Сабзининг оқ чиришини Sclerotinia sclerotiorum аскомицет замбуруғи қўзғатади. Дунёда барча мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам тарқалган. Сабзидан ташқари карам, бодринг, ловия, полиз экинларини, камроқ даражада помидор ва бошқа экинларни зарарлайди. Илдизмевалар ўсув даврининг охирида далада, сўнгра кавлаб олиш, қоплаш, ташиш ва омборхоналарга жойлаш пайтларида зарарланади. Аммо далада фаол ўсаётган сабзининг илдизмевасида касаллик одатда учрамайди ёки кучсиз даражада ривожланади.
Қўзғатувчининг белгилари. Sclerotinia sclerotiorum. Зарарланган ўсимлик тўқималарида ҳосил бўлган моғор қатлами замбуруғнинг мицелийсидан иборат. Кейинроқ моғор устида ялтироқ сув томчилари пайдо бўлади, моғор ичида ва устида олдин оқ, сўнгра қора тус олувчи, аммо ички қисмлари оқ рангини сақловчи, шар, ясси ярим шар ёки бошқа шаклдаги, диаметри 0,5-2 мм дан 1-3 см гача, ёки нотўғри шаклли, ўлчами 2-4x0,3-1 см келадиган, склероцийлар ривожланади. Упарнинг шакли ва ўлчами зарарланган ўсимлик тури ва ҳарорат, намлик билан боғлиқ ва ўта ўзгарувчан.
Склероцийлар тиним давридан сўнг, омборхоналарда мицелий, далада апотеций ҳосил қилиб ўсади. Ҳар бир склероцийдан битта ёки бир нечта апотеций ўсиб чиқади. Апотецийлар диаметри 0,4-2 см, оч-қўнғир тусли, воронка шаклли, оёқчаларининг узунлиги 2-5 (10) см. Халтачалар тескари-тўқмоқ ёки цилиндр шаклли, ўлчами 130-135x8-10 мкм. Аскоспоралар 1 қаторга жойлашган, эллипсоид шаклли, рангсиз, ўлчами 9-15x4-6,5 мкм.
Оқ чиришнинг тез тарқалиши, кучли ривожланиши ва ҳосилга асосий зарари, одатда, сабзи омборхонага қўйилгандан 1-2 ой кейин кузатилади. Илдизмеваларнинг тўқималари юмшайди, аммо ранги ўзгармайди; усти шилимшиқланади, фақат мицелийдан иборат бўлган оқ, пўк, пахтасимон моғор билан қопланади. Мицелий зарарланган сабзидан ёнидагиларига ўтади ва уларни ҳам зарарлайди. Вақт ўтиши билан мицелий орасида ўлчами 1-3 см гача етадиган, қора, қаттиқ склероцийлар ҳосил бўлади ва мицелий устида ялтироқ тусли суюқлик томчилари пайдо бўлади.
Склероцийлар тупроқда ва омборхоналарда тўпланади. Қишлаган склероцийлар ўсади ва халтачалар пайдо қилади. Халтачалардан аскоспоралар ҳавога зарб билан отилади, сабзига тушиб, ўсади ва уни зарарлайди. Омборхоналарда склероцийлар ўсганда мицелий ҳосил қилади ва контакт усули билан илдизмеваларни зарарлайди.
Уруғлик учун далага экилган зарарланган илдизмевалар ёки улардан ўсиб чиққан ўсимликлар тезда чириб кетади. Физиологик кучсиз (совуқ таъсирида бўлган, механик жароҳатланган ва керагидан ортиқча азот ўғити бўлган тупроқда етиштирилган) сабзи оқ чириш билан кучлироқ зарарланади. Замбуруғ сабзида ривожланиши учун минимал ҳарорат 0°С атрофида, оптимал ҳарорат эса 17-20°С.
Оқ чириш билан курашда фомозга қарши ишлатиладиган чораларни қўллаш тавсия қилинади. Ундан ташқари, ичида сабзи сақланаётган қумга бўр (20 кг/т) солиш ёки қум билан оҳак (1:1) аралашмасини қўллаш фойдали эканлиги хабар қилинган (Герасимов, Осницкая, 1961; Масленников и др., 1971; Пидопличко, 1977а; Пересыпкин, 1982; Вянгеляускайте и др., 1989; Сычев, Мизунов, 1991; Ганиев, Недорезков, 2005).
Ўзбекистон шароитида омборхоналарда сақлаш пайтида оқ чириш сабзида энг кўп тарқалган касаллик эканлиги ва зарарланган илдизмеваларнинг 40-60 фоизи чириб кетиши мумкинлиги хабар қилинган (Кузнецова, Турсуметова, 1970; Флетчер, 1987; Холмуродов; 2004; Ганиев, Недорезков, 2005).
Do'stlaringiz bilan baham: |