Биринчидан, маълумки, ўзбек тилшунослиги собиқ иттифоқ даврида рус тилшунослиги ютуқларига таянган, унинг қолиплари асосида ривожланган. Хусусан, ўзбек луғатчилигининг кескин ривожланиш даври ўтган аср бошларига тўғри келиб, бунда рус тилшуносларининг хизмати катта бўлган. Бу даврда рус лексикографиясида умумий луғатчилик масалалари ҳал этиб бўлинган ва лексикографиянинг янги тармоғи – ўқув луғатчилигини ривожлантириш кун тартибига қўйилган эди. Қолаверса, ўз даврида бу тарихий зарурат бўлиб, иттифоқ тасарруфидаги миллий мактабларда рус тилини самарали ўргатадиган қўлланмаларга эҳтиёж кучли эди. Ўзбек тилшунослиги олдида эса, жаҳон тилшунослигида бўлгани каби айни пайтда умумий лексикография масалаларини ҳал этиш асосий вазифа сифатида турар, ўқув луғатчилиги тармоғини илмий асосда шакллантириш, уларни тузиш тамойилларини ишлаб чиқиш куннинг долзарб масалалари сирасига кирмас эди.
Иккинчидан, юқорида таъкидланганидек, аксарият мактаб луғатлари тарихан мустамлака остидаги миллатларни ўз тилидан маҳрум қилиб, ҳукмрон мафкура тилини тез ва самарали ўргатиш мақсадида юзага келган. Бу вазифа бажариб бўлингач, луғатлар таълим самарадорлигини ошириш воситасига айлантирилган. Ўзбек халқи ўз тарихи давомида бунақа босқични босиб ўтмаган ва шунинг учун мактаб луғатларини яратишга тарихан эҳтиёж бўлмаган.
Учинчидан, ўқув луғатларини яратиш, тузилган луғатларни оммалаштириш, улардан фойдаланиш услубларини ишлаб чиқиш миллий таълимнинг юқоридаги хусусиятлари ҳамда катта сарф-харажатлар билан боғлиқ бўлиб, бу ҳам масаланинг кескин ҳал этилишини қийинлаштирар эди.
Тўртинчидан, ўқув луғатлари ўзликни англаш, тафаккур ва онгни шакллантиришнинг муҳим воситаси экан, миллий мактабларда болаларни мустақил фикрли, оғзаки ва ёзма нутқи равон, миллий қадриятларига содиқ қилиб тарбиялаш ҳукмрон мафкура манфаатларига, совет таълим сиёсатига зид бўлган. Ижодий тафаккур соҳибларини етиштириш “ягона совет маданияти” деган сунъий ғоя остида, асосан, рус мактабларида амалга оширилган ва яратилган саноқли мактаб луғатлари ҳам рус тилини ўргатиш учун хизмат қилган.
Бешинчидан, бугунги кунда бизда ўқув луғатларини яратиш муаммоси билан қайси соҳа шуғулланиши лозимлиги, уни қандай йўлга қўйиш тажрибаси йўқлиги билан бирга, бу борада хориж анъаналарини ўрганишга, тараққиёт билан ҳамқадам бўлишга интилиш ҳам сезилмаяпти. Шу билан биргаликда, бу тилшунослик тадқиқотларининг кўпинча амалий татбиқдан холилиги, “тил тил учун”, “тадқиқотлар диссертациялар учун” анъаналарининг чайир иллат сифатида ҳануз яшаётганлиги, луғатлар тузишнинг илмий муаммолари билан мақсадли равишда деярли шуғулланилмаётганлиги, луғат тузишдан кўра, тузилган луғатларнинг таҳлили билан чекланаётганлиги, умуман олганда, тилшунослик, қолаверса, лексикографик тадқиқотларнинг мустабит тузумда ўрнатилган ҳар қандай сунъий тўсиқлар олиб ташланганлигига, кенг имкониятлар эшиклари очилганлигига қарамасдан, давр талабларидан анча орқада қолаётганлиги билан ҳам боғлиқ.
Умумий ўрта таълимда ўқувчиларни мустақил ва ижодий фикрлашга йўналтириш, уларга миллий ўзлигини танитиш, онгида маънавий-маърифий инқилоб ҳосил қилиш, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг ранг-баранг жабҳаларида, мулоқот ва муносабатнинг барча турида ўзбек тилидан бемалол, эркин, самарали, тўғри фойдалана олиши, унинг чексиз имкониятидан баҳраманд бўлиши, нутқ одоби ва нутқий тактика сирларини эгаллаш билан боғлиқ зарурий кўникмаларни шакллантириш вазифаси она тили таълими зиммасидадир. Зеро, она тили таълимининг бош мақсади ижодий тафаккур соҳибларини етиштириш, ҳар бир мактаб битирувчисининг ўз она тилида тафаккур маҳсулини ёзма ва оғзаки усулларда, нутқ шароитига мос равишда тўғри ва равон ифодалаш, ўзгалар фикрини тўғри қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш, малакаларини ҳосил қилишдан иборатдир.
Когнитив асосда яратилган она тили дарсликлари билан ишлаш дарсликка ёрдамчи воситаларни кенгайтириш, луғат ва турли ахборот банкларини яратишга бўлган талабни янада оширди. Умумий таълимнинг давлат таълим стандартида она тили ўқитишнинг зарурий воситалари сирасига дарслик билан бир қаторда ахборот банки сифатида луғатлар ҳам киритилди. Тилшунослигимизда янги “ўқув луғати” термини пайдо бўлиб, оммалаша бошлади.
Юқорида айтилганидек, луғатчилик тарихи бўйича олиб борилган изланишлар илк луғат намуналарининг мактаб учун яратилганлиги, барча умумий луғатлар мактаб луғатларининг такомиллашган кўриниши эканлигини тасдиқламоқда.
Луғатларнинг тил ўргатиш ва ўрганиш жараёнида юқори самара бериши, натижаларнинг кутилганидан ортиқ бўлиши – ўқув луғатчилиги қамровининг янада кенгайишига сабаб бўлди. Асосий вазифаси бегона тилларни ўқитиш ёки маъноси тушунарсиз лексемаларни изоҳлаш бўлган луғатлар ХХ аср бошларидан она тили ўқитишнинг муҳим воситаси сифатида эътироф этила бошланди. Замонавий мактаб учун махсус луғат яратиш ҳаракатларининг пайдо бўлиши таълимга илғор педагогик технологияларни киритиш, хусусан, ретроскопик таълимдан вербал когнитив таълим усулига ўтиш даврига тўғри келади. Маълумки, когнитив таълим ретроскопик таълимдан ёрдамчи ўқув материалининг дарслик материалидан бир неча маротаба катталиги, ўқувчининг ўз устида мустақил ишлаши, зарурий маълумотларни ахборот банки – луғатлар, қомуслар, маълумотномалар каби она тили хазиналаридан излаши билан фарқланади. Зеро, дарсликдан етарли маълумотни олган ўқувчида изланишга, мустақил ишлашга эҳтиёж бўлмайди. Ўқувчини излаб топишга, мустақил хулосалар чиқаришга йўналтирадиган когнитив таълим технологияси замонавий педагогик амалиётда энг самарали усул деб топилган ва жаҳоннинг қатор илғор давлатларида ХХ аср бошларидаёқ таълим тизимига жорий этилган.
Тажрибалардан маълумки, луғатларнинг умри дарслик умрига қараганда 4-5 марта узун бўлади. Бир луғат бир оилага камида 20-30 йил хизмат қилади. Луғат ўқувчини ўз устига ишлашга ўргатади, унинг доимий ҳамроҳи, барча саволларига жавоб бера оладиган беминнат ёрдамчиси бўла олади. Ўқувчилар учун зарур бўлган луғатлар яратилмас экан, ижодий тафаккурни ривожлантириш, оғзаки ва ёзма нутқни ўстириш воситаси бўлган жорий дарсликлар ўз вазифасини тўла бажара олмайди. Шу билан биргаликда, она тили бўйича бериладиган машқ ва топшириқлар дарсликнинг ёрдамчи воситаси бўлган луғатлар, қомуслар, маълумотномалар, матнлар тўплами билан ишлашга мўлжалланса, фақат алгоритмик йўсиндаги, изланишга йўналтирувчи машқ ва топшириқлардан иборат дарслик ҳажми бир неча баравар қисқаради. Бу эса ўз-ўзидан унга сарфланаётган давлат маблағининг ҳам шунчалик тежалишига олиб келади.
Умуман олганда, замонавий таълим воситалари айсбергни эсга солади. Дарсликни айсбергнинг сув юзидаги, ёрдамчи воситаларни сув остидаги қисмига қиёслаш мумкин. Ёки дарслик бамисоли тепловоз бўлса, ахборот банки унга тиркалган вагонлардир. Тепловоз вагонларсиз ўз вазифасини бажара олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |