Ернинг бонитети – ернинг ҳосилдорлигини белгиловчи сифат мезони.
Лёсс жинслари – карбонат ва кварц зарраларидан тузилган сарғиш (соғ) тупроқ.
Тупроқ эрозияси – тупроқ устки қатламининг емирилиши, унинг сув билан ювилиб кетиши (сув эрозияси) ёки шамол билан кўчиб кетиши (шамол эрозияси).
Тупроқнинг ботқоқланиши – тупроқ сувни йўқотишга қараганда кўп қабул қилишидан унинг структураси ўзгариши. Бу ҳодиса ер ости сувлари яқин жойлашган ва ёғин-сочинлар кўп бўлиб турадиган сернам зоналарда учрайди.
Тупроқнинг бирламчи шўрланиши – тупроққа сув ва чанг билан келиб қўшиладиган тузлар миқдорининг уларни ўсимликлар ўзлаштириши имкониятидан ортиб кетиши. Бу ҳодиса кўпроқ қуруқ иқлимли чўл зоналарида учрайди.
Тупроқнинг иккиламчи шўрланиши – тупроқ намлигининг буғланиши жараёнида туз моддаларининг ер бетида тўпланиб қолиши. Бу ҳодиса ер ости сизот сувлари ер сиртига яқин жойлашган мелиоратив ҳолат ёмон бўлган майдонларда учрайди.
Тупроқнинг чўлланиши – ўсимликлар қопламининг кескин камбағаллашиб, тупроқнинг янчилиши ва пайхон қилинишдан унинг донадорлиги йўқолиб, ялонғоч кўчманчи қумлар пайдо бўлиши. Бу ҳодиса қуруқ иқлимли ҳудудларга хос.
Индустриал (антропоген) саҳро – саноат чиқиндилари таъсирида ўсимликлар қоплами ҳалок бўлишидан корхона атрофида учрайдиган ялонғоч ер майдони. Бундай майдонлар, одатда, рангли металлургия корхоналари яқинида учрайди.
Тупроқ, унинг табиат ва инсон ҳаётидаги аҳамияти
Тупроқ биоген тузилишга эга бўлган ернинг сиртқи ғовак қатлами бўлиб, у табиатда ҳаёт жараёнларининг кечишида, биосферада моддалар алмашинувини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Намлик, иссиқлик ва микроорганизмлар таъсирида тупроқда органик моддалар доимо парчаланиб ва синтезланиб туради. Тупроққа аралашган ўсимлик ва ҳайвон қолдиқларидаги органик моддалар микроорганизмлар ёрдамида минералларга парчаланади. Ҳосил бўлган чиринди эса тупроқдаги мавжуд минерал бирикмалар билан бирга ўсимлик танасига ўтади ва унда ўзаро реакцияга киришиб, янги органик моддаларни ҳосил қилади. Бу органик моддалардан инсон ва ҳайвон озуқа сифатида фойдаланади. Келажакда улар ўсимлик, одам ва ҳайвон қолдиқлари билан яна тупроқка қайтади ва яна парчаланиш жараёнига учрайди. Шу аснода органик ва минерал моддалар «тупроқ →ўсимлик → ҳайвон → тупроқ» тизимидаги ёпиқ занжирда айланиб юради. Бу эса, ўз навбатида, табиий ҳолда тупроқ унумдорлигининг сакланиб туришига асос солади.
Унумдор тупроқ табиатнинг бебаҳо бойлигидир. Тупроқшунос олим В.В.Докучаев рус қора тупроғи тошкўмирдан ҳам, нефтдан ҳам, олтиндан ҳам қимматлироқдир, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, у тирик табиатни озиқ-овқат, дори-дармон ва субстрат билан таъминлайдиган ягона манбадир.
Тупроқ пайдо бўлишида она жинс тоғ тошлари ҳисобланади. Уларга ҳарорат, намлик, ўсимлик ва ҳайвонлар омилларининг узоқ вақт мобайнида таъсир кўрсатиб, нурашидан тупроқ ҳосил бўлади. Тупроқнинг ҳосил бўлишида айниқса ҳарорат ва намлик омиллари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки бу омиллар она жинсдаги ўсимлик ва микроорганизмларнинг ривожланишига, у ердаги биологик ва кимёвий жараёнларнинг жадаллашишига ва шу асосда жинснинг емирилишини тезлатишга ёрдам беради.
Ўсимликлар, бактериялар, замбуруғлар ва ҳайвонларнинг ҳам тупроқка таъсири кучли. Ўсимликлар ўзларининг илдизи ёрдамида тупроқдаги минерал моддаларни ўзлаштиради. Бу моддалар кейинчалик органик моддалар ҳолида яна тупроқка қайтиб парчаланади. Тупроқда моддаларнинг парчаланиши ва ҳаводаги эркин азотнинг ўзлаштирилиши микроорганизмлар томонидан амалга оширилади. Тупроқда микроорганизмларнинг кўплиги парчаланиш ва чириш жараёнларининг тезлигини белгилайди. Шунингдек тупроқда руй берадиган модда алмашинуви жараёнига унда яшовчи умуртқасиз ва умуртқали ҳайвонларнинг ҳам таъсири бор. Чувалчанглар, ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари тупроқдаги органик моддалар билан озиқланиб, уларни парчалайди ва тупроққа аралашишига ёрдам беради. Ер остида ин қазиб яшовчи кемирувчи ҳайвонлар тупроқнинг чуқур қатламларини қазиб, юзага чиқариб ташлаши билан унинг донадорлиги ва ғоваклигини яхшилайди. Тупроқнинг ғоваклиги, унинг сув ва ҳаво ўтказувчанлиги, иссиқлик режими ва шунга ўхшаш хоссалари ундаги биокимёвий жараёнларни тезлаштирувчи хусусиятлар бўлиб ҳисобланади.
Тупроқ табиатнинг мураккаб тузилган ҳосиласи бўлиб, у қаттиқ, суюқ, газсимон ва тирик таркибий қисмлардан иборат. Тупроқнинг қаттиқ қисми асосан минерал (лот. minera - руда) ва органик моддалардан ҳамда қаттиқ заррачалардан таркиб топган бўлиб, булар тупроқ умумий массасининг бир қисмини ташкил қилади. Унинг қолган қисмини эса тупроқ зарралари орасидаги бўшлиқларни эгаллаган сув, ҳаво ва тирик организмлар ташкил қилади. Бу таркибий қисмларнинг нисбати тупроқ унумдорлигини белгилайди. Тупроқнинг унумдорлиги кўп жиҳатдан ундаги макроэлементлар – алюминий, темир, калий, магний, кальций, фосфор, олтингургурт, кремний элементларининг бирикмалари, шунингдек унга камроқ миқдорда талаб қилинадиган микроэлементлар – мис, молибден, йод, бор, фтор ва бошқалар ҳамда органик моддалар асосини ташкил қилувчи гумус миқдорига боғлиқ.
Тупроқнинг суюқ қисми (тупроқ эритмаси) унинг ҳаракатчан таркибий қисми бўлиб, у тупроқдаги озуқа моддаларини эритади ва суюқ ҳолда ўсимлик илдизига етказиб беради.
Тупроқнинг газсимон қисми асосан кислород ва карбонат ангидридидан иборат бўлган тупроқ ҳавосидир. Бу ҳавонинг мавжудлиги тупроқда яшовчи аэроб микроорганизмлар ҳамда бошқа ҳайвонларни ҳаёт шароити билан таъминловчи омилдир.
Тупроқ тирик қисми яъни ундаги макро- ва микроорганизмларнинг аҳамияти тўғрисида юқорида айтиб ўтилди. Бу жониворлар орасида айниқса микроорганизмлар кўп бўлиб, улар тупроқ зарралари орасидаги бўшлиқларда жойлашган. Таниқли ўзбек олими М.В. Муҳамеджонов маълумотига қараганда 1 гектар унумдор тупроқдаги микроорганизмлар сони 3-3,5 млрд бўлиб, ярим метр қалинликдаги 1 гектар тупроқда уларнинг массаси 8-12 тоннага етади. Йил давомида бу микроорганизмлар авлоди 18-27 мартагача алмашади. Рус олими В.А.Ковданинг ҳисобларига кўра тупроқдаги микроорганизмлар биомассасининг йиллик йиғиндиси ўша майдондаги мавжуд ўсимликлар фитомассасига тенг. Баъзи унумдор ерларда эса ҳатто ундан 1,5-2 баравар ортиқ. Қора тупроқларда ва бошқа унумдор ерлар тупроғида микроорганизмлар биомассасининг йиллик йиғиндиси гектарига 20-50 т. га етади.
Шундай қилиб, тупроқнинг унумдорлигини таъминлашда унинг барча таркибий қисмлари иштирок этади. Шунинг учун ҳам ҳақли равишда айтиш мумкин-ки, тупроқ ўзининг бу таркибий қисмлари билан биргаликда органик ҳаётнинг манбаидир ва шу билан бирга унинг ўзи ҳам органик ҳаётнинг ҳосиласидир, бинобарин улар бир-бири билан доимо ўзаро таъсирда бўлади. Дарҳақиқат, ўсимлик тупроқдаги озиқ моддалар ва сувни ўзлаштириб ўсади ва ривожланади. Ҳайвонлар ўсимликлар билан озиқланади, истеъмол қилинган озиқ моддалар яна тупроққа қайтади ва унда парчаланиб яна ўсимлик ўзлаштираоладиган минерал моддаларга айланади. Шундай қилиб, тупроқ «ҳаёт» деб аталувчи занжирнинг муҳим ҳалқаларидан бири бўлиб, у тириклик учун зарурий омилдир.
Тупроқнинг инсон ва ҳайвонлар учун яна бир аҳамияти шундаки, тупроқ таркибидаги микроэлементлар тирик организмлар таркибида ҳам учрайди. Ҳозирги вақтда ўсимлик ва ҳайвонлар организмида 60 га яқин кимёвий модда борлиги аниқланган. Бу кимёвий моддалар биомикроэлементлар сифатида одам организмига озиқ-овқат билан тупроқдан ўтади. Одам қони таркибида аниқланган 24 хил ва она сутидаги 30 хил микроэлементларнинг барчаси инсон учун зарур моддалар бўлиб, тупроқда у ёки бу элементнинг етишмаслиги уларнинг озиқ-овкат маҳсулотларида ва демак одам организмида ҳам етишмаслигига олиб келади. Бунинг таъсирида организмда модда алмашинуви бузилиб, киши турли касалликларга чалиниши мумкин.
Тупроқнинг тирик мавжудотларга санитария-гигиена ва медицина нуқтаи назаридан ҳам катта таъсири бор. У айни вақтда кўпгина касалликларни туғдирадиган патоген микроорганизмларнинг яшаш муҳити ҳамдир. Тупроқда вабо, ўлат, ич терлама, сил, дизентерия, бруцеллёз касалликларини қўзғатувчи микробларнинг яшаши учун етарли шароит мавжуд. Шунингдек тупроқ баъзи гельминтлар, ҳашаротлар, каналар ва уларни тарқатувчи кемирувчилар учун ҳам ўзига хос инкубатор ҳисобланади. Лекин шу билан бирга тупроқ ўзидаги микроорганизмлар ёрдамида кўпгина ифлосликларни парчалаб, зарарсизлантиради. Демак, тупроқ ўзини ўзи тозалаш қобилиятига эга бўлиб, унинг бу хусусусияти биосферада моддалар айланишига асос солади.
Дунё ер ресурслари ва улардан фойдаланиш
Планетанинг умумий ер фонди 14,9 млрд гектар бўлиб, бу Ер юзининг 29% ни ташкил қилади. Ер фондининг бандлиги қуйидаги жадвалда келтирилган.
Дунё ер фондининг бандлиги кўрсаткичлари
т/р
|
Майдоннинг бандлик хусусияти
|
Эгаллаган майдони (млрд. га)
|
Умумий майдонга нисбати (%)
|
1
|
Ўрмонлар майдони
|
4,03
|
27,0
|
2
|
Ўтлоқ ва яйловлар майдони
|
2,85
|
19,1
|
3
|
Саҳро ва чўллар майдони
|
2,32
|
15,6
|
4
|
Экинзорлар майдони
|
1,9
|
12,8
|
4
|
Музликлар эгаллаган майдон
|
1,63
|
10,9
|
5
|
Дарё, кўл ва ботқоқликлар эгаллаган майдон
|
0,72
|
4,8
|
6
|
Тундра ва лесотундра эгаллаган майдон
|
0,7
|
4,7
|
7
|
Эрозияга учраган, шўрланган ва ботқоқлашган ташландиқ майдонлар
|
0,45
|
3,0
|
8
|
Аҳоли пунктлари билан банд майдон
|
0,3
|
2,0
|
Жами:
|
14,9
|
99,9
|
Жадвал маълумотларидан кўринишича, ҳозирги кунда экинзорлар майдони дунё аҳолисининг жон бошига 0,27 гектарга тўғри келади, холбуки чорак аср олдин бу кўрсаткич 0,5 гектарни ташкил қилар эди. Собиқ Иттифоқдан ажралиб чиққан Ҳамдўстлик мамлакатларида экиладиган ерлар майдони аҳоли жон бошига 0,9 гектарни, Ўзбекистонда эса суғориб экиладиган майдон 0,14 гектарни ташкил қилади.
Ривожланган Европа мамлакатлари ва АҚШ да деҳқончилик учун яроқли ерларнинг деярли барчаси ўзлаштириб бўлинган. Жанубий Америка, Австралия, Африка ва Осиё қитъаларининг баъзи минтақаларида эса ҳали ўзлаштирилиши мумкин бўлган ер ресурслари захираси мавжуд.
Дунё миқёсида аҳолининг озиқ-овқатга нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш ҳозирги замоннинг энг мураккаб масалаларидан бирига айланди. Аҳоли сонининг ўсиб бориши билан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш миқдорини ошириш, шаҳар ва қишлоқлар майдонини кенгайтириш, саноат коммуникациясини ривожлантириш ва бошқа эҳтиёжлар учун қўшимча ер ажратиш масалалари кўндаланг бўлиб турмокда. Турли мамлакатларнинг мутахассислари бу муаммо устида жиддий ишламокдалар. Рус мутахассислари Н.Н. Розов ва М.Н. Строганова (1979)* фикрига кўра келажакда Ер юзидаги деҳқончилик ерлари майдонини кўпроқ ўтлоқ ва яйловлар ҳисобидан, камроқ ўрмонлар ҳисобидан кенгайтириб, 2,66 млрд. гектаргача етказиш мумкин. Бу майдондан олинадиган ҳосил 8-9 млрд. кишини озиқ-овқат билан таъминлайди. В.А.Вашанов ва П.Ф. Лойко (1975)* маълумотларига кўра дунёда ўзлаштирилиши мумкин бўлган 750-820 млн. гектар резерв ер бўлиб, улар ҳисобидан деҳқончилик майдонларини 2,2 млрд. гектарга кенгайтириш мумкин. Бу резерв ерларнинг асосий қисми (640-660 млн.га) ривожланаётган мамлакатларда жойлашган бўлиб, уларнинг ярми Лотин Америкаси ҳудудидадир. Масалан, Аргентинада мавжуд 240 млн. гектар ҳосилдор ерларнинг фақат 30 млн. гектари (20%) экилмоқда. Ҳозирги вақтда 10 млн. аҳолиси бўлган Амазонка ҳавзасининг деҳқончиликка яроқли ерлари 1 млрд. кишини озиқ-овкат билан таъминлай олади. БМТ экспертлари маълумотига кўра 1970-2000 йиллар орасида дунё бўйича 80 млн. гектар янги ер ўзлаштирилди, шундан 56 млн. гектари ривожланаётган мамлакатларга тўғри келади. Экинзорларнинг кенгайиши айниқса Лотин Америкаси ва Тропик Африкада сезиларли даражада кўп бўлди.
Ердан фойдаланишнинг таҳлили давомида деҳқончилик қилинадиган ер майдонларини кенгайтириш имкони йўқлиги кўзга ташланади. Масалан, ЮНЕП маълумотларига кўра, янги ерлар ўзлаштирилишига қарамасдан 2000 йилга бориб жами ўзлаштирилган ерлар майдони 3,2 млрд. гектарга етказилсада, деҳқончилик қилинадиган ерлар аҳоли жон бошига 1975 йилдагига қараганда амалда икки бараварга камаяди. Бунинг сабаби демографик ўсиш жараёнида шаҳарсозлик ва саноат коммуникацияси қурилиши эгаллаган майдонлар кенгайиб боришидан ташқари кўп ерлар эрозияга учраб ишдан чиқади.
Инсоннинг хўжалик фаолияти таъсирида тупроқнинг сифати бузилиб, ҳосилдорлиги пасайиши кузатилмокда. Жамият ўзининг ривожланиш тарихида 2 млрд. гектарга яқин ерни ишдан чиқарган. Фақатгина сув ва шамол таъсирида, қум босиш ва шўрланиш оқибатида ҳар йили Ер юзида 6-7 млн. гектар ер хўжалик оборотидан чиқиб кетмокда. Бу ҳол ҳақли равишда мутахассисларни ташвишга солмоқда. Чунки тупроқнинг ҳосил бўлишига қараганда унинг майдони камайиши минглаб марта тез боради. Масалан, 10 см. қалинликдаги тупроқ ҳосил бўлиши учун 1400-1700 йил керак. Шундай қалинликдаги тупроқни сув эрозияси 20-30 йилда ишдан чиқариши мумкин. Баъзан эса бу жараён учун фақат бир марталик сув тошқини кифоя қилади.
Умуман олганда, тупроқнинг ҳолати биз унга қандай таъсир ўтказишимизга боғлиқ. Одам ўзининг деҳқончилик фаолиятида тупроқда ҳосил етиштиради ва уни йиғиштириб олади. Бу демак – у тупроқда етиштирилган органик моддаларни олиб, уни камбағаллаштиради. Айни вақтда у тупроқни ўғитлайди, алмашлаб экиш ва бошқа агротехник тадбирларни қўллайди ва шу асосда тупроқни бойитиб, унинг унумдорлигини қайта тиклайди. Бундай тадбирларнинг ўз вақтида бажарилмаслиги, фақатгина шу куннинг фойдасини кўзлаб иш тутиш тупроқни эрозияга учратиши, шўрлатиши ва ботқоқлантириши мумкин. Бундай аччиқ сабоқлар Ўзбекистон деҳқончилигида ҳам учрайди. Ҳозирги вақтда республиканинг умумий майдони 44,9 млн. гектар бўлиб, шундан 25,7 млн. гектарида деҳқончилик қилинади. Суғориладиган экинзорлар майдони эса 4,2 млн. гектарни ташкил қилади. Олдинги йилларда республикада чўл зоналарини ўзлаштириш, янги ерлар очиб деҳқончилик қилишни кенгайтириш авж олган эди. 1975-1985 йиллар давомида 1 млн. гектар янги ерлар ўзлаштирилди. Бу иш ҳатто шиорбозликкача кўтарилиб, ўзлаштириладиган ерлар яқинида «овчининг зўри шер отар, йигитнинг зўри ер очар» деган шиор ҳам пайдо бўлган эди. Лекин бу иш ўзининг кутилган самарасини бермади. Сабаби, деҳқончилик агротехникасига эътибор етарли бўлмади, алмашлаб экиш технологияси ўрнини пахта якка ҳокимлиги эгаллади. Карталар меъёрдагидан катталашиб кетди, ихотазорлар камайди, мелиорация ишлари сусайди. Оқибатда тупроқнинг эрозияга чалиниши, шўрланиш ва ботқоқланиши тезлашди, дарёлар сувининг деҳқончиликдаги сарфи кўпайди, Орол денгизи ҳалокатга учради, унинг қуриган тубидан кўтарилаётган тузли қум атроф ҳудудлар тупроғига ёғилабошлади. Шундай қилиб, йўл қўйилган бу хатоликлар оқибатида Қоракалпоғистон, Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг 90-95% майдони шўрланди. Фақатгина Бухоро вилоятида 270 минг гектар суғориладиган ерларнинг 53 минг гектари шамол эрозиясига учради. Тоғолди ҳудудларига жойлашган Фарғона водийси ва Тошкент вилоятининг кўпгина майдонлари сув эрозиясига учради.
Ҳозирги кунда ер ресурсларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида республика чорвачилиги ҳам жиддий зарар кўрмоқда. Чорвачилик учун яйлов сифатида фойдаланилаётган 22 млн. гектарнинг 6 млн. гектари шамол эрозиясига ва 3 млн. гектари сув эрозиясига учраган.
Республиканинг мустақиллик йилларидан бошлаб янги ерларни ўзлаштириш иши тўхтатилди. Кейинги йилларда пахта якка ҳокимлигидан воз кечилди, дон, беда ва пахта алмашлаб эқилиши, сувдан тежаб фойдаланиш тадбирлари ишлаб чиқилмоқда-ки, бу ишлар келажакда ўзининг ижобий натижасини беради.
Тупроқ унумдорлиги пасайишининг сабаблари
Тупроқ унумдорлиги пасайишининг асосий сабаблари унинг эрозияга учраши, озуқа моддаларининг етишмаслиги, шўрланиши, ботқоқлашиши, чўлланиши, унинг заҳарланиши, ва агротехник тадбирларнинг нотўғри бажарилишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |