Таянч сўз ва иборалар Пул кредит секторининг таркиби. Пул воситаларининг окими. Таҳлилий ҳисобот. Молиявий ташкилотлар. Давлатнинг тулов воситаларини яратувчи молиявий муассасалар. Пул яратмайдиган молиявий муассасалар. Пул-кредит назорат килувчи ва пул депозит банклари. Захира пуллари. Хорижий валюта захиралари таҳлили. Пул массаси, давлат секторининг иқтисодий таҳлили. Шахсий сектор. Пул депозит банки. Пул кредит масаласи. Молиявий агрегатлар. Пул массаси миқдори таҳлили. Пул-кредит пассивларини текшириш. Активлар. Умумий ташки сальдо. Реал окимлар. Молиявий окимлар. Банк тизими активлари. Хорижий валюта депозитлари. Пул агрегатлари таҳлили.
7-БОБ. ИШСИЗЛИК ВА ИНФЛЯЦИЯ ДАРАЖАСИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ТАҲЛИЛИ
РЕЖА: 7.1. Аҳоли бандлиги сиёсати, усуллари ва йўналишлари 7.2. Ишсизликнинг келиб чиқиш сабаблари, турлари, асосий мезонлари ва кўрсаткичлари 7.3. Инфляциянинг моҳияти ва турлари ва ҳисоблаш усуллари
7.1. Аҳоли бандлиги сиёсати, усуллари ва йўналишлари Аҳоли бандлигини муайян даражада барқарор ушлаб туриш ҳар қандай мамлакат олдида турган мураккаб вазифалардан саналади. Бандлик соҳасида бозорнинг ўзини ўзи автоматик суратда тартибга солиш жараёнига таъсири ҳар доим ҳам сезилмайди. Шу сабабли бозор иқтисодиётига йўналтирилган барча мамлакатларда доимий, бандлик соҳасига таъсир кўрсатиш шакллари ва воситалари жиҳатидан эгилувчан чораларни қўллаш асосида бандликни тартибга солиш сиёсати амалга оширилмоқда. Аҳолининг тўлиқ ва самарали бандлигини таъминлаш ҳар қандай демократик жамиятнинг муҳим вазифаларидан биридир.
Бандлик сиёсати – бу жамият ва унинг ҳар бир аъзосининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бевосита ва билвосита таъсир этувчи чора тадбирлар йиғиндисидир.
Бандлик соҳасидаги давлат сиёсати иккита асосий вазифани ҳал қилишга қаратилган: биринчидан, амалда инвестицияланадиган капиталнинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжини қондириш. Жадал ва фойдали амал қиладиган капитал ишчи кучидан самарали фойдаланишнинг энг муҳим далилидир; иккинчидан, меҳнатга лаёқатли аҳолини кишиларнинг меъёрдаги ҳаёт кечиришларининг муҳим шарти сифатида иш жойлари билан таъминлаш.
Давлат меҳнат бозорида икки турдаги сиёсатни, яъни пассив ва актив сиёсатни амалга ошириши мумкин. Пассив сиёсат иш излаётган фуқароларни рўйхатга олиш, ишсизлик нафақасини тайинлаш, уни тақдим қилиш тизимини ташкил этиш, ишсизлар ва уларнинг оилаларини қўллаб қувватлашнинг пулсиз шаклларини амалга ошириш билан чекланади. Актив сиёсат – ривожланган мамлакатлар меҳнат бозоридаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади. Бу сиёсат асосий тадбирларига қуйидагилар киради:
-давлат томонидан иқтисодиётга инвестицияларни рағбатлантириш, бу янги иш ўринларини яратишнинг асосий шарти ҳисобланади;
-таркибий ишсизликни қайта ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этиш;
-меҳнат бозорида воситачилик қилаётган меҳнат биржалари ва бандликка кўмаклашиш марказлаини ривожлантириш;
-кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликка кўмаклашиш, бу кўплаб мамлакатларда аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим услуби сифатида ўрганилмоқда;
-зарурат туғилганда, иш топиш учун яшаш жойини ўзгартиришда кўмаклашиш;
-давлат секторида таълим, тиббий хизмат, коммунал хўжалиги, жамоатчилик бинолари ва иншоотлари қуриш соҳаларида ишчи ўринларни яратиш.
Шу ўринда иш билан бандликни ижтимоий иқтисодий ҳодиса сифатида таърифлаш мумкин, яъни фуқароларнинг қонун ҳужжатлариги зид келмайдиган ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи ёки меҳнат даромади келтириладиган фаолиятдир.
Иқтисодиётни модернизациялаш босқичида Ўзбекистонда актив бандлик сиёсатига ўтиш ҳаётий заруратдир. Актив бандлик сиёсати – бу давлат томонидан ишсизлик даражасини пасайтириш мақсадида олиб бориладиган ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий чора тадбирлар йиғиндисидир.
Шундай қилиб, меҳнат бозорини тартибга солиш сиёсати иқтисодий сиёсатнингажралмас қисми бўлиб, у қуйидаги мақсадлар учун хизмат қилади:
-иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни рағбатлантириш ва бўшаган ишчи кучини қайта тақсимлаш жараёнини тезлаштириш;
-ишсизларни иложи борича тезроқ ишга жалб этиш;
-иш излаётган ҳар бир кишини иш билан таъминлаш.
Шунинг учун аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида олиб борилаётган сиёсатни қуйидаги йўналишлар бўйича амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:
-инсон ресурсларини янада фаолроқ ривожлантириш;
-фуқароларни янги иш жойлари ва ўз-ўзини иш билан таъминлаш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;
-аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида олиб борилаётган фаолиятни ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг бошқа йўналишларидаги фаолият билан мувофиқлаштириш;
-ишчи кучига бўлган талаб ва таклифнинг ҳам таркибий ҳам касбий жиҳатдан баланслашувига кўмаклашиш;
-қишлоқ жойларида ишчи кучи ҳаракатланишини ва малакасини оширини рағбатлантириш, шунингдек, уй-жой бозорининг шаклланишини тезлаштириш;
-янги иш ўринларини яратиш суръатларини аҳоли ўсиш суръатларига яқинлаштириш;
-аҳолини иш билан таъминлаш ва ишчи кучи миграцияси муаммоларини ечишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.