ЎЗБЕК ЎҚУВ ЛУҒАТЛАРИ: ТАРИХ ВА ИЖТИМОИЙ ЗАРУРАТ
1.1. Ўқув луғатлари– ижтимоий зарурат
Ҳар бир давр фан ва таълим зиммасига муайян вазифаларни юклайди. Ўтган асрнинг биринчи чорагида она тили таълимига оммани ёппасига саводхон қилиш талаби қўйилган. Асрнинг иккинчи чорагида тилшунослик олдида адабий тил меъёрларини ишлаб чиқиш вазифаси турган бўлса, таълим зиммасида фаннинг бу борадаги ютуқларини амалиётга жорий қилиш ва оммалаштириш ижтимоий буюртмаси турар эди. Хўш, бугунги кунда таълим, аниқроғи, она тили таълимига юклатилган ижтимоий буюртма нима, таълим воситалари унга қай даражада монанд?
Яшаётган асримиз тараққиёт суръатларининг беҳад тезлашгани, интеллектуал салоҳият, тафаккур дунёда яшаб қолишнинг асосий шарти эканлиги, техниканинг мисли кўрилмаган даражада юксалиши, маънавиятнинг тамаддун гаровига айлангани билан инсоният ҳозиргача бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қилади. Бундай вазиятда таълимга қўйилаётган талаб ҳар доимгидан ҳам жиддий ва оғир бўлиши кўпчиликка аён. Негаки, глобаллашув даври, техника асрида ўқувчининг диққатини жалб қилиш, унинг ақлу идрокини тўғри ва мақсадли йўналтириш осон кечмайди. Ахборот манбалари бугунги кунда шу қадар кўп, ранг-баранг ва такомиллашганки, таълим жараёнида ўқувчига энг қулай, энг замонавий, энг қизиқарли, энг осон усул билан маълумот етказилмас экан, кўзланган натижага эришиш қийин.
Сир эмас, собиқ тузум даврида ўқувчи ва талабага билим бериш асосий ўринни эгаллаган бўлса-да, аммо уларнинг мустақил, ижодий фикрлашига йўл қўймаслик иллати мавжуд эди. Шу боис, мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ бутун мамлакат миқёсида таълим-тарбия, илм-фан, касб-ҳунар ўргатиш тизимларини жаҳоннинг илғор давлатлари тажрибасига таянган ҳолда тубдан яхшилашга эҳтиёж сезилиб, давлат аҳамиятига молик ислоҳотлар биринчи ўринда таълим тизимидан бошланди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” ишлаб чиқилди. Мактаб ва олий таълим олдига интеллектуал салоҳияти юқори, онги етук, юксак маънавиятли, ижодий тафаккур соҳибларини етиштириб талаби ижтимоий буюртма сифатида намоён бўлди. Бу эса, ўз ўрнида “…тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган илмий ва оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари, янги-янги луғатларни кўплаб чоп эттириш…”1 ни талаб этмоқда.
Луғатлар тилга доир манбалар орасида тиллараро муносабатларни таъминлаш, тилнинг грамматик қурилишини тадқиқ қилиш, тил меъёрларини белгилаш, жамият аъзоларининг миллий тафаккури, нутқ бойлигини ўстириш, ижтимоий-сиёсий онгини шакллантиришдаги бебаҳо хизмати билан алоҳида ажралиб туради. ХХ аср бошларига келиб, луғатлар таълим самарадорлигини оширишнинг муҳим омили эканлиги эътироф этила бошланди; тилшуносликда лексикографиянинг янги лингводидактик йўналишдаги ўқув луғатчилиги тармоғи пайдо бўлди. Натижада жаҳоннинг илғор давлатларида мактаб учун махсус луғатлар яратилиб, улар таълим комплексининг тўлақонли аъзосига айлантирилди.
Ижтимоий тафаккурни юксалтиришда луғатларнинг роли беқиёслиги жаҳон тажрибасида ўзини тўла оқлаган ҳақиқатдир. Инсоннинг мустақил фикрлаш, онг маҳсулини тўғри ва равон баён қилиш қобилияти, ижодий тафаккурини ўстириш ҳаракатлари, одатда, ёшлигидан бошланади. Бунда таълимий воситалар сирасида луғатлар алоҳида аҳамият ва мақомга эга. Шу маънода Ўзбекистонда кичик ва ўрта ёшдаги таълим олувчиларга мўлжалланган махсус луғатлар яратилганми, ўқувчиларининг қўлида қандай луғатлар бор, умуман луғатчиликнинг аҳволи қай даражада, деган саволнинг қўйилиши муқаррар ва ўринли.
Албатта, мустақилликка эришганимиздан кейин луғатчилик бирмунча жонланди; сиёсий, маънавий, ижтимоий жиҳатдан эскирган луғатларни қайта нашр қилиш, янгилаш бўйича каттагина ишлар амалга оширилди – тилимизнинг луғатлар хазинаси анча бойиди. Бироқ бу билан уни ривожланган давлатлар даражасига етди деб айта олмаймиз. Инглиз, француз, испан, немис, рус тилшунослиги ва тил ўрганиш амалиётида луғатчилик айни пайтда жуда юқори поғонага кўтарилган, айниқса, таълимнинг турли бўғинлари учун рангли, безакли махсус ўқув луғатлари тузиш билан шуғулланувчи тармоқ анча тараққий этган.
Ёш авлодни маънавий баркамол, ҳозиржавоб, мустақил фикрли, изланувчан, умуммиллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ қилиб тарбиялаш талаби ўқув луғатларига бўлган эҳтиёжни янада оширмоқда. Шу сабабли ўқув луғатчилиги тармоғини илмий асосда ривожлантириш, ўқув луғатларини яратиш тамойилларини ишлаб чиқиш тилшуносликнинг долзарб вазифаси сифатида кун тартибига қўйишни талаб этмоқда.
Маълумки, ҳар қандай луғатда ниманидир ўргатиш мақсади ётади. Луғатлар – борлиқнинг лисоний таснифи, унинг билиш шаклига солинган кўриниши. Луғатлар сирасида бевосита мактаб учун яратилганлари ўқув луғати номи билан юритилади ва улар махсус мезонлар асосида тузилади.
Луғатчилик тарихи бўйича олиб борилган изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, илк луғат намуналари аслида мактаб учун яратилган ибтидоий ўқув қўлланмалари бўлган. Аниқроғи, ибтидоий мактабларда луғатлар дарслик вазифасини ўтаган. Дастлабки тузилган луғатлар таҳлили ҳатто уларнинг номланиши ҳам ўқув жараёнига мосланганлигини, таълимга йўналтирилганлигини кўрсатади. Хусусан, 1500 йилда яратилган биринчи лотинча-инглизча луғатнинг “Болалар учун хазина” (“Promptulorium parvulorum”), 1487-1507 йилларда яратилган француз ва лотин тилларидаги биринчи таржима луғатларининг “Ёшлар учун изоҳнома” (“Seminarium et planetarium fructiferarum”), “Болалар учун ихчам луғат” (“Diktionariolum puerorum”) деб номланиши буни исботлайди.
Ўқув луғатларининг антик кўринишлари эрамиздан аввалги III-II асрларда Қадимги Римдан Византиягача бўлган ҳудудларда учраса, бирмунча тараққийлашган кўринишлари XV-XVI асрларда Франция, Италия, Англия, кейинчалик Россия ва бошқа Европа мамлакатларида кенг ёйилган. Дастлабки луғатларнинг юзага келишига мустамлака остидаги миллатларни ўз тилидан маҳрум қилиб, ҳукмрон мафкура тилини тез ва самарали ўргатиш эҳтиёжи сабаб бўлган, уларнинг аксарияти икки ёки кўп тилли луғатлар эди. Кейинчалик ўқув луғатлари ёрдамида муайян тил эгаларига шу тилнинг луғат бойлиги, грамматик қурилиши, имлосини ўргатишда фойдаланиш оммалаша бошлади ва шу тариқа ўқув луғатлари илғор педагогик технологияларга асосланган замонавий таълимда ижодий тафаккурни, мустақил изланиш кўникма ва малакасини одатга айлантиришнинг муҳим воситаси мақомига кўтарилди. Луғатларнинг таълим самарадорлигини оширишдаги хизмати қатор пешқадам давлатларда ўтган асрнинг ўрталаридаёқ тан олиниб, тилшуносликда ўқув луғатчилиги тармоғи юзага келган. Хусусан, рус тилшунослигида XX аср бошларида лексикографиянинг бу янги тармоғини илмий асосда ривожлантириш давлат аҳамиятига молик масала даражасига кўтарилган, айни шу масалага бағишлаб ўнлаб халқаро анжуманлар, конгресслар ўтказилган, мактаб луғатларини оммалаштириш учун давлат жуда катта молиялаштириш ишларини олиб борган. Инглиз, немис, рус мактаб ўқувчилари партаси ва китоб жавонидан ўтган асрлардаёқ дарсликлар билан бирга қатор луғатлар ҳам жой олган.
Кейинги йилларда жаҳон тилшунослигида лексикографиянинг ўқув луғатчилиги тармоғи энг ривожланган соҳага айланди.
Ўқув луғати тарихини ўрганиш ҳаракатлари Европа тилшунослигида ҳам, рус тилшунослигида ҳам умумий луғатчилик масалаларини ўрганишдан икки-уч аср кейин бошланган. Ўқув луғатларини илмий асосда ўрганиш XVII асрда биринчи инглиз лексикографи С.Жонсон, XIX аср бошларида француз тилшунослари Ж.Дюбуа, К.Дюбуа, Г.Маторе, К.Бак, испан тилшунослигида Я.Малкил ишларидан бошланади. Кейинчалик рус тилшунослигида лексикографиянинг бу тармоғини такомиллаштириш давлат аҳамиятидаги масала сифатида кун тартибига қўйилган. 1966 йилда Москва давлат университети рус тили илмий-услубий марказида Ўқув луғатчилиги сектори (кейинчалик бу сектор А.С.Пушкин номидаги Рус тили институтига кўчирилган) ташкил этилган. 1969 йилда рус тили ва адабиёти ўқитувчиларининг Биринчи халқаро анжумани ўтказилиб, унда яратилаётган ўқув луғатларини молиялаштириш, нашр ишларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.А.С.Пушкин номидаги Рус тили институти “Ўқув луғатчилиги” сектори томонидан Ленинград, Самарқанд, Минск, Тошкент, Одесса, Кембридж (АҚШ), Амерст (АҚШ) шаҳарларида симпозиум ва анъанавий анжуманлар ўтказилиб, қатор муаммолар ҳал этилган; мавзу доирасида 50 дан ортиқ илмий тадқиқотлар олиб борилган, 30 дан ортиқ мактаб луғатлари яратилган.
1976 йилнинг 23-30 январь кунлари Москвада ўқув луғатчилиги ва лексикани ўқитиш методикаси масалаларига бағишланган Биринчи умумиттифоқ анжумани бўлиб ўтади. Варшавада алоҳида “Ўқув луғатлари” маркази фаолият олиб бориб, 1976 йилнинг 23-28 август кунлари бўлиб ўтган рус тили ва адабиёти ўқитувчиларининг Халқаро учинчи конгресси (МАПРЯЛ) ҳам ўқув луғатчилигининг долзарб масалаларига бағишланади. Ана шу хатти-ҳаракатлар самараси ўлароқ рус ўқув луғатчилиги юқори поғонага кўтарилади ва улкан ютуқларни қўлга киритади. Бунда П.Н.Денисов, Л.А.Новиков, С.Г.Бархударов, В.В.Морковкин, Ю.Н.Караулов, М.А.Скопина, В.Н.Сергеев, В.А.Редкин, А.В.Текучев, З.А. Потиха, Д.Э.Розенталь кабиларнинг хизматлари катта бўлади. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида яратилган П.Н.Денисов, Л.А.Новиковларнинг “Вопросы учебной лексикографии”(1969), С.Г.Бархударов, Л.А.Новиковларнинг “Как должен быть учебный словарь?”(1971), П.Н.Денисовнинг “Очерки по русской лексикологии и учебной лексикографии”(1974), М.А.Скопинанинг “Проблемы отбора лексического материала в учебной лексикографии”(1975), В.А.Редкиннинг “Актуальные проблемы учебной лексикографии”(1977), В.Г.Гакнинг “Общие вопросы учебной лексикографии”(1977), В.В.Морковкиннинг “Учебная лексикография как особая лингвометодологическая дисциплина”(1977), Н.М.Шанский, Е.А.Быстроваларнинг “Лексико-фразеологическая система и учебные словари русского языка для национальной школы”(1977), П.Н.Денисов, В.В.Морковкинларнинг “Проблемы учебной лексикографии”(1977) В.Н.Сергеевнинг “Словари наши друзя и помошники”(1984), З.А. Потиха, Д.Э.Розенталнинг “Лингвистические словари и работа с ними в школе”(1987), Р.А.Будаговнинг “Толковые словари в национальной культуре народов”(1989) асарлари рус ўқув лексикографиясининг илмий тараққиётига асос бўлди ва юзга яқин мавзувий мактаб луғатларининг юзага келишига назарий замин яратди. А.В.Текучев ва Б.Т.Пановларнинг “Грамматико-орфографический словарь русского языка”(1977), А.Жуковнинг “Школьный фразеологический словарь русского языка”(1965), З.А.Потиханинг “Школьный словообразовательный словарь” (1964), М.Р.Львовнинг “Школьный словарь антонимов русского языка”(1967), М.С.Лапатухин ва б.ларнинг “Школьный толковый словарь русского языка” (1965), Н.А.Тихоновнинг “Школьный словообразовательный словарь русского языка”(1967), Н.В.Одиннов ва бошқаларнинг “Школьный словарь иностранных слов”(1969) каби луғатлари рус тилини пухта ўргатиш учун хизмат қилган илк мактаб луғатлари ҳисобланади.
Кўриниб турибдики, Европада ўқув луғатчилиги ўтган асрнинг иккинчи ярмидаёқ тўла шаклланган бўлиб, эндиликда ўқув луғатларининг замонавий, такомиллашган кўринишларини яратиш, уларни электронлаштириш масалалари билан шуғулланилмоқда. Бу борада К.Петрова, И.В.Азарова, О.А.Митрофанова, А.А.Синопальникова, И.Г.Гельфенбейн, А.В.Гончарук, В.П.Лехельт, А.А.Липатов, В.В.Шило, Ю.Н.Караулов, Ю.А.Сорокин, Е.Ф.Тарасов, Н.В.Уфимцева, Г.А.Черкасова ва бошқаларнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим.Сўнгги йилларда яратилган К.Петрованинг “Ассоциативные словари и WordNet”, И.Б.Азарова, О.А.Митрофанова ва А.А.Синопальниковаларнинг “Компьютерный тезаурус русского языка типа WordNet”, И.Г.Гельфенбейн, А.В.Гончарук, В.П.Лехельт, А.А.Липатов, В.В.Шилоларнинг “Автоматический перевод семантической сети WORDNET на русский язык”, Ю.Н.Караулов, Ю.А.Сорокин, Е.Ф.Тарасов, Н.В.Уфимцева, Г.А.Черкасоваларнинг “Русский ассоциативный словарь” каби тўрт китобдан иборат замонавий луғатлари бугунги рус лексикографиясининг нечоғлик тараққий этганлигидан далолат беради. Айниқса, 2005-2010 йиллар оралиғида Л.А.Введенская муаллифлигида “Словари русского языка для школьников” серияси остида йигирмадан ортиқ замонавий рангли, безакли, сифатли, мавзувий ўқув луғатларининг яратилиши ва қайта-қайта нашр қилиниши, уларнинг электрон вариантларининг тайёрланиши (Введенская Л.А. “Учебный словарь омонимов русского языка” (2005-2010);“Школьный орфоэпический словарь русского языка”(2006-2010); “Учебный словарь синонимов русского языка” (2005-2010); “Учебный словарь паронимов русского языка” (2006-2010); “Учебный словарь антонимов русского языка” (2005-2010) каби) рус тилшунослигида ўқув луғатчилигига нақадар катта эътибор қаратилаётганлигини исботлайди. Бугунги кунда Россия ўрта таълим бўғини учун элликдан ортиқ энциклопедиянинг яратилганлиги диққатга сазовор. Мактаб дарсликлари учун илова сифатида “Болалар учун қомус” сериясида “Аванта” нашриёт бирлашмасида 73,92 босма тобоқ ҳажмида чоп этилган “Языкознание. Русский язык” қомуси – фикримизнинг далили.
Рус ўқув лексикографиясининг юзага келиши ва тараққий этишига бевосита Европа тилшунослиги асос бўлган бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилшунослиги таъсирида ўқув луғатчилигининг алоҳида тармоғи юзага келган. Буни “Мактаб ўқувчилари учун” рубрикаси остида нашр этилган айрим луғатлар исботлайди (ўтган асрнинг 70-йилларида нашр этилган имло луғатлари, Е.Д. Поливановнинг “Қисқача русча-ўзбекча луғат”и ва ҳ.).
Айтиб ўтиш керакки, рус тили учун юзга яқин махсус мактаб (школный словарь) луғатлари яратилган бир пайтда миллий тилларда тафаккурни ўстиришнинг муҳим воситаси бўлган бундай луғатларни тузишга деярли эътибор қаратилмаган. Мавжудлари ҳам рус тилини ўргатиш мақсадига бўйсундирилган.
Ўқув луғатчилиги тармоғи жаҳоннинг илғор давлатларида ўрта асрлардаёқ пайдо бўлиб, турли ёшдаги таълим олувчиларга мўлжалланган саноқсиз луғатлар яратилганлигига қарамай, Ўзбекистонда бу масала ҳозирга қадар тилшуносликда ҳам, таълимда ҳам кун тартибига қўйилмаган. Бунинг ўтмиш ва бугун билан боғлиқ қуйидаги сабаблари мавжуд:
Do'stlaringiz bilan baham: |