Аспергиллёз. Қўзғатувчи замбуруғ Aspergillus niger кўсакка ҳашаротлар (кўсак қурти ва б.қ.) пайдо қилган тешикчалар орқали киради. Ёш кўсаклар оч сарғиш тус олади, тола кулранг, чигит эса шилимшиқ массага айланади. 30-40 кунлик кўсакларда оч-пушти доғ пайдо бўлади ва аста-секин бутун кўсакни қоплайди, кўсак қурийди, қўнғир тус олади, тола пўк массага айланади (Каримов, 1976; Пересыпкин, 1987; Пересыпкин ва б.қ., 1990).
АҚШ ва баъзи бошқа мамлакатларда касалликнинг Aspergillus flavus замбуруғи қўзғатади. Бу касалликнинг ҳосилни пасайтиришдан ташқари энг хавфли томони - замбуруғ чигитда иссиққонли ҳайвонлар ва инсон жигарида рак касаллиги қўзғатувчи концероген бирикма - афлотоксин - ҳосил қилишидир. Замбуруғ - қувватсиз патоген бўлиб, соғлом кўсакни зарарлай олмайди, фақат кўсак очилганда шамол билан ёки очилмаган кўсакка кемирувчи ҳашаротлар (кўсак қурти ва б.қ.) пайдо қилган тешиклар орқали киради, кўсак, тола ва чигитда 20-45 °С, энг қулай 30-40 °С ҳарорат ва 15 фоиздан баланд намликда тез кўпаяди, кўсак чирийди, тўқ-сариқ-яшил доғлар билан қопланади, тола сариқ тус олади, сифати пасаяди, чигитнинг сифати ва яшовчанлиги пасаяди, ичида ва қобиғида афлотоксин йиғилади. Зарарланган чигит «кал» бўлиб қолади, устидаги туклар бутунлай ёки баъзи жойларда тушиб кетади. Афлотоксин билан зарарланган чигит ультрабинафша (365 нм) нурда яшил флуоресценсия беради. Молга беришдан олдин бундай чигит ва чигит уни аммоний билан ишлов бериб зарарсизлантирилади. Афлотоксин чигит ёғига ўтмайди (чигит унида қолади) (Pinckard ва б.қ., 1981). Афлотоксин ҳосил килувчи замбуруғ дунёнинг барча жойларида тарқалган, аммо Ўзбекистонда кўсакни зарарлаши ҳақида хабар берилмаган.
Бошқа кўсак ва тола касалликларини сапрофит (қувватсиз патоген) замбуруғлар, жумладан Trichothecium roseum (пушти ранг чириш), Rhizopus nigricans ва Mucor spp. (мукороз), Botrytis cinerea (кулранг чириш), Penicillium spp. (пенициллёз), Alternaria spp. ва Cladosporium spp. (қора шира), Cepbolosporium acremonium (тола моғорланиши) турлари қўзғатади. Улар соғлом кўсакка кира олмайди, очилмаган кўсакка фақат зарарли ҳашаротлар ҳосил қилган тешиклардан, очилган ёки очилаётган кўсакларга шамол ва ҳашаротлар органлари ёрдамида киради ва нам, пишмаган толани зарарлайди. Зарарланган ёш кўсаклар очилмаслиги ёки қисман очилиши мумкин, уларнинг усти ҳар хил тусдаги доғ ва моғор қатлами билан қопланади. Очилган кўсакларда пахта бўлакчаларининг рангини ўзгартиради, моғор билан копланади. Кўпинча момиқланмайди, баъзан ерга тўкилади. Ўсимлик битлари чикарган суюқлик (шира) ғўза баргидан толага тушганда, унинг устига моғор замбуруғлари ривожланади, тола усти қора, ёпишқоқ қатлам билан қопланади; тўпланган ҳосил юқори намликда сақланса, замбуруғлар ривожланиши давом этади. Бу касалликларнинг барчаси тола сифати, технологик хусусиятлари - метрик номери, пишиқлиги, узилиш узунлиги ва бошқаларнинг пасайишига, чигит сифати ва у яшовчанлигининг камайиши ёки бутунлай нобуд бўлишига сабаб бўлади (Осипян, 1975; Каримов, 1976; Расулев, 1981, Пересыпкин, 1987; Пересыпкин ва б.қ., 1990; Davis ва б.қ., 1996).
Юқорида келтирилганлардан ташқари кўсак ва тола касалликлари қўзғатувчилари сифатида замбуруғлар - Ўзбекистонда Sclerotium gossypi (Головин, 1953; Каримов, 1976), Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Арманистонда Helminthosporium nadsoni (Осипян, 1975), бактериялар - АҚШда Erwinia berbicola, Е. ariodeae, Африкада - Е. aroideae (Pinckard ва б.қ., 1981) учраши ҳақида хабар қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |