жадвал
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларининг акс этиши
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси
|
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
|
1-модда. Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар.
2-модда.Ҳар бир инсон ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши зарур.
7-модда. Барча одамлар қонун олдида тенгдир ва ҳеч бир тафовутсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир
|
18-модда. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
|
3-модда. Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий даҳлсизлик ҳуқуқига эга.
|
24-модда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир.
25-модда. Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.
|
5-модда. Ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги керак.
|
26-модда. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
|
8-модда. Ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиш ҳуқуқига эга.
|
19 модда. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари даҳлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
|
17-модда. Ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга.
|
36-модда. Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.
|
18-модда. Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга.
|
29-модда. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
|
20-модда. Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга.
|
32-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
|
23-модда. Ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга.
|
37-модда Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
|
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” деб алоҳида таъкидланган (43-модда).
Конституциянинг учинчи бўлими ўзига хос ҳисобланади, унинг асосий мақсади - фуқаролик жамиятининг анъаналарини тиклаш, ижтимоий бирлашмалари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари мақомини ҳуқуқий тарзда расмийлаштириш, уларнинг реал ва барқарор ривожланишини таъминлашдан иборат.
Демократия ва инсон ҳуқуқларининг конституциявий асоси умуминсоний ва миллий қадриятлар бирлигини ифода этади. Ўзбекистон ўз маданиятининг бой салоҳиятига мувофиқ инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон халқаро стандартларга интилишга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон босқичма-босқич инсон ҳуқуқларини ижтимоий тараққиёт ва барқарор ривожланишнинг асоси сифатида тикламоқда. Халқаро ҳуқуқ конституциявий қурилишнинг муҳим манбаси сифатида белгиланган. Бу дегани, Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, демократия идеаллари, фуқаролик жамиятини, миллатлараро тинчликни таъминлашга содиқликни билдиради.
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий ривожланишида икки алоҳида босқични кўрсатиш мумкин. Уларнинг ҳар бири мамлакат тарихида ўзига хос ўринга эга.
Биринчи босқич - 1991-2000 йиллар: бирламчи конституциявий ислоҳотлар ва миллий ҳуқуқий давлатчилик ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётининг асосларини шакллантириш босқичи. Бу босқичда Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётининг конституциявий асослари белгилаб олинди, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, уларга риоя қилиш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсати шаклланди. Айнан шу йилларда Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олтита асосий ҳужжатига қўшилди.
Конституциявий ривожланишнинг биринчи босқичи хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
• мамлакатда барқарор конституциявий тартиб ўрнатилди. Барча давлат органлари Конституция доирасида шаклланган ва амал қилмоқда. Парламент ва Президент сайловлари ҳамда маҳаллий сайловлар буни яққол кўрсатди. Демократик эркин сайловлар орқали мамлакатнинг сайлов корпуси томонидан давлат ҳокимияти бу даражада легитимация қилиниши Ўзбекистон тарихида ҳали бўлмаган;
• иқтисодий соҳада мулкчиликнинг барча шакллари, жумладан хусусий мулкнинг тенглиги, тадбикорлик эркинлиги ўрнатилиб, Конституция ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларининг ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар ва кафолатлар яратиб берди. Барқарор иқтисодий ривожланиш давлатнинггина эмас, балки жамиятнинг ҳам вазифасига айланди. Чунки кучли ва очиқ фуқаролик жамияти иқтисодий фаолият эркинлигисиз мавжуд бўла олмайди;
• сиёсий соҳада ҳам Конституция ҳуқуқий давлатчиликнинг энг зарур мезонларига мувофиқ тарзда эркинлик ва демократияни етарли даражада таъминлаб берди. Мамлакатда сиёсий ва мафкуравий ҳурфикрлик, сўз ва ахборот эркинлиги ўрнатилди. Фуқаро жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган барча сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлди.
• давлат тузилиши соҳасида ҳуқуқий даватчиликнинг муҳим белгиси - ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципи асосида давлат органлари тизими шакллантирилди.
2001-2010 йилларни қамраб олган иккинчи босқич фаол конституциявий ҳуқуқ ижодкорлиги даври бўлди. Бу босқичнинг хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
• қонун қабул қилишда умумдавлат манфаатлари ва маҳаллий манфаатларни эътиборга оладиган икки палатали парламентни шакллантириш ва амал қилиш асосида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг роли ва таъсири кучайтириш;
• сиёсий партиялар ва фуқаролик институтларнинг муҳим давлат қарорларини қабул қилишдаги роли ва таъсирини кучайтириш, давлат тузилмалари фаолиятининг мониторингини амалга оширишда нодавлат ташкилотларнинг обрўси ва аҳамиятини ошириш;
• суд тизимини либералаштириш ва инсонпарварлаштиришга қаратилган туб ислоҳотлар, ўлим жазосини бекор қилиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, “хабеас корпус” институтини жорий қилиш, адвокатура ролини ошириш;
• инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида кенг маърифий ишларни олиб бориш.
Бу босқичда конституциявий ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи органи - икки палатали Олий Мажлис шакллантирилди. Президент ваколатларининг бир қисми Сенатга берилиши ҳамда Бош вазир ҳуқуқ ва ваколатларининг кенгайтирилиши, икки палатали парламент ваколатини кенгайтириш ва қонун чиқарувчи ҳамда ижроия ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанатни сақлаш билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этди.
Ўзбекистонда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг механизмлари яратилган ва самарали амал этади. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг тизими: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Фуқаролик жамиятини шакллантириш мониторинги бўйича мустақил институт, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлигида махсус ташкил этилган инсон ҳуқуқлари бўйича бўлинмалар фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича изчил ва тизимли сиёсатнинг асосий йўналишлари белгилаб олинган. Улар қуйидагиларни назарда тутади:
• инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган қонунчилик хужжатлари ижросини таъминлаш, шунингдек бу соҳадаги ҳуқуқий асосни такомиллаштириш бўйича зарур чоралар кўриш;
• инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларнинг ахволини доимий ва комплекс мониторингини олиб бориш;
• фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш, уларни ишга жойлаштиришга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатиш, тадбиркорликнинг турли шаклларини, айниқса қишлоқ жойларида ривожланириш;
• нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий аҳборот воситаларининг мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишларини дастаклашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;
• БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги органлари ва тузилмалари билан халқаро ҳамкорликни янада такомиллаштириш.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида қўйилган энг муҳим қадамлар қаторида қуйидаги алоҳида таъкидлаш керак.
2008 йил 1 январдан эътиборан ўлим жазоси тўла бекор қилинди. Ўзбекистон парламенти Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг ўлим жазосига тааллуқли Иккинчи Факультатив протоколини ратификация қилди. Ўзбекистон Иккинчи Факультатив протоколни ратификация қилган жаҳондаги 67-давлат бўлди.
Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг “Ўлим жазосини қўллашга мораторий эълон қилиш” резолюциясини қўллаб-қувватлади ва Ўлим жазосига қарши 4-бутунжаҳон конгресси ишида (2010 йил февраль, Женева) иштирок этди.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидларини тўла амалга оширишга йўналтирилган демократик институтлар – “Хабеас корпус” ва “Мираида қоидалари” ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этилди. Мазкур институтларнинг жорий этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг, унинг дахлсизлиги таъминлашнинг муҳим омилига айланди.
Судлар амалиётида яраштириш институти кенг оммалашди. Буни 100 мингдан кўпроқ кишига нисбатан яраштириш тартиби қўлланилганлиги кўрсатиб хисоблаганда турмадагилар сони 151 нафари ташкил этади. Бу МДҲ ва Европа мамлакатларида энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Кейинги 10 йил давомида мамлакатда қамоққа олинганлар, озодликдан маҳрум этиш жойларда сақланадиганлар сони икки баравардан кўпроққа камайди.
Мамлакатда сиёсий партияларнинг жамиятни демократлаштиришдаги ролини ошириш тўғрисидаги конституциявий қонун муваффақиятли амалга оширилмоқда. Халқаро сайлов стандартлари миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этилди. Халқаро ва чет эл кузатувчилари институти мустаҳкамлаб қўйилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилиш мониторингини олиб бориш парламент фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Бу Олий Мажлис томонидан қабул қилинган қонунлар амалга оширилишини парламент назоратини олиб бориш тартиби, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро конвенцияларнинг мониторингини қамраб олган.
Олий Мажлис амалиётига парламент эшитуви институти жорий этилди. 2010-2011 йилларда мамлакат парламенти аъзолари энг муҳим вазирликларнинг мамлакат томонидан БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасидаги, шунингдек Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидалари юзасидан мажбуриятлари бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тингладилар. Ушбу тажриба миллий ва халқаро саъй-харакатлар доирасида очиқлик юқори даражасини таъминлашга даъват этилган.
Бешинчи. Инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини (моиторингини) ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик фонди ва Парламент комиссияси ташкил этилди. Мазкур Парламент комиссияси Жамоатчилик фонди маблағларини бошқаради. Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш ижроия ҳокимият органлари тасарруфидан парламентга олиб берилди.
Мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий аҳборот воситаларини либераллаштириш бўйича кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чоралар комплекси амалга оширилди. Оммавий аҳборот воситаларини ривожлантиришнинг демократик талаблар ва стандартларга жавоб берадиган қонунчилик базаси яратилди. Аҳборот соҳасининг самарали амал этиши, ОАВ эркин ривожланишини, уларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ошкоралиги ва очиқлигини таъминлашда фаоллигини кучайтириш, аҳборот муҳитида замонавий аҳборот-коммуникация технологияларини жорий этишга йўналтирилган 10 тага яқин қонунчилик хужжатлари қабул қилинди.
Ўзбекистон парламенти БМТнинг Трансмиллий жиноятчиликка қарши конвенциясини тўлдирадиган Инсон, айниқса аёллар ва болалар билан савдо қилишнинг олдини олиш ва бунга барҳам бериш тўғрисидаги протоколини ратификация қилди. “Инсон савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентниннг Инсон савдосига қарши курашиш бўйича миллий ҳаракат режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Марказда ва махаллий миқёсда фаолият олиб борадиган идоралараро комиссия ташкил этилди. Инсон савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича реабилитация маркази иш бошлади.
Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши кураш бўйича конвенциясига қўшилди. Мазкур конвенция жиноятчиликнинг бу турига қарши кураш олиб бориш бўйича қўшимча таъсирчан чораларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга даъват этилган. Мамлакатда коррупция билан боғлиқ хавфларга самарали кураш олиб бориш, фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этишларини дастаклаш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.
Адвокатура институти ислоҳ этилди, суд қарорлари ижросини таъминлаш тизими, прокуратура фаолияти такомиллаштирилди, бутун суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштиришга қаратилган қатор бошқа чоралар кўрилди. Ҳимоячи ҳуқуқлари жиддий равишда кенгайтирилди. Ҳозир хатто гувоҳ ҳам адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир. Суд жараёнида айблов ва ҳимоя томонларининг процессуал ҳуқуқларини тенглаштиришни таъминлаш, адвокатуранинг ўзи ўзини бошқариш таъсирчан марказлаштирилган тизимини яратиш, адвокатлар касб малакасини оширишнинг мажбурий тизимини жорий этишга қаратилган чоралар изчил амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 5100 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Кейинги ўн йил давомида уларнинг сони 2,5 баробарга кўпайди. Фуқаролар йиғинлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар сони 10 мингдан ортиқни ташкил этади. Булар қаторида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, “Соғлом авлод учун”, “Нуроний” жамғармалари, “Ижод” фонди, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ва бошқа жамоат ташкилотларини кўрсатиш мумкин.
Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари сохасида узлуксиз таълим ва маориф тизими шакллантирилган. Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича 20 та дан кўпроқ ихтисослаштирилган журнал ва газеталар нашр этилмоқда, барча мактаблар, коллежлар ва лицейлар, олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқининг ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ўрганилади.
Ўзбекистонда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштирокини, инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш катта аҳамиятга эгадир. Фақат кейин сони 1,5 баробар, электрон оммавий ахборот воситаларининг сони эса 7 баробар кўпайиб, бугунги кунда уларнинг умумий сони қарийб 1200 тага етди. Мавжуд барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда яшайдиган миллат ва элатларнинг 7 та тилида фаолият олиб боради, шунингдек, босма материаллар ва телекўрсатувлар инглиз тилида ҳам тарқатилмоқда.
Республиканинг телекоммуникациялар тизими дунёнинг 180 та мамлакатига 28 та йўналиш бўйича тўғридан-тўғри чиқадиган халқаро каналларга эга. Юртимизда телерадиоканаллар томонидан тайёрланаётган кўрсатув ва эшиттиришлар Интернет глобал тармоғи орқали реал вақт режимида жаҳонга узатилмоқда. Умуман, Интернет тизимидан фойдаланувчилар сафи жадал суръатлар билан кенгайиб, бугунги кунда 6 миллиондан ортган.
Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида очиқ фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Улар қуйидагиларга қаратилган:
• “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига” стратегик дастурий мақсадни изчиллик билан амалга ошириш;
• аҳолининг кенг қатламлари томонидан қўллаб-қувватланаётган фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг жадал институционал шаклланиши ва ривожланишини таъминлаш;
• барча фуқаролик жамияти институтларининг демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини оширишга қаратилган фаолиятининг зарур ҳуқуқий асосларини яратиш;
• фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва хокимият тузилмалари ва фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини яратишни таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашдаги ролини кучайтириш;
• давлат томонидан “учинчи сектор”ни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари фаолиятининг ташкилий–техникавий ва иқтисодий негизини мустаҳкамлашга қаратилган қўллаб-қувватлаши очиқ, ошкора, аниқ йўналтирилган ва демократик бўлишини таъминлаш;
• инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг қонунларга, энг аввало ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини олиб бориш бўйича фаолиятларини янги даражага кўтариш.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг мамлакатимиздаги ноёб институти – маҳалла бугунги кунда кенг кўламли вазифаларни бажармоқда. Фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш улар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлашни тақозо этмоқда. Бунинг учун амалдаги тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, маҳаллаларнинг аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тизимини янада такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилади.
Маълумки, 1993 йилги Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларацияси ва Ҳаракат дастурида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш бўйича аниқ самарали ва узоқ муддатли тадбирлар яратиш мақсадида ҳар бир мамлакатда Инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқишни тавсия этилган.
Ўзбекистонда ҳам Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ҳаракат дастури ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастур энг аввало ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятни шакллантириш ва шу каби бошқа соҳаларга оид қонунларга риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини олиб боришга қаратилган чора-тадбирларни ўзида мужассам этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |