Ишнинг иккинчи боби «Ономастика терминларининг луғавий-маъновий хусусиятлари» деб номланган.
Ўзбек ономастикаси терминларини уч гуруҳга ажратиш мумкин: 1. Баъзи тарихий-анъанавий терминлар. 2. Ўзбекча терминлар. 3. Русча-байналмилал терминлар.
Тарихий-анъанавий терминлар. Ономастика илмий соҳа сифатида янги бўлса-да, «номлаш», «ном бериш», «аташ», «исм бериш», «от қўйиш», «ном бериш» каби ҳодисалар жуда қадимий удумлардир. Булар ҳақида кўпгина кўҳна манбалар, этнографик адабиётларда қимматли маълумотлар бор.
Туркий тилларда «ном» маъносидаги «от» сўзи жуда қадимий даврлардан маълум. Қадимий туркий тилда от сўзи: от (исм, ном), от (ҳайвон номи), от (отмоқ), от (юраги отди – юраги уриб турибди) маъноларини ифода қилган1. Бу сўзнинг ономастикага тегишли от ғғ од (аd) шакли: 1) исм; 2) умуман ном; 3) унвон, титул маъноларини англатган2. Исм маъносидаги от сўзи at al – исмга эга бўлиш, at ata – исм бериш, at ber – исм бериш, ati kotrulmus – оти юксалди, машҳур бўлди, at qоy – от қўй, at tut – исмли бўлиб юрмоқ каби бирикма, иборалар таркибида келган3.
М.Кошғарий а:т сўзи – исм, от ва лақаб, унвон маъносида қўлланишини кўрсатган4. Ушбу муаллиф атадi – феълини шундай изоҳлайди: «ол аңар ат атадi – у унга бир лақаб берди. От қўйиб аташга ҳам бу сўз қўлланилади»5. XII-XIII аср ёзма обидаси бўлмиш «Тафсир» тилида ат (от) I – исм, ном; ат II – ҳайвон номи ва ат – отмоқ, улоқтирмоқ; ат III – ёришмоқ, тонг отмоқ омонимлари қайд қилинган1. Номлаш жараёнини атан – исмли бўлмоқ, ата – исм бермоқ, номламоқ сўзлари ифодалаган2.
Юқорида қайд қилинган манбаларда исм, ном лексемалари учрамайди. Шу нарса ҳам характерлики, адаш сўзи (бирдан ортиқ шахслар исмининг ўхшаш, бир хил бўлиб қолиши) «Древнетюркский словарь»да, шунингдек, «Девону луғатит турк»да «дўст, ўртоқ» деб изоҳланган3. «Тафсир» лексикасида ат II сўзига ат ташi (отдоши) келтирилиб, «адаш» - бир хил исмли изоҳи берилган4.
Арабча исм, форсча ном лексемалари ўзбек тилига кейинчалик, XIII асрлардан кейин кирган бўлиши мумкин. Чунки XIV асрларга оид Хоразм ёзма обидалари тилида ат сўзи билан бир қаторда исм, номдор лексемалари учрайди5.
Навоий тилида исм, ном сўзлари от сўзи билан параллел қўлланилган. Исм сўзидан исмлик (номли, номга эга бўлган)6 сўзи ясалган. Ушбу манбада негадир ном сўзининг ўз маъноси эмас, кўчма маъноси изоҳланган: ном – обрў, эътибор, шуҳрат, номус7. Ушбу сўз негизида ясалган номвор (ном чиқарган, машҳур), номдор (донгдор), номдорлик (машҳурлик), номжўй (шуҳратпараст), номзод (унашилган, олдиндан белгиланган), номий (номли, шуҳратли)8 сўзларининг мавжудлиги ном сўзи ХV аср тилида анча серистеъмол бўлганидан дарак беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |