13.5. Маиший хизмат соҳасини прогнозлаш
Мустақилликнинг сўнгги йилларида маиший соҳа жадал ривожланмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, кўрсатилаётган хизматлар тури ва ҳажмини кўпайтириш, буюртмаларнинг бажарилиши муддатини қисқартиришда, аҳолининг у ёки бу талабини прогнозлаш муҳим аҳамиятга эга. Маиший хизмат кўрсатиш соҳасини прогнозлашнинг қийинчилиги шундаки, унга таъсир этувчи омилларнинг кўплигидир. Бу омиллар қуйидагилар: оиланинг маиший жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси, устки кийимлар ва оёқ кийимларининг миқдори, ушбу кийимларни тайёрлаш учун сарфланадиган материаллар миқдори ва бошқалар.
Маиший хизматларга бўлган талабни прогнозлашда кўпинча иқтисодий математик моделлардан фойдаланилади. Бу модел ёрдамида маиший хизматларга бўлган талабни прогнозлашда, талабни ташкил этувчи кўплаб омилларни инобатга олиш керак бўлади. Бу усулнинг моҳияти шундаки, прогнозлаштириладиган хизматлар ҳажми ёки талаб ҳажми мустақил ўзгарувчиларга боғлиқдир. Ушбу омиллар хусусияти шундаки, улар статистик маълумотлар билан тўғри боғланишга эга.
Масалан, кимёвий тозалаш корхонаси хизматига бўлган талабни аҳоли даромади даражасига боғлиқ деб, бир омилли чизиқли кўринишга келтирамиз. Y=a0+a1x1.
Бу ерда У – киши бошига тўғри келадиган бир йиллик кимёвий тозалаш хизмати, а0, а1 – тенглик параметрлари, х1 – кийимлар сони. Ҳозиргача бўлган даврнинг ҳар бир кишининг йиллик даромади маълумотлари асосида тенглик параметрларини белгилаб келажакдаги хизматлар ҳажмини прогнозлаш мумкин.
13.6. Олий ўқув юртлари мутахассисларини прогнозлаш
Юқори малакали мутахассисликларни тайёрлашни прогнозлаш жамият келажакда уларга бўлган талабни баҳолайди, уларни тайёрлаш учун бўладиган харажатни белгилашда ёрдам беради.
Юқори малакали мутахассисларга бўлган талабни баҳолашда, натижалар шуни кўрсатадики у кўп омилларга боғлиқ бўлиб, омиллар ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш муҳимдир.
Битирувчи мутахассислар ва уларга таъсир этувчи омиллар таъсирини яққол кўрсатиш ва олинадиган натижалар аниқлигини ошириш мақсадида, битирувчи мутахассисларни прогнозлашда кўп омилли регрессион таҳлил усулидан фойдаланилади. Чизиқли кўп омилли регрессия тенгламасини кўриб чиқамиз:
Y=a0+a1x1+a2x2+a3x3+a4x4
Бу ерда У – олий мактабдаги битирувчи мутахассислар сони, х1 – умумий таълим муассасаларида таҳсил олувчилар сони, х2 – академик лицей ва касб-ҳунар коллежи битирувчилари сони, х3 – ишчи-хизматчилар ўртача йиллик сони, х4 – ихтиролар ва рационал таклифлардан иқтисод қилинган маблағ миқдори.
Do'stlaringiz bilan baham: |