Картошка альтернариоз касаллигини Alternaria solani гифомицети қўзғатади. Собиқ иттифоқ пайтида бу касаллик иккита - альтернариоз ва макроспориоз номлари билан юритилган, қўзғатувчилари ҳам иккита - Alternaria ва Macrosporium туркумларига мансуб, деб ҳисобланар эди. Ҳозир " Macrosporium solani " Alternaria solani нинг синоними эканлиги исбот қилинган, " Macrosporium" ва "макроспориоз" атамаларини ишлатиш ман этилган.
Қўзғатувчининг белгилари. Alternaria solani. Замбуруғ ўсимликлар тўқималари устида юпқа, оқ, баъзан сал пуштироқ ёки қўнғирроқ рангли мицелий, конидиофора ва конидиялардан ташкил топган моғор пайдо.қилади. Конидиофораларнингузунлиги 110 мкм гача, эни 6-10 мкм. Конидиялар ҳар бир конидиофорада одатда биттадан пайдо бўлади, тўғри ёки сал буралган, узунчоқ, тўқмоқ, тескари-тўқмоқ ёки эллипсоид шаклли, устки қисми аста-секин ингичкалашиб, узунлиги конидиянинг узунлигига тенг ёки ундан ҳам узунроқ бўлган бўйинча ҳосил қилади, энига 1-9, бўйига 1-2 тўғри ёки қийшиқ септали, Ўлчами 150-300x6-20 мкм, бўйинчасининг эни 2,5-5 мкм.
Картошка замбуруғ билан, одатда, гуллаш фазасида зарарланади. Баргларда, камроқ даражада новда ва пояларда қиррали (кўп бурчакли), томирчалар билан чегараланган, қўнғир, сўнгра тўқ-қўнғир, некротик, концентрик доғлар пайдо бўлади. Кучли зарарланган барглар сарғаяди ва қурийди. Туганаклар зарарланганида уларнинг устида қуруқ, терисимон доғлар ривожланади, доғлар остидаги тўқималар чирийди. Ўсув даврида альтернариоз конидиялари билан тарқалади. Касаллик учун иссиқ ва ёмғирли об-ҳаво қулай ҳисобланади. Тупроқда калий етишмаслиги альтернариозни кучайтиради. Эртапишар навлар одатда касалликка чидамсиз, кечпишарлари эса кўпинча чидамлилик намоён этади. Қўзғатувчи ўсимлик қолдиқларида сақланади. Картошкадан ташқари помидор, бақлажон ҳамда итузумдошлар оиласига мансуб бўлган бегона ўтлар ҳам зарарланади.
Кураш чоралари. Ўсимлик қолдиқларини йўқотиш (кузги шудгорда тупроққа кўмиш), хўжайин экинларни бир-бирига яқин далаларга жойлаштирмаслик, бегона ўтлар билан курашиш, уруғлик туганакларни экишдан олдин фунгицидлар билан дорилаш, элементлар баланси сақланган тўла ўғит ҳамда калий ўғитларини бериш тавсия қилинади (Пидопличко, 19776; Пересыпкин, 1982; Int. Potato Center, 1982).
Альтернариоз Ўзбекистонда картошкада ўсув даврида ва омборхоналарда сақлаш пайтида қайд этилган (Кузнецова, Турсуметова, 1970; Сагдуллаева и др., 1990, 1995; Бўриев ва б., 2002), аммо унинг экинда ўсув даврида учраши, тарқалиш даражаси ва ҳосилга таъсири ўрганилмаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |