1.2. «Корхона иқтисодиёти» - иқтисодиёт фанларининг таркибий қисми ва билимлар соҳаси
“Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашдир”7. Бу мақсадга эришишда асосий омиллардан бири юқори малакали кадрларни тайёрлашдир.
Миллий иқтисодиётниг турли соҳалари учун юқори малакага эга кадрларни тайёрлашда, табиийки, таълим муассасаларида ўргатилаётган иқтисодиётга оид фанларнинг, жумладан, “Корхона иқтисодиёти” фанининг ўз ўрни бор. “Фан − табиат ва жамиятнинг тараққиёт қонуниятларини очиб берувчи ҳамда атрофдаги муҳитга таъсир кўрсатувчи билимлар системаси”8. Фан ёрдамисиз, атрофимизни ўраб турган дунё тўғрисидаги билимлар тизимини яратмасдан жамият тараққиётига эришиш мумкин эмас.
Ҳозирги иқтисодий ривожланиши босқичида миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорларида рақобатбардошлик талабларига жавоб бераолиш даражаси, меҳнат ресурсларининг ошиб бориши билан бир қаторда хомашё ресурсларининг кескин камайиб бориши шароитида билим − иқтисодий ўсишнинг асосий омилига айланди.
Кадрларнинг билимлари ва уларда махсус ноёб кўникмаларнинг шаклланиши барқарор иқтисодий ўсишнинг асосий манбаи ва ҳал қилувчи омилига айланиши “моддий иқтисодиёт”дан “интеллектуал иқтисодиёт”га − билимга асосланган иқтисодиётга ўтиш имкониятини беради.
Мамлакатнинг иқтисодий юксалишни таъминлашда инсон капитали – унинг билими, интеллекти, малака даражаси муҳим роль ўйнайди. Инсон капиталига ҳамда илмий тадқиқотларга йирик миқдорда инвестицияларнинг йўналтирилиши туфайли энг замонавий технологияларнинг ўзлаштирилиши − дунёнинг етакчи давлатларида юқори суръатларда иқтисодий ўсишни таъминлашда асосий омил бўлмоқда.
Иқтисодиёт жамият ҳолатини, ишлаб чиқариш кучларидан фойдаланиш ва уларнинг ривожланиш даражасини, фан-техника тараққиёти ютуқларидан фойдаланишни, одамларнинг маданияти ва маълумоти даражаси ва ҳоказоларни акс эттиради.
“Жаҳон тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 192 мамлакатда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳозирги даврда иқтисодий ўсишнинг 16,0 %и жисмоний капитал (ишлаб чиқариш воситалари, инфратузилма ва ҳ.к), 20,0 %и - табиий ресурслар таъминлайди. Қолган 64,0 %и инсон омили, биринчи навбатда билим ва малака даражаси улушига тўғри келади
Мамлакатимизда кўпукладли иқтисодиётнинг шаклланиши одамларнинг иқтисодий билимларга, жумладан, корхона иқтисодиётига бўлган қизиқиши сезиларли равишда оширди. Бунга сабаб − янги ҳуқуқий-ташкилий шаклдаги корхоналарнинг пайдо бўлиши, хом ашё, материал ва асбоб-ускуна етказиб берувчилар, шунингдек, бевосита маҳсулот ёки товар истеъмолчилари (харидорлар) билан замонавий иқтисодий муносабатлар вужудга келиши ва ривожланиб боришидир.
Корхона – бу ишлаб чиқариш жамоасидир. Унда инсонлар турли тарздаги фаолият билан шуғулланишади, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими юзага келади ҳамда маълум бир турмуш тарзи, маънавият ва ахлоқ нормалари шаклланади.
Иқтисодий фаолиятда рақобатчиликнинг кучайиши тадбиркорлардан − корхонанинг миллий иқтисодиётни ривожлантиришдаги ўрни ва ролига янгича ёндашишни талаб қилади. Улар бирон-бир маҳсулот (иш, хизмат)ни қачон, қаерда, кимга сотиш, нимани, қанча, қандай қилиб ишлаб чиқаришни билмоғи зарур.
“Корхона иқтисодиёти” фани иқтисодиёт фанларининг таркибий қисми ва билимларнинг мустақил соҳаси сифатида айнан шу масалаларга кўпроқ эътибор қаратади.
Корхоналар иқтисодиётининг ҳолати жамият тараққиётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Корхоналар нафақат моддий ва номоддий неъматлар ишлаб чиқарилади, айни пайтда, уларда миллий даромаднинг асосий қисми ҳам ҳосил бўлади. Улар қанчалик яхши ва самарали ишласа, мамлакатнинг иқтисодиёт кўрсаткичлари ҳамда аҳолининг турмуш тарзи шунчалик юқори бўлади.
“Корхона иқтисодиёти” фани иқтисодиётга доир фанларнинг таркибий қисми бўлган ҳолда мустақил билимлар соҳаси ҳисобланади. У бошқа иқтисодий фанлар билан узвий боғлиқ.
“Корхона иқтисодиёти” фани умумкасбий фан ҳисобланади. У “Иқтисодиёт назарияси”, “Макроиқтисодиёт”, “Микроиқтисодиёт”, “Пул, кредит ва банклар”, “Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар”, “Хорижий инвестициялар” ва бошқа фанлар билан ўзаро алоқадорликда ўрганилади.
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши ва корхоналарнинг мустақил фаолият кўрсатишларига кенг имкониятлар яратилиши билан бир қаторда кадрларнинг билим даражалари, кўникмалари ва малакаларига катта талаблар қўйилмоқда. Фан-техника тараққиёти шиддат билан илгарилаб бораётган ва рақобатчилик кескин кучаётган ҳозирги шароитда − замонавий корхоналар иқтисодиётини яхши билувчи, улар фаолиятини таҳлил эта оладиган ва унинг натижалари асосида тўғри қарорлар қабул қила оладиган мутахассисларгина муваффақиятга эришиши мумкин.
Билим даргоҳларида олган назарий билимларини амалий тажриба ва кўникмалар билан уйғунлаштириш қобилиятларига эга бўлган мутахассисгина меҳнат жамоасида ўз ўрнини топа олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |