Сув сифатининг меёрий кўрсаткичлари. Сувнинг сифати ундан фойдаланиш турига кўра бир неча параметрларда аниқланади. Ҳозирги кунда 28-74-82 «Ичимлик суви» ва 27-61-84 «Марказлашган хўжалик ичимлик суви таъминоти манбалари» деб номланган Давлат стандартлари қабул қилинган бўлиб, уларга кўра ичимлик суви сифатининг меёрий кўрсаткичлари қуйидагича:
1. Сувнинг таъми, ҳиди, ранги махсус шкала асосида аниқланади. Лойқалик меёри- 1,5 мг/л дан, қуруқ қолдиқ 1000 мг/л, хлоридлар - 350 мг/л, темир – 0,3 мг/л, рух – 5 мг/л, сувнинг қаттиқлиги 7 мг-экв/л дан ошмаслиги шарт.
2. Сувнинг нордонлиги ва ишқорлилик даражаси – рН 6-9 оралиғида бўлиши керак.
3. Сувнинг эпидемиологик жиҳатдан хавфсизлиги: 1 мл сувдаги микроб сони 100 тадан ошмаслиги, ичак таёқчаси сони эса 1 л сувда 3 тадан ошмаслиги керак.
4. Сувнинг токсиклик даражаси мг/л ҳисобида заҳарли моддаларнинг ЧМК (ПДК) сига қараб аниқланади. Унга кўра, масалан, бериллий – 0,0002; симоб ва селен – 0,001; қўрғошин – 0,03; мишьяк – 0,05; молибден – 0,25; фтор – 0,7-1,5 дан ошмаслиги керак ва ҳ.к.
5. Сувнинг паразитологик кўрсаткичлари унинг таркибидаги патоген микроорганизмлар сони билан белгиланади. Давлат стандартига кўра бундай микроорганизмлар 25 л сувда учрамаслиги шарт.
6. Сувнинг органик ифлосланганлиги 1 л сувдаги органик моддаларни оксидлаш учун зарур бўладиган кислород миқдори (БПК)га кўра аниқланади. Кислород қанчалик кўп талаб қилинса, демак сув шунча кўп ифлосланган бўлади. Бунда иккита кўрсаткич – 5 сутка учун БПК5 , 20 сутка учун БПК20 ва кислородга бўлган кимёвий талаб – ХПК. Агар БПК/ХПК 0,5 дан кам бўлса, демак сув қийин оксидланадиган барқарор ифлословчи бирикмаларга тўйинган ҳисобланади. 1982 йилги Халқаро стандартларга кўра ХПК 4 мг/л бўлган сув юқори сифатли сув, 100мг/л бўлган сув эса ўта ифлосланган сув ҳисобланади.
Сув ресурсларини муҳофаза қилиш
Инсоният олдида турган муҳим вазифалар орасида сув ресурсларини тоза сақлаш ва улардан окилона фойдаланиш алоҳида ўрин тутади.
Сувнинг табиатда айланиб туриши нафақат сув миқдорининг барқарорлигини таъминлайди, балки унинг сифатини ҳам тиклаб туради. Текширишлар кўрсатишича, атмосфера намлиги 9-10 кун давомида тўлиқ янгиланади яъни шу давр мобайнида у тўлиқ айланади. Бу жараён дарё сувларида 12-20 кунни, кўл сувларида 200-300 йилни, денгиз сувларида 2,5-3 минг йилни ва океан сувларида эса 30-40 минг йилни ўз ичига олади. Бундан кўринадики, сув ифлосланганда унинг табиий тозаланиш жараёни узоқ муддатни талаб қилади. Халқда «Сув етти думаласа ҳалол бўлади» деган ибора бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, оқар сув ўз ҳаракати давомида қуёш радиацияси ёрдамида сув ўтлари, бактериялар ва замбуруғлар иштирокида кечадиган гидробиокимёвий жараёнлар натижасида ўз-ўзини баъзи ифлосликлардан тозалайди. Оқаётган ариқ суви бир суткада ярим, тўрт суткада тўлиқ тозаланади. Лекин унга ифлос оқоваларнинг кўп ташланиши, айниқса барқарор заҳарли моддаларнинг аралашиши сувнинг тозаланиш жараёнини сусайтиради ва уни ҳатто тўхтатиб қўяди. Шунинг учун ҳам ифлос оқова сувларни очиқ сув ҳавзаларига имкон борича ташламаслик, ҳеч бўлмаганда ташлашдан олдин уларни махсус иншоотларда тозалаш зарур.
Сувни тоза сақлаш ва ундан оқилона фойдаланишнинг бир неча усули мавжуд. Булар — техникавий усул, гидрологик-географик усул, сувдан комплекс фойдаланиш усули ва ташкилий чора-тадбирларни бажариш усули.
Техникавий усул қуйидаги ишлардан иборат:
1) сув ресурсларининг камайиб кетишига йўл қўймаслик учун дарё ва кўлларга оқова сувларнинг ташланишини имкон қадар камайтириш, кейинчалик эса бутунлай тўхтатиб қўйиш. Бу усул саноат корхоналарини сув билан таъминлашнинг янги технологиясига ўтиш, сувдан фойдаланишда ёпиқ цикл тизимини жорий қилишга асосланган. Бу вазифа анча мураккаб, лекин амалга оширса бўладиган вазифадир. Ҳозирги вақтда АҚШ ва Германиядаги баъзи саноат корхоналари, Россиядаги Челябинский металлургия заводи, Ўзбекистондаги Олмалиқ кимё заводи ва шунга ўхшаш бир қанча саноат гигиантларида сувдан фойдаланишнинг ёпиқ цикл тизимига ўтилган. Бу корхоналарда сувнинг технологик жараёнида йўқотиладиган қисмигина тоза сув ҳисобидан тўлдирилади. Бу миқдор ишлатиладиган сувнинг 10% идан ошмайди. Қолгани эса тозалашдан ўтказилиб, циклга қайтарилади;
2) оқова сувларни тозалаш усулларини такомиллаштириш асосида тозалаш иншоотларнинг иш унумини ошириш ва уларнинг қувватини кўпайтириш. Бу усул ҳозирги вақтда кўпгина жойларда қўлланилмокда. Тозалаш иншоотларида тозаланган сувлардан халқ хўжалигининг баъзи соҳаларида фойдаланиш мумкин. Масалан, улар санитария назоратидан ўтгач, деҳқончиликда ерларни суғоришда ёки аъло сифатли сув талаб қилмайдиган саноат корхоналарида фойдаланиш мумкин;
3) тоза сувни ҳар томонлама тежаш, айрим ишлаб чиқариш турларини сувсиз технологияга ўтказиш. Фан ва техниканинг ривожи саноат ишлаб чиқариши технологиясини такомиллаштириб, ажойиб ютуқларни қўлга киритди. Масалан, илгарилари 1 тонна нефтни қайта ишлашга 20-30 м3 сув сарфланган бўлса, 1957 йилда бу миқдор 7,97 м3 ни, 1960 йилда -1,32 м3 ни, 1967 йилда - 0,84 м3 ни, 1984 йилда эса 0,12 м3 ни ташкил қилди.
4) саноат корхоналаридаги агрегатларни совутишда сувни совуқ ҳаво оқими билан алмаштиришга ўтиш. Саноатда ишлатиладиган сувнинг 45% игача фақатгина совутиш мақсадларида фойдаланилади. Бу ишни ҳаво оқими ёрдамида бажариш 70-90% гача сувни тежаш имконини беради;
Do'stlaringiz bilan baham: |