Ҳўл усул кимё саноатидан чиқадиган газ ва буғсимон ташламаларни тозалашда қўлланилади.
2. Газ ва буғ ҳолатидаги токсик ташламаларни тозалаш. Газ ва буғ ҳолатидаги токсик ташламалар абсорбция, адсорбция, катализлаш, шунингдек термик усуллар билан тозалашга асосланган.
Абсорбция усули газ ҳолатидаги зарарли аралашмаларни абсорберларда турли таркибдаги суюқ абсорбентларда (ютувчи суюқликларда) юттирилишига асосланган. Бунда тозаланувчи газлар аралашмаси пастдан юқорига, абсорбент эса унга қарши юқоридан пастга ҳаракатланади. Бундай ҳаракат натижасида тозаланувчи газлар аралашмаси суюқлик орқали тозаланиб ўтади. Аралашмани аммиак, водород хлориди ва водород фторидидан тозалашда абсорбент сифатида сув ва ишқорли эритмалардан, цианли бирикмалардан тозалашда темир купороси эритмасидан, нитроз газларидан тозалашда аммоний сулфати эритмасидан, ароматик углеводородлардан тозалашда қуюшқоқ мойдан фойдаланилади.
Адсорбция усули газсимон ва суюқ саноат ташламалари таркибидаги зарарли компонентларни ультрамикроскопик тузилишга эга бўлган қаттиқ жисмларда (адсорбентларда) юттиришга асосланган. Бу жараён махсус қурилма – адсорберда амалга оширилади. Адсорбент сифатида кўпинча активлашган глинозем, активлашган кўмир, силикагел ва сланец кулидан фойдаланилади.
Каталитик тозалаш усули таркибида чанг ва катализаторни заҳарловчи моддаларни сақламайдиган саноат ташламаларидаги токсик компонентларни катализаторлар ёрдамида кимёвий парчалаб, зарарсизлантиришга асосланган. Бу жараён махсус камераларда бажарилади. Бунда катализатор сифатида платина, палладий, мис оксиди, марганец оксиди кабилардан фойдаланилади.
Термик тозалаш усули енгил оксидланувчи (ёнувчи) токсик газлар ҳамда қўланса ҳидли аралашмаларни ёндириб зарарсизлантиришга асосланган. Юқори ҳароратли аралашмаларни ёндирганда ёниш эффектини ошириш учун уларга ёниш камерасида тоза ҳаво оқими аралаштирилади, паст ҳароратли аралашмалар ёндирилганда эса ёниш йўлига қўшимча равишда табиий газ ёки кучли ёнувчан бошқа газ алангаси берилади.
Мавзуни мустаҳкамлашга доир саволлар
Атмосфера қандай манбалардан ифлосланиши мумкин?
Ҳавога зарарли моддалар ташланишининг меёрий чегараси деганда нимани тушунасиз?
Ифлословчи моддалар атмосферада қандай қонуниятлар асосида тарқалади?
Саноат ишлаб чиқаришида ифлосланган ҳаво қандай усулларда тозаланади?
Ифлосланган ҳаво қандай ускуналарда тозаланади?
Асосий адабиётлар
Гарин В.М. и др. – Экология для технических вузов. М., «Феникс», 2003
Никитин Д.П., Новиков Ю.В. – Окружающая среда и человек. М., «Высшая
школа», 1980
Новиков Ю.В. – Экология, окружающая среда и человек. М., «Гранд», 2005
Сайдаминов С.С. и др. – Инженерно-технические мероприятия по охране
окружающей среды. Тошкент, «Ўқитувчи»,1994
Ergashev A., Ergashev T. – Ekologiya, biosftra va tabiatni muhofaza qilish.
Toshkent, «Yangi asr avlodi», 2005
10 – Мавзу: Гидросфера. Табиатда сувнинг роли ва аҳамияти
Маърузанинг режаси
1. Сув ресурслари ҳақида умумий маълумот
2. Сувдан халқ хўжалигида фойдаланиш
3. Сувнинг ифлосланиши ва уни ифлословчи манбалар
4. Сув ресурсларини муҳофаза қилиш
5. Ўрта Осиёда сув ресурсларидан фойдаланиш
Мавзуга доир таянч тушунчалар
Оқовалар – саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва маиший турмушдан чиқадиган ифлос сувлар
Захкаш – суғориладиган деҳкончиликда экинзорлардан чиқадиган сизот сувлар оқадиган мелиоратив иншоот бўлиб, унинг синоними сифатида кўпинча зовур, коллектор атамалари қўлланилади.
Зарафшон воҳасининг қуйи қисми – Бухоро вилояти ҳудуди киради
«Фаол балчиқ» – сувни биологик тозалаш ҳовузи тубидаги тўшама устини қоплаган шилимшиқ парда бўлиб, у органик ифлосликларни парчалайдиган аэроб микроорганизмлардан ташкил топган.
1. Сув ресурслари ҳақида умумий маълумот
Сув табиатда кенг тарқалган бебаҳо бойлик бўлиб, у тирикликнинг асосидир. Бинобарин, дастлабки тирик ҳужайра коацерват томчилари* сифатида сув муҳитида пайдо бўлган ва эволюцион тараққиёт жараёнида улардан сувда яшовчи бир ва кўп ҳужайрали организмлар келиб чиққан.
Ер юзидаги бирор тирик организм сувсиз яшайолмайди, чунки ундаги тўқималарнинг асосий қисмини сув ташкил қилади. Масалан, 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган кишилар гавда оғирлигининг 61% ни сув ташкил қилади. Аёлларда, семиз кишилар ва кексаларда бу кўрсаткич бироз пастроқ бўлади. Одам танасидаги сувнинг 70% ҳужайра протоплазмасини, 23% тўқималараро суюқликни, қолган 7% эса қон плазмасини ҳосил қилади. Организмда сувнинг бир йўла 20-25% га йўқотилиши кишини ҳалок қилади. Сув айниқса сувда яшовчи ҳайвонлар танасида кўпдир. У, масалан, медузада гавда оғирлигининг 99,7% ни ташкил қилади.
Одам организми ўз ҳаётий жараёнларини амалга ошириши учун суткасида ўртача 2,5 л. сувни қабул қилади ва уни ўз тўқималаридан ўтқазиб, чиқариб юборади. Жумладан 400 мл. сув нафас чиқариш жараёнида сув буғи ҳолатида чиқарилади, организмдаги кўпроқ сув (1,5 литрга яқин) сийдик ва ҳожат билан чиқарилади, қолгани тер безлари орқали чиқарилади.
Одам ва ҳайвон организми бир қисм сувни эндоген йўл билан ўзи ишлаб чиқаради. Масалан, организмдаги 100 г ёғнинг парчаланишида 107 мл, 100 г углевод парчаланишда эса 55 мл сув ажралади. Қурғоқчилик шароитига мослашган ҳайвонларнинг сувсизликка чидаб яшайолиши ана шу эндоген сувнинг ажралишига асосланган. Шунинг учун ҳам саҳродаги ҳайвонлар – туя, юмронқозиқ, қумсичқонлар узоқ муддат сув ичмасдан яшайолади, австралия сичқонлари эса умр буйи сув ичмасдан эндоген сув ҳисобида яшайди.
Тирик организмларда кечадиган барча ҳаётий жараёнлар сувнинг иштирокида суюқлик муҳитида кечади. Чунончи, қабул қилинган озуқа маҳсулотлари ва кислороднинг парчаланиши, уларнинг тўқималарга етказиб берилиши ҳамда тўқималарда ҳосил бўлган чиқиндиларнинг ташқи муҳитга чиқариб ташланиши каби мураккаб биокимёвий ва биофизик жараёнлар сув ёрдамида амалга ошади.
Ердаги ҳаётнинг асоси яшил ўсимликларда кечадиган фотосинтез жараёнидир. Бу жараёнда сув асосий хомашё вазифасини ўтайди. Фотосинтезда қуёш нури таъсирида сув водород ва кислородга ажралади. Ажралган кислород эркин молекула ҳолда табиатга чиқарилади, водород эса карбонат ангидриди билан бирикиб, катта ички энергия захирасига эга бўлган органик бирикмаларни ҳосил қилади. Шу аснода тирик мавжудотлар учун озиқланиш ва нафас олиш шароити яратилади.
Сувнинг яна бир муҳим хусусияти, унда иссиқлик сиғимининг юқорилигидадир. Сувнинг иссиқлик сиғими ёғочникидан 2 баравар, қумникидан 5 баравар, темирникидан 10 баравар ва ҳавоникидан 3200 баравар юқори. Демак, 1 м3 сув бир градусга совиганда 3200 м3 ҳавони бир градусга илитади. Ўзининг бу хусусиятига кўра сув биосферада, шу жумладан одам организмида, ҳароратни муътадиллаштириб туради. Атмосферадаги сув буғлари қуёш радиациясини фильтрлаб, унинг ҳароратини 80% га ютади ва бу ҳароратни сутканинг қуёшсиз пайтларида сарфлайди. Шу асосда кун ва туннинг, ёз ва кишнинг ҳарорати ўртасидаги фарқ камайтирилади. Бундан ташқари ер юзидаги сувликлар ва улардан кўтарилаётган сув буғлари ерда иқлим ҳосил қилиши, минтақаларнинг иқлими орасида ўзаро боғлиқлик бўлишини таъминлайди.
______________________
Do'stlaringiz bilan baham: |