Картошка бўртма калмараз (ооспороз) касаллигини Oospora pustulans гифомицет замбуруғи қўзғатади, Туганаклар далада ташқи белгиларсиз зарарланади.
Қўзғатувчининг белгилари. Oospora pustulans. Конидиялар мицелий ҳужайралари ажралишидан ҳосил бўлади, бироз чўзинчоқ ёки цилиндрсимон, ўлчами 6-12x2-12 мкм.
Омборхонада сақланаётган картошкада касаллик белгилари 4-5 ойдан сўнг юзага чиқади ва баҳоргача ривожланиши давом этади. Туганаклар устида қорамтир, думалоқ, диаметри 2-4 мм гача, атрофи бироз ботиқ бўртма пустула (яра) лар пайдо бўлади, ўша жойлар бироз ғижимланганга ўхшаб қолади. Замбуруғ туганакларга кўзчалари ва ҳар хил яралар (механик жароҳатлар, ҳашарот чаққан ёки касаллик туфайли пайдо бўлган тешиклар) орқали киради. Ўсимлик қолдиқлари, зарарланган туганак ва тупроқдаги склероцийлар инфекция манбаи бўлиб хизмат қилади. Зарарланган туганакларнинг сифати бузилади, уруғлик учун ишлатилганда ниҳоллар сони камаяди. Касалликка чидамли навлар йўқ.
Кураш чоралари. Омборхоналарда картошкани сақлаш қоидаларига риоя қилишдан иборат (Пересыпкин, 1982). Ооспороз Ўзбекистонда ҳам омборхоналарда учрайди.
Картошка оддий калмараз касаллигини актиномицет Streptomyces scabies қўзғатади. Касаллик дунёда тупроғи жуда нордон бўлмаган барча минтақаларда учрайди. Туганакларнинг устида майда, қўнғир ёки тўқ-қўнғир, тўрсимон доғлар пайдо бўлади. Улар ўсиб, қўшилиб, бироз бўртган ёки ботиқ, қизғиш тўқ-қўнғир доғ, сўгал ва яраларга айланади. Омборхоналарда сақлаш пайтида, иккиламчи микроорганизмлар таъсирида бундай туганаклар бутунлай чирийди. Қўзғатувчи туганакларни енгил ва соз тупроқларда кўпроқ зарарлайди, тупроққа оҳак солиш касалликни кучайтиради.
Қўзғатувчининг белгилари. Streptomyces scabies. Барча актиномицетлар каби, бу тур ҳам грамманфий. Сунъий озуқа муҳитларида ғадир-будур, терисимон, сарғиш ёки сарғиш-қўнғир, зич колониялар ҳосил қилади. Колониялар устида ҳавода ривожланадиган спорофоралари винтга ўхшаб буралган; споралари цилиндр шаклли, рангсиз, 1,2-1,5x0,8-1 мкм.
Кураш чоралари. Чидамли навлар экиш, уруғлик туганакларни экишдан олдин дорилаш, тупроқда рН 5-5,2 бўлишини таъминлаш, карам, лавлаги каби экинлар билан алмашлаб экишни жорий қилиш, умумий агротехника қоидаларига риоя этиш лозим (Пересыпкин, 1982; Int. Potato Center, 1982; Попкова и др., 2005). Касаллик Ўзбекистонда ҳам қайд этилган (Запрометов, 1974).
Картошканинг яна битта - чангли калмараз касаллигининг (қўзғатувчи Spongospora subterranea) Ўзбекистонда мавжудлиги аниқланмаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |