Инсон тараққиёти концепцияси
Режа:
Иқтисодий ўсиш ва инсон тараққиёти
Инсон капитали назариясининг шаклланиши ва ривожланиши
Халқларнинг хақиқий бойлиги - одамлар
Иқтисодий ўсиш ва инсон тараққиёти
Юқорида қайд қилинганидек, иқтисодий ўсиш ялпи ички махсулот ижобий динамикаси асосида миллий ишлаб чиқариш реал хажмининг узоқ муддатли ўзгаришидир. Миллий ишлаб чиқариш реал хажмининг барқарор ўсиши эса иқтисодиёт тармоқлари ривожланганлиги даражасига боғлиқдир.
Жаҳон мамлакатлари ўз ривожланиш даражаси бўйича одатда қуйидаги босқичларда деб ҳисобланадилар:
● иқтисодий ривожланишнинг саноат ривожланишидан олдинга босқичида. Бу босқичда иқтисодий ривожланишнинг асосий харакатлантирувчи кучи иқтисодиётнинг аграр сектори хисобланади;
● иқтисодий ривожланишнинг саноат ривожланиши босқичида. Бу босқич асосини саноат ишлаб чиқариш ва фан-техника тараққиёти ташкил этади;
● иқтисодий ривожланишнинг саноат ривожланишидан кейинги босқичида. Бу босқичда юқори фан сиғимига эга тармоқлар, шу жумладан ахборот технологиялари биринчи даражали аҳамият касб этади.
Саноати ривожланган жамият назариясига кўра, бошланғич босқичда саноат секторининг ўсиши асосан оммавий ишлаб чиқариш ҳисобига таъминланади. Фан-техника тараққиёти юқори технологияли тармоқларни ривожлантиришни рағбатлантиради, ишлаб чиқаришнинг механизациялаштирилиши ва автоматлаштирилиши ходимлар малакасига талабни оширади. Меҳнат жараёнлари механизациялаштирилиши ва автоматлаштирилиши натижасида мазкур тармоқдан бўшатилаётган хордимлар хизмат соҳасига ўтадилар ва жамият босқичма-босқич саноат ривожланишидан кейинги ҳолатга ўтади.
Саноати ривожланган жамятида иқтисодий ўсиш ва инсонни ривожлантириш хусусиятига саноатдаги таркибий ўзгаришлар таъсир кўрсатади. Жахондаги кўпгина мамлакатларнинг тажрибаси саноатни ривожлантириш таркибий ўзгаришларнинг уч босқичи орқали рўй беришидан далолат беради:
1. Меҳнат сарфи юқори бўлган ишлаб чиқаришни ривожлантириш. Ушбу жараён, бир тарафдан, иш хақи даражаси паст бўлишини назарда тутади, бу ўз навбатида оилаларнинг даромадига ва инсонни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатади. Иккинчи томондан, иш жойлари сонининг кўпайтирилиши иш билан бандликни рағбатлантиради. Бу аҳоли сони барқарор юқори даражада кўпайиб борадиган ҳамда фан ва технология етарли даражада ривожланмаган кўпгина ривожланаётган мамлакатлар учун хосдир. Айни пайтда кўп меҳнат сарфи талаб қиладиган тармоқларнинг устуворлиги инсонни ривожлантириш даражасини мутаносиб тақсимлаш муаммосини ҳал этишга ёрдам беради.
2. Капитал сиғими юқори бўлган ишлаб чиқаришларни ривожлантириш иш хақи ва даромад даражаси юқорироқ бўлишини таъминлайди, бу эса инсонни ривожлантириш имкониятларини кенгайтиради. Айни пайтда бундай ривожланишда ушбу ишлаб чиқаришлардаги капиталнинг улуши иш кучи салмоғидан юқори бўлади. Бу эса иш билан бандликка салбий таъсир кўрсатади.
3. Фан сиғими юқори бўлган ишлаб чиқариш юқори капитал сиғими хусусиятига эгадир. Юқори меҳнат унумдорлиги ва рентабеллик инсонни ривожлантириш салохиятини сезиларли даражада оширишни таъминлайди.
Ўзбекистонда маъмурий-буйруқбозлик тузумидан бозор иқтисодиётига ўтишда Президент И.А.Каримов томонидан ишлаб чиқилган, “ўзбек модели” номини олган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур моделнинг принциплари қуйидагилардан иборатдир:
● иқтисодиётни мафкурадан холи этиш, унинг сиёсатдан устунлигини таъминлаш;
● давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини бажариши, яъни ислоҳотлар ташаббускори бўлиши ва уларни мувофиқлаштириб бориши;
● қонун устуворлигини таъминлаш;
● кучли ижтимоий сиёсат юритиш;
● ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил олиб бориш.
Мамлакатда бу илмий асосланган, пухта ишлаб чиқилган ва собитқадамлик билан изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ишлаб чиқариш оммавий равишда пасайиб кетиши, ички ва ташқи давлат қарзи ҳаддан ташқари ортиши, аҳолининг турмуш даражаси кескин камайишига йўл қўйилмади.
1997-2003 йилларда мамлакат иқтисодиёти йилига 3,8 % – 5,2% ўсиш даражасида ривожланиб борди. 2004 йилдан бошлаб қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлаштирилиши натижасида Ўзбекистонда йилига 7,0 % – 9,0% даражасида барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиши суръатлари 2008 йилда 9,0%, 2009 йилда - 8,1%, 2010 йилда эса 8,5%, 2011 йилда 8,3 % ни ташкил этди.
Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда қўлга киритилган натижалар Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа нуфузли халқаро молия ташкилотлари томонидан юксак баҳоланмоқда. Халқаро валюта жамғармасининг баҳолаш миссияси баёнотида жумладан бундай дейилади: “Ўзбекистон жадал ўсишга эришди ва глобал молиявий инқирозга қарши самарали чоралар кўрди. Кейинги беш йилда Ўзбекистонда ўсиш суръатлари ўртача 8,5 % ни ташкил этди ва бу Марказий Осиёдаги ўртача ўсиш кўрсаткичидан юқоридир”.
2011 йилда 2000 йилга нисбатан милилй ялпи ички маҳсулот ҳажми икки баробарга (харид қобилияти паритети бўйича ушбу даврда ЯИМ нинг ўсиши 2,6 ортди), аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 1,7 маротабага кўпайди. 2000-2011-йиллар мобайнида ялпи ички маҳсулот ҳажми 2,1 баробар ошди. Мазкур кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг иқтисодиёти жадал ривожланаётган мамлакатлари қаторидан жой олди.
Do'stlaringiz bilan baham: |