1.2. Ўзбек тили ўқув луғатчилиги: тарих ва муосир
Президентимиз И.А.Каримов ўз нутқларидан бирида шундай деган эди: “Ҳозирги энг муҳим, энг долзарб вазифамиз – жамиятимиз аъзоларини, авваламбор вояга етиб келаётган ёш авлодни камол топтириш, уларнинг қалбида миллий ғоя, миллий мафкура, ўз ватанига меҳр-садоқат туйғусини уйғотиш, ўзлигини англаш, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашдан иборатдир”2. Бугунги хатти-ҳаракатларимиз ва интилишларимизнинг негизида мана шу эзгу мақсаднинг ётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг учун биринчи навбатда таълим-тарбиянинг моддий техника базасини тубдан янгиламоғимиз, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”ни тўлақонли равишда амалга оширмоғимиз даркор.
Маълумки, мазкур дастурда “миллат фикри, тафаккури ва мафкурасининг энг илғор намуналарини акс эттирадиган” дарсликлар ҳамда услубий қўлланмаларнинг янги авлодини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “ўзбек мактабларини битирган болаларнинг қисилиб қолмаслиги, хорижий тилларни ўрганишда тўсиқларга дуч келмаслиги”, уларнинг она тили ва “чет тилларининг ажиб дунёсига бемалол киришлари учун” луғатлар яратиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган3.
Дарҳақиқат, ўқувчиларнинг мустақил фикрлаши, она тилида равон ва гўзал нутққа эга бўлишлари учун уларга дарсликлар билан бир қаторда луғатлар, айниқса ўқув луғатлари яқиндан ёрдам беради. “Ўспиринлик даврида ўқувчиларда лексемани англаш туйғуси кучли бўлади. Улар ҳаётий ҳодисалар ўртасидаги алоқадорликни ҳис қила олса, идрок қилиб уларни англаб етсагина билим олишга қизиқади. Ўқувчи англаб етса, умумлаштира олади, тизимга солишни билади, билимларни чуқур ўзлаштира олади, бу билан уларнинг дунёқараши кенгаяди. Ана ўшандан кейингина улар ўз таклифини бера олади, ғояга эга бўлади, исбот қилади, ўз фараз ва қарашларини илгари суради”4. Бу йўлда уларга луғатлар яқиндан ёрдам беради. Сабаби луғатлар “миллий тиллар нутқ маданиятининг қудратли қуроли бўлиши билан бирга, айни замонда ана шу маданиятнинг маҳсули ҳамдир”5.
Шу маънода инсон ҳаётида луғатларнинг ўрни беқиёсдир. Ўзи билмаган, тушунмаган нарсаларнинг изоҳини луғатлар ёрдамида англаб етади. Масалан, умумтаълим мактабларининг 7-синфи учун чиқарилган дарслик мажмуага “Равшан” достонидан парча киритилган. Достондаги искасам (ҳидласам), қоралаб (яширинча, мўлжаллаб), жойнамоқ (яйрамоқ), қалъачи (шаҳарлик), гузарчилар (ўткинчилар), узамай (узоқлашмай) каби лексемаларнинг маъноларини биз фақат луғатлар ёрдамида аниқлашимиз, ўқувчиларга етказишимиз мумкин6. Зеро, академик Л.В.Шчерба таъкидлаганидек: “Миллий тилларнинг луғатлари ҳақиқий хазина, миллий тушунчалар, миллат ҳаёти ва ақлининг ўзига хос қомусидир”7.
Бундан ўзбек тили луғатлари ҳам мустасно эмас.
Ўзбек луғатчилиги тарихини кўздан кечирадиган бўлсак, ундаги ўзгаришларнинг ижтимоий ҳаётдаги туб бурилишларга боғлиқ ҳолда кечганлигини кузатишимиз мумкин.
Мутахассислар тарихий шароитнинг турли талаблари билан луғатларнинг янги типлари яратилганлигини таъкидлаб, ўзбек луғатчилиги тарихини шартли равишда тўртта даврга бўладилар.
1. XI-XIII асрлар. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” ва муаллифи номаълум бўлган “Аттуҳфатуз-закияти фил-луғатит туркия” бу давр луғатчилигининг энг ёрқин намуналари саналади.
Луғат тузиш тамойиллари, лексемаларнинг берилиши ва асосланиши, айниқса, луғат ишига грамматик категорияларнинг сингдириб юборилиши жиҳатидан бу икки луғатга тенг келадиган нодир луғат ҳали дунё тилшунослигида яратилган эмас8.
Мазкур луғатлар бўйича Ҳ.Ҳасанов, Э.Фозилов, С.Муталлибов, М.Зияева, А Нурмонов ва бошқалар текстологик ва лексикографик тадқиқотлар олиб боришган. Луғатларнинг тарихий ва лисоний хусусиятларини тўлалигича китобхонларга етказишган. Эндиги навбат ўзбек луғатчилигининг тўнғич асарлари саналган мазкур ёдгорликлар асосида ўқув луғатларини яратиш, ҳеч бўлмаганда ҳозирги луғатлар яратишда асосий мезон қилиб олинаётган ўлчовларнинг “Девону луғатит турк” ва “Аттуҳфа”даги кўринишларига ўқувчилар диққатини тортишдан иборатдир.
Масалан, ХХ аср луғатчилигида етакчи тамойилга айланган лексемаларни мавзулар бўйича жойлаштириш, яъни идеографик луғатлар яратиш масаласи ўша даврдаёқ М.Кошғарийнинг “Девон”и ва “Аттуҳфа”да кун тартибига қўйилган эди9. Жумладан, М.Кошғарий лексемаларнинг парадигматик ва синтагматик муносабатларига алоҳида диққат қилган. Мисол учун, оқ, пишиқ, қабартти, қутулди, улуғ, ума, эв каби лексемаларни изоҳлашда идеографик усулдан кенг фойдаланган.
Пишиқ (бiшiғ) лексемасининг парадигматик хусусиятлари қуйидагича кўрсатилган: бiшiғ (башiғ) – пишиқ, пишган: бiшiғ аш; бiшiғ кирпеч (ғишт); бiшiғ сучук (қайнатилган шароб)10.
Кўриниб турибдики, бiшiғ (пишган) лексемаси полисемантик хусусиятга эга бўлмоқда ва ош, ғишт, шароб сўзлари билан синтагматик алоқага киришмоқда.
2. XV асрдан 1862 йилгача бўлган давр. Бу даврда Толе Ҳиротийнинг “Бадое ал-луғат”, “Абушқа”, Мирзо Маҳдихоннинг “Санглоҳ” луғатлари яратилди. Таниқли луғатшунос Э.Умаровнинг таъкидлашича: “Ушбу луғатларда Мовароуннаҳр ва Хуросондаги турли-туман ўзбек шеваларининг битмас-туганмас сўз бойлиги акс этган. Ана шу ажойиб бойлик қадимдан махсус луғатлар тузишни тақозо этган. Ҳозирча фанда ўттиздан ортиқ луғатлар тузилгани маълум. Улар ўзбек тилининг XV асрдан то XIX асргача ривожланиб, ўзгариб келганлигини кўрсатувчи илмий кўзгу. Тилимиз тараққиётидаги ўзгаришларни бу луғатларсиз ўрганиб бўлмайди. Уларда қимматли маълумотлар сақланиб қолган»11.
Булар қаторига «Таржумони турки ва ажами ва муғули ва форси», Абу Хайённинг «Китоб ал-идрок ли лисон ал-атрок», Муҳаммад Ризо Хансарнинг «Мунтаҳаб ал-луғат», Муҳаммад Чингийнинг «Келурнома» асарларини ҳам киритиш мумкин.
Ушбу луғатлар Х.Вамбери, В.В.Вильяминов-Зернов, А.К.Боровков, Б.Ҳасанов, Э.Фозилов, Э.Умаров, Н.Расулова, Ш.Файзуллаева томонидан кенг ўрганилган12.
Ўрта аср луғатларида сақланиб қолган қимматбаҳо маълумотлардан бири бу уядошлик тамойилидир. Масалан, аввалги бобда қайд этиб ўтганимиздек, Муҳаммад Ёқуб Чингийнинг «Келурнома» луғатининг дастлабки 14 бобида 400 дан ортиқ феъллар уядошлик тамойили асосида изоҳланган. Муаллиф феълнинг ноаниқ шаклини бош сўз қилиб, нисбат, майл, замон ва шу каби шаклларини тартиб билан жойлаштирган, феълларнинг ўзига хос ўхшашлик қаторларини топган. Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, олим бу асарда ҳам уядошлик, ҳам мавзуий (яъни идеографик) тамойиллардан унумли фойдаланган.
Ижтимоий ҳзаётимиздаги бугунги янгиланишлар, туб ўзгаришлар маданий ҳаётимизга айнан мана шундай турдаги луғатларнинг олиб кирилишини талаб қилмоқда. «Бозор иқтисодиётига ўтилаётган ҳозирги шароитда таълим-тарбия жараёнида катта муаммолар пайдо бўлмоқда. Бу муаммолардан бири ўқувчиларнинг ўқишга бўлган муносабатини ўзгартириш, билим олишга қизиқишларини ошириш, интилишларини ҳисобга олиш, таълим ва тарбияни бевосита ҳаётга боғлаб олиб бориш, уларнинг фаолиятини ва мустақил фикрлаш қобилиятларини юксалтиришдан иборат»13.
Ўқувчиларнинг мустақил фикрлашини ўстириш, уларга дунё ва ундаги нарсаларнинг хусусиятларини ўргатишда идеографик луғатлар катта ёрдам беради. Зеро, бундай луғатларнинг мақсади болиқ элементлари ҳақидаги маълум тушунча қандай моддий воситалар ёрдами билан ифодаланишини очиб беришдан иборат бўлади. Демак, идеографик луғатларда “борлиқ + борлиқнинг онгда акс этиши = ном” тамойилига бўйсунилади14.
В.В.Морковкин ва Ю.Н.Карауловларнинг қайд қилишларига кўра, идеографик луғатларда “тушунча”дан “сўз”га, “концепт”дан “белги”га ўтилади15.
Аслида, дунё парадигмалардан иборат экан, ундаги ҳар бир нарса, воқеа ва ҳодиса иккинчи бир нарсага, воқеа-ҳодисага ўзаро боғлиқ ҳолда муайян қаторларни ташкил этади. Бу қаторлардаги ўзаро ўхшашликлар ва фарқлиликлар дунё асосини ташкил этади. Мисол учун қуйидаги парчага эътибор бериб кўрайлик.
Х.Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”асари қаҳрамони Ҳошимжоннинг характерини чизишда ёзувчи айнан мана шу ўхшашлик ва фарқлилик тамойилларидан усталик билан фойдаланган.
“Марҳамат, - дедимда, у ёқ, бу ёққа қараб олгач, лекция ўқишга тушиб кетдим. – Ўртоқлар, компот жуда фойдали ичимлик, уни асосан мевадантайёрлашади. Меваларнинг хили қанча кўп бўлса, у шунча ширин бўлади. Бизнинг Фарғона томонларда компотни ўрик, шафтоли қоқи ваолманинг қуруғидан тайёрлашади. Хуллас, компотни ичмабсиз, дунёга келмабсиз”.
Гапимни тугатмасимдан ўтирган одамлар шарақлаб кулиб юборишди. Қизиқроқ гап айтган бўлсам керак деб, менинг ўзим ҳам кулавердим. Роса кулишдик. Кейин билсам, ўша куни обдан шарманда бўлган эканман. Гўнгни ачитибтайёрланадиганкомпостнинг фарқига бормасдан роса алжибман”16.
Кўриниб турибдики, лексемалар ўхшашлик (парадигматик) ва кетма-кетлик (синтагматик) хусусиятларига кўра алоҳида тушунча майдонларини ҳосил қилади. Келтирилган парчадаги лексемалар иккита сўз: компот ва компост атрофига бирлашиб, муайян майдонларнинг юзага чиқиши учун хизмат қилмоқда. Компот, ичимлик, мева, тайёрламоқ, ширин, ўрик, олма, шафтоли қоқи, ичмоқ лексемалари ўзаро бирлашиб, биринчи майдонни ҳосил қилса, гўнг, ачитмоқ, компост, тайёрламоқ сўзлари иккинчи майдонни ташкил этмоқда ва биринчи майдонга зидланмоқда. Тилда бундай семантик майдонлар сон-саноқсиз бўлади ва улар сўзловчининг муайян мақсадини ифода этиш учун қўлланади.
Ўқувчиларга бундай майдонлар ва уларнинг хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот бериш уларнинг фикр доирасини кенгайтиради. Бу каби хусусиятларни ўзида тўла акс эттирадиган ўқув луғатларини яратиш олдимизда турган энг катта муаммолардан биридир.
3. 1987 йилдан 1917 йилгача бўлган давр. Бу давр луғатларнинг тармоқланиши, айниқса, икки тилли (русча-ўзбекча) луғатларнинг нашр этилиши билан характерланади.
А.Старчевскийнинг “Спутник русского человека в Средней Азии” (13000 сўз), Ш.Ишаевнинг “Краткий русско-сартовский и сартовско-русский словарь”, эр-хотин Наливкин(а)ларнинг “Русско-сартовский и сартовско-русский словарь” (8500+4200 сўз), С.Лапиннинг “Карманный русско-узбекский словарь” сингари луғатлари шулар жумласидандир. Бу луғатларнинг аксариятида ўша давр сиёсати ўзининг яққол ифодасини топган бўлиб, номланишини нг ўзидаёқ рус тилини ўзбек тилидан устун қўйиш (русско-сартовский) яққол кўзга ташланиб туради.
4. 1917 йилдан кейинги давр. Бу даврда ўзбек луғатшунослиги ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан бойиди. “Русча-ўзбекча”, “Ўзбекча-русча”, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», имло, орфоэпик, морфем, терс, фразеологик, диалектал, терминологик луғатларнинг ажойиб намуналари яратилди17. Айниқса, олти томлик «Русча-ўзбекча луғат» (1950-1956й.), «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» (1981й.), «Русча-интернационал сўзлар изоҳли луғати» (1965й.), «Ўзбек Совет энциклопедияси», «У ким? Бу нима? Болалар энциклопедияси», «Уй-рўзғор энциклопедияси», «Саломатлик энциклопедияси» сингари мукаммал луғатларнинг яратилиши халқимизнинг маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Шуниси диққатга сазоворки, ушбу луғатларнинг сезиларли қисми ўқув характерида бўлиб, фаннинг турли соҳаларига оид тушунчаларни ёритишга бағишланганлиги билан ажралиб туради.
А.Ҳожиевнинг «Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати» (1974), Ш.Раҳматуллаевнинг «Ўзбек тили фразеологизмларининг изоҳли луғати» (1978), «Русча-ўзбекча ботаника терминларининг қисқача изоҳли луғати» (1986), М. Собировнинг «Математикадан русча-ўзбекча луғат» (1977), Х.Хатамовнинг «Адабиётшуносликдан қисқача русча-ўзбекча луғат» (1960), «Имло луғати» (1976), Р.Қўнғиров ва А.Тихоновларнинг «Ўзбек тилининг чаппа луғати» (1968), «Ўзбек тилининг орфоэпик луғати» (1977), А.Ғуломов, А.Тихонов ва Р.Қўнғировларнинг «Ўзбек тилининг морфем луғати» (1977) каби луғатлар ўз даврида катта аҳамиятга эга бўлди. Бу даврда яратилган ўқув луғатларининг барчаси учун хос бўлган хусусиятлар сифатида қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
1. Ўзбек халқини нг маънавий дунёси бойиди, илм-фан, техника, санъат ва маданияти юксалди. Бу ўзгаришлар луғатларда яққол ўз ифодасини топди.
2. Ижтимоий ҳаётдаги туб ўзгаришлар туфайли ўзбек тилига сон-саноқсиз янги лексик бирликлар кириб келди ва улар тегишли луғатлардан ўрин эгаллади.
3. Ўзбек тилида луғат яратиш назарияси ва амалиёти билан шуғулланувчи етук мутахассислар тарбия топди (П.Шамсиев, С.Иброҳимов, С.Муталлибов, Э.Фозилов, А.Ҳожиев, Э.Умаров, Т.Алиқулов, О.Усмон, Р.Дониёров, Р.Қўнғиров, Ш.Раҳматуллаев ва бошқалар).
4. Луғатларнинг турлари кўпайди (қомусий, морфем, чаппа, турли соҳавий луғатлар пайдо бўлди).
5. Кичик ҳажмдаги луғатлар билан бир қаторда ўртача ва йирик ҳажмдаги луғатлар юзага келди.
6. Фақат русча-ўзбекча эмас, балки инглизча-ўзбекча, ўзбекча-инглизча, немисча-ўзбекча, форсча-ўзбекча ва ҳоказо луғатлар нашр этилди.
Шу билан биргаликда бу давр луғатчилигида жиддий етишмовчиликлар ҳам кўзга ташланади.
1. Яратилган луғатларда шўролар тузумининг ҳукмрон мафкураси яққол кўзга ташланиб турарди. Ҳатто сиёсатдан холи бўлган имло, синонимик, орфоэпик, қўшма сўзлар луғатларида ҳам лексемаларни изоҳлаш учун мисол танланганда ҳукмрон мафкурага мос келиш-келмаслиги ҳисобга олинарди. Масалан, отланмоқ, қўзғалмоқ, кўтарилмоқ, оёқланмоқ синонимик қаторини изоҳлаш учун А. Ҳожиев қуйидаги мисолни келтирган:
Do'stlaringiz bilan baham: |