Кураш чоралари. Олдин сабзи экилган далага сабзини 3-4 йилдан кейин экишни кўзда тутувчи алмашлаб экишни жорий қилиш (энг яхши ўтмишдошлар - эртаги картошка, помидор, пиёз); тупроққа фосфор ва калий ёки фақат калийнинг юқори меъёрини (180 кг/га) киритиш; ортиқча азотли ўғит бермаслик, айниқса, мавсумнинг иккинчи ярмида ортиқча азот берилганда илдизмевалар сифати бузилади ва омборхонада сақлаш жараёнида тезда чириб кетади; биринчи йил ҳосили ва уруғлик олиш учун экиладиган далаларни бир-бирига яқин жойлаштирмаслик; экишдан олдин уруғни ҳарорати 52-53°С бўлган сувда 15 мин қиздириш, сўнгра қуритиб, стимулятор ва самарали фунгицид билан дорилаш; уларни экишдан олдин 50-60 соат давомида ивитиш; уруғ олиш учун экилган ўсимликларга ўсув даврида фунгицид пуркаш; омборхоналарга қўйиш учун кечки экин ҳосилини ишлатиш ва соғлом сабзиларни танлаб олиш; йиғилган ҳосилни далада уюмларда ва илиқ хоналарда узоқ сақламасдан, иложи борича тез совутиш ва омборхонага жойлаш; ҳосили узоқ муддат давомида сақлашга мўлжалланган экин даласида ҳосилни йиғиб олишдан 2-3 ҳафта олдин суғоришни тўхтатиш; уруғлик учун ажратилган илдизмеваларга фунгицид пуркаш; сақлаш даврида аниқланган чириган сабзиларни чиқариб, йўқотиш; сабзини сақлашга қўйишдан 15-20 кун олдин омборхона деворлари ва шифтини (10 л сувга 1,5-2 кг оҳак ва 100 г мис сульфат эритмаси билан) оқлаш, хоналарини олдинги маҳсулот қолдиқпари ва бошқа чиқиндилардан пухта тозалаш, хлорли оҳак (10 л сувга 400 г "хлорка") ёки бошқа бирор дезинфектант билан дезинфекциялаш ва яхши қуритиш; сабзини кўмиш учун фақат тоза, зарарланмаган қум ишлатиш; омборхоналарда тавсия қилинган ҳарорат ва нисбий намликни (0-2°С ва 80-95%) таъминлаш лозим (Герасимов, Осницкая, 1961; Пидопличко, 1977а, 1978; Пересыпкин, 1982; Вянгеляускайте и др., 1989; Сичев, Мизунов, 1991).
Шахсий томорқада етиштирилган ҳосилни сақлаш учун Бошқиртистонда қуйидаги усулни ишлатиш тавсия қилинган: илдизмевалар суюқ лойга ботириб олинади ва 1-2 кун давомида қуритилади. Сабзи устида пайдо бўлган лой пардаси уни сўлишдан ва чиришлардан самарали ҳимоя қилади ва баҳоргача яхши сақлаш имконини яратади. Агар қишда баъзи сабзилар чириса, улар эҳтиёткорлик билан олиб ташланади (Ганиев, Недорезков, 2005).
Ўзбекистонда ўтказилган кузатувларда омборхонада сақланаётган сабзи касалликлари орасида фомоз учраши бўйича оқ, кулранг ва қора чиришлардан кейинги 4- ўринни эгаллаган (Холмуродов, 2004).
Do'stlaringiz bilan baham: |