилар, ҳадя қилган китобларини ўқиб бўлганимдан ич-ичларидан қувонардилар. Додажонни охирги марта кўрганимда ҳам (вафотларидан бир кун олдин) ёстиқлари остидан китоб чиқариб менга бердилар. Бу китоб ЎзФА томонидан чоп этилган “Глобаллашув: бадиий талқин, замон ва қаҳрамон” (II) китоби эди. “Ўқишга озгина ҳолим бўлмади сиз ўқиб чиқинг, кейин мен ўқийман, - дедилар, - илмий фаолиятингиз учун керакли маълумотлар бор. Мен сал ўзимга келиб олай, ёзмоқчи бўлиб юрган айрим нарсаларим бор, айтиб турсам компьютерга тушириб берсангиз”, - дедилар. Ҳаётларининг сўнгги кунларида жисм ҳолдан тойган, ранглари сўлғин кўринса ҳам, руҳан жуда иродали тутдилар ўзларини. Тузалиб кетиб яна севимли давраларга тезроқ қайтгилари, севимли машғулотлари билан яна қайта шуғулланишни жуда истардилар. Бунга ўзларини ҳам бизни ҳам ишонтирардилар. Улардаги яшашга бўлган иштиёқни кўриб тезда тузалиб оёққа туриб кетсалар керак деб ўйлаган эканман, ўлимлари ҳақидаги хабардан анча вақт ўзимга келолмай юрдим. Додажонимни улар ўтганларидан кейин онам яхши гаплар билан кўп эсладилар, гапларини орасида онам: - Шу инсон манга нима деган биласанми? Қўлларимдан маҳкам сиқиб “Сизни қаттиқ ҳурмат қиламан, бебаҳо аёлсиз” деган эдилар, дея ғурурланиб айтиб бердилар. Мен онамга додажоним ўзи ҳамманинг кўнглини шунақа гаплар айтиб кўтариб юрардилар демоқчи бўлиб қарадим, лекин индамадим, индаёлмадим, чунки онам бу гаплардан шунчалик кўнгиллари тоғдай кўтарилган, меҳнаткаш оддийгина қишлоқ аёли бундай самимий илиқ гапларни кўп ҳам эшитмаган, яна кимсан республикада кўзга кўринган журналист, олим одамдан эшитганлигидан фахр туйғусини ҳис қилаётган эди. Ким билсин бу гапларни мандан бошқа кимларгадир айтиб мақтаниб юрган бўлиши мумкиндир, деган хаёл миямга келди, шунинг учун ҳам кулиб қўя қолдим. Додажон кимга қандай гапни айтишни, нима деб кўнгил кўтаришни жуда яхши билар эдилар. Ҳаттоки уларнинг ижобий фикрларидан онамга ўхшаб бир умрга куч олиш мумкин эди.
Додажоним уйда биз каби ёш оилалар учун чин маънода ибрат олишга арзигулик фазилатлар соҳиби эдилар. Ҳозирги кун учун долзарб бўлиб бораётган меҳр-муҳаббат, оилада ўзаро ҳурмат каби инсоний туйғуларни улардан ўрганардик. Бу туйғуларни узундан узоқ насиҳат қилиб эмас, ўз хулқларида қўллаб кўрсатиб берардилар ва чин маънода улардан ўрнак олиш мумкин эди. Бувижоним (турмуш ўртоқлари)ни қаттиқ ҳурмат қилар, асраб-авайлар, ҳеч қачон ёлғиз қўймас эдилар. Шу ҳислатлари билан боғлиқ мени ҳайратлантирган яна бир воқеа кўз олдимга келди: Додажонимнинг охирги пайтларда хасталик туфайли анча иштаҳалари ёмонлашган эди. Мен уларга овқат сузиб келгандим, уни ичкилари келмаётганини айтиб қайтардилар.
Бувижон, сиз айтсангиз ичадилар овқатни айтиб кўринг, - дедим бувижонимга.
Кексайиб қолган бувижон секин бориб додажоннинг ёнларига ўтирдилар:
Дадаси, нимага овқат ичмаяпсиз? Сиз ичмасангиз мен ҳам ичмиман, - дедилар.
Хўп, хўп, онаси сан ичвол овқатингни, оч қоласан, мана мен ҳам ичяпман қара, - дея ўзларини мажбурлаб бир-икки қошиқ кўтардилар.
Ўзлари кекса ҳолида ҳам, ҳаста ҳолида ҳам бир-бирини авайлаётган бу икки нуроний чеҳраларга қараб кўзимга ёш келди, секин турмуш ўртоғимга қарадим, улар ҳам бу манзарадан кўзларига ёш олиб менга қараётган эканлар. Биз бир-биримизга шундай қарадикки, нимани ўйлаётганимизни аниқ тушунган эдик. Ёш бўла туриб шу кекса инсонларчалик бир-биримизга меҳр кўрсатмаган, охирги марта қачон“овқат емасангиз мен ҳам емайман” деганимизни эслай олмаётганимиздан уялётган эдик.
Додажонимдан ўрганганларимиз бизнинг кейинги ҳаёт йўлимизда ҳам ҳали кўп асқатишига ишонамиз ва уларга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қиламиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |