Касалликнинг географик тарқалиши. Техас илдиз чириши Шимолий Американинг ишқорли, таркибида органик модда кам бўлган минтақаларида тарқалган эндемик касаллик ҳисобланади. АҚШ Техас штатининг қора тупроқли марказий қисмида ғўза ҳосилига жуда катта, Оклахома, Нью-Мексико, Аризона штатлари ҳамда Шимолий Мексикада катта зарар етказади. Касаллик кам тарқалган минтақалар ўз ичига Калифорния, Невада, Юта, Арканзас ва Луизиана штатларини олади (Дунин, Понер, 1936; Блэнк, 1956; Davis ва б.қ., 1996). Техас илдиз чириши шу пайтгача дунёнинг бошқа биронта мамлакат ёки минтақасига тарқалмаган. Касаллик баъзи МДҲ мамлакатларида, жумладан Озарбайжон, Грузия, Доғистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистонда Тошкент, Бухоро, Фарғона вилоятларида топилгани ҳақидаги кўп хабарлар кузатувларда тасдиқланмади (Дунин, Понер, 1936).
Касалликнинг ғўза ҳосилига таъсири. Техас илдиз чириши АҚШда ғўзанинг энг хавфли касалликларидан бири, ҳар йили ҳосилни ўртача 1 фоиз (Техас штатида 2 фоиз)га, маблағ ҳисобида 1981 йилдаги қиймат билан 25 млн долларга камайтиради. Ғўзадан бошқа экинларга етказилган зарари йўқотилган маблағ миқдорини тахминан яна 40 фоизга оширади. 1910-1940 йилларда касаллик туфайли ҳосил нобуд бўлиши бундан ҳам бир неча баравар кўп бўлган. Ҳосил пасайиши касалликнинг даладаги манбалари ўлчами ва бошланиш даврига боғлиқ. Техас илдиз чириши теримдан 2 ой ёки 5 ҳафта олдин бошланса, тегишли равишда ҳосил 100 фоиз ёки 50 фоизга пасаяди, 3 ҳафта олдин кузатилганда эса ҳосилга деярли таъсир қилмайди. Зарарланган ўсимликлардан олинган тола сифати кескин пасаяди, чигит унувчанлигини бутунлай ёки қисман йўқотади (Дунин, Понер, 1936; Справочник..., 1970; Lyda, 1981; Davis ва б.қ., 1996).
Касаллик аломатлари. Ғўза бутун ўсиш даврида зарарланиши мумкин, аммо одатда касалликнинг ташқи белгилари июл ойининг 2-ярмидан сўнг тупроқ ҳарорати етарли бўлганда, ўсимлик шоналаш ва кўсак чиқариш пайтида якқол кўринади. Олдин ёш барглар сал сарғаяди ёки бронза тус олади, ҳарорати ошади, сўнгра ўсимлик бирдан, 1-2 кун ичида сўлади, барглар қурийди, аммо тўкилмасдан, ғўзада осилиб колади. Техас илдиз чиришининг бошқа тупроқ патогенлари қўзғатадиган касалликлардан кескин фарқ қиладиган характерли хусусияти - далаларда нобуд бўлган ўсимликлар нотўғри думалоқ, қўнғир тусли манбалар («орол» ва «оролчалар») ҳосил бўлиши ва бу манбалар кўпчилик далаларда ҳар йили олдинги мавсумларда учраган айни жойларда кузатилишидир (чунки паразит суғориш суви, ёмғир, тупроққа ишлов бериш механизмлари, ҳащаротлар, шамол ёрдамида тарқалмайди). «Ороллар» илиқ, нам ҳавода атрофига ўсади. Касаллик кучли ривожланган ҳолларда бутун даладаги ўсимликлар нобуд бўлиши мумкин. Тупроқ остида илдиз замбуруғнинг қўнғир, мицелий гифаларининг эшилган канопга ўхшаш иплари - ризоморфлари билан қопланади. Бу иплар лупа ёрдамида осон кўринади. Илдиз қобиғи яралар билан қопланади, бутунлай чирийди, юмшоқ бўлиб қолади, бармоқ билан осон олинади, остидаги қисмлари қизил ёки қўнғир тус олади. Тупроқ устида, илдиз атрофларида замбуруғ оқ, момиқ мицелий ҳосил қилади. Паразит одатда фақат илдизни зарарлайди, кам ҳолларда пояга 2-5 см гача кўтарилади (Дунин, Понер, 1936; Блэнк, 1956; Каримов, 1976; Lyda, 1981; Muller ва б.қ., 1983; Davis ва б.қ., 1996).
Do'stlaringiz bilan baham: |