Помидор мевасининг чатнаши ва шакли ўзгариши - ноинфекцион касаллик, ташқи муҳит факторлари билан помидор навлари
орасидаги ўзаро таъсирлар натижасида ривожланади. Унинг аломатлари - мевалар новдага бириккан жойлари концентрик доиралар шаклида чатнаши ёки меваларнинг тепа қисми (гул бўлган тарафи) паллаларга бўлинган хунук шакл олишидир. Айни шундай белгилар помидор мевалари 2,4-Д гербициди билан зарарланганда ҳам ривожланади. Касалликнинг асосий
сабаби - помидор гуллаш пайтида гуллар бирор жиддий жароҳат
олиши, масалан, ҳарорат жуда пасайиши, 2,4-Д гербициди билан
зарарланиши; мевалар ўсиши қуруқ ҳавода бошланиб, кейин кучли
ёмғир ёғиши ёки босиб суғориш; кундуз ва кеча ҳароратлари орасида катта фарқ кузатилиши; мева ўсиши пайтида ҳаво ҳарорати жуда
пасайиши ёки жуда кўтарилишидир.
Кураш чоралари. Умумий агротехника қоидаларига риоя қилиш, экинларни гербицидлар зараридан асраш, толерант навларни экишдир (NacNab et al., 1983; Watterson, 1985).
Помидор мевасининг ичи бўшлиги. Ноинфекцион касаллик,
атроф-муҳит факторлари таъсирида гуллар сифатсиз чангланиши
ва/ёки етарли мева эти ҳосил бўлмаслиги натижасида ривожланади. Бунда мева бесўнақай шакл олиб, вазни енгил, ичи бўш бўлиб,
кам уруғ ҳосил қилади. Ҳаво ҳарорати 38°С дан баланд ёки 130С дан паст бўлиши, кундуз ва кеча ҳарорати орасида катта
фарқ кузатилиши, қурғоқчилик ёки ортиқча намлик, гормонал препаратларни пуркаш касаллик чиқишига сабаб бўлади, ортиқча азот
қўллаш уни кучайтиради.
Кураш чоралари - умумий агротехника қоидаларига риоя қилиш, таркибида моддалар баланси сақланган ўғит беришдир (NacNab et al., 1983; Watterson, 1985).
Озуқа моддалар етишмаслиги ёки заҳарлилиги. Озуқа моддалар етишмаслиги кузатилганида помидор ўсимликларида қуйидаги белгилар ривожланади. Азот: барча баргларда (пастдагиларидан бошлаб) хлороз доғлари пайдо бўлиб, улар аста-секин қурийди, ўсимликларнинг бўйи пасаяди, барглар урчуқсимон шакл ва оч-яшил тус олади. Фосфор: поя, новда, барг томирчалари ва бандлари қизғиш-тўқ-қизил тус олади ёки барглар тўқ-яшил тус олиб, уларнинг остки томонида тўқ-қизил доғлар пайдо бўлади, ўсимлик ўсиши секинлашади. Калий: барча баргларнинг (пастдагиларидан бошлаб) томирчалари ораларида хлороз ривожланади, уларнинг четлари куйганга ўхшаб ва буралиб қолиши мумкин. Марганец: ёш ва ўрта ёшли барглар олачипор тус олади, барг томирчалари оралари оч-яшил хлороз билан тўлади. Кальций: ёш барглар хунук шакл олади, сарғаяди, сўнгра уларнинг четларида хлороз ва тўқ-қўнғир некрозлар ривожланади. Магний: олдин пастки барглар томирчалари ораларида хлороз доғлари пайдо бўлади, сўнгра барча барглар аста-секин бутунлай сарғаяди; ёш барглар буралиб, мўрт бўлиб ва қуриб қолиши мумкин. Темир: ёш баргларнинг асосий томирлари орасида хлороз доғлари пайдо бўлади, тўқималар тез сарғаяди ва рангини йўқотади, аммо барг томирчалари яшил рангини сақлаб қолади. Рух: асосан ёш баргларнинг томирчалари орасида олдин хлороз, сўнгра некроз доғлари ривожланади, барглар олачипор бўлиб қолади. Бор: баргларнинг четларида хлорозлар ва кучсиз некроз доғлари ривожланади, бор ўта етишмаслиги кузатилганида новдаларнинг ўсиш нуқталари сарғаяди ва қурийди, ён новдалари ўсиб чиқади. Молибден: пастки барглар томирлари орасида хлороз ривожланади, улар сарғаяди, четлари юқорига буралиши мумкин. Мис: асосан ёш барглар кўкиш-яшил тус олади, юқорига буралиб, қайиқсимон шакл олади, ўсимликлар ўсмай қолади ва хлороз доғлари билан қопланади. Олтингугурт: барглар оч-яшил тус олади, уларнинг (пасткиларидан бошлаб) томирчалари ораларида хлороз ва қисман некроз ривожланади, барглар устида тўқ-қизил доғлар пайдо бўлади, новдалар ёғочлашиши ва нозиклашиши мумкин.
Тупроқдаги паст ҳарорат, юқори ёки паст рН, тупроқ зичланиши ва ўсимликлар илдизи зарарланганлиги ўсимликлар озуқа моддаларни ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатади. Микроэлементлар танқислигининг белгилари рН 5,5 дан паст ёки 7,5 дан юқори бўлганида юзага чиқади. Одатда, нордон тупроқларда кальций, марганец ва молибден, ишқорли тупроқда темир, рух ва марганец, органик моддаларга бой, торфли тупроқларда мис, марганец ва рух, таркибида органик моддалар кам бўлган тупроқларда ўсимликларга оптингугурт етишмаслиги кузатилади. Озуқа моддалар заҳарлилиги экинга элементлар баланси сақланмаган ўғит киритилганида кузатилади ва помидор ўсимликларида қуйидаги белгилар ривожланади. Азот: ёш баргларнинг ўсиши секинлашади ёки тўхтайди, ўсимлик тўқ-яшил тус олади, барглар майда бўлиб қолади. Фосфор: ўсимликда юқорида келтирилган марганец ва темир етишмаслиги белгилари кузатилади. Калий ва хлор: барча, айниқса ёш баргларнинг, ўсиши секинлашади, ўсимлик тўқ-яшил тус олади. Марганец: ёш барглар томирчалари ораларида хлороз ривожланади, улар майда бўлиб қолади; пастки баргларнинг томирчалари ораларида некротик доғланиш, барг бандлари ва новдаларда қўнғир чизиқчалар ривожланади. Кальций: ўсимликда юқорида келтирилган марганец ва темир етишмаслиги белгилари кузатилади. Рух ва мис: ўсимликнинг бўйи жуда пасаяди, пояси нозик ва барглари майда бўлиб қолади. Барча, айниқса ёш баргларнинг томирчалари ораларида хлороз ривожланади, баргларнинг остки томони қизғиш тус олади. Етилган барглар камроқ зарарланади, улар пастга букилиши мумкин. Бор: етилган баргларнинг четларида ва томирчалари ораларида некроз доғлари ривожланади, барг бўлаклари буришади, барглар қурийди. Молибден: етилган барглар томирлари орасида хлороз ривожланади, улар сарғаяди, четлари юқорига буралиши мумкин. Магний, олтингугурт ва темир заҳарлиги кузатилганда ўсимликларда ташқи аломатлар ривожланмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |