Кураш чоралари. Ҳосил пишгандан сўнг тезда, механик жароҳатлар етказмасдан, йиғиб олиш, яхшилаб (8-10 кун давомида) қуритиш, дезинфекция қилинган омборхоналарга жойлаш, паст ҳароратда (-3... +1°С) сақлаш, шамоллатиб туриш ва бошқа талабларга риоя қилиш; уруғни экишдан олдин самарали фунгицид суспензияси билан дорилаш ва қуритиш; уруғни ва уруғ олиш учун ажратилган пиёзбошларни эртароқ муддатларда экиш; далада касаллик ўчоқларига 0,2% ли Бордо суюқлиги пуркаш; таркибида моддалар баланси сақланган минерал ўғит қўллаш тавсия этилади (Герасимов, Осницкая, 1961; Кузнецова, Турсуметова, 1970; Пидопличко, 1977а,б; Пересыпкин, 1982; MacNab et al., 1983; Мақсудхўжаева, Аббосов, 1986; Вянгеляускайте и др., 1989; Сычев, Мизунов, 1991; Бўриев ва б., 2002).
Пиёз тўқ-қизил (альтернариоз) доғланишини Alternaria porri замбуруғи қўзғатади. Касаллик дунёнинг барча минтақаларида тарқалган, Ўзбекистонда учраши ҳам эҳтимол қилинади.
Альтернариоз пиёз баргларини кўпинча кулранг чириш касаллигидан сўнг зарарлайди. Баргларда олдин қайноқ сувга куйганга ўхшаш доғлар пайдо бўлади, улар тезда қўнғир тус олади, сўнгра ўсиб, узунлиги 3-5 см га етадиган, сариқ ҳошияли, тўқ-қизил тусли, концентрик зоналардан иборат бўлган эллипс ёки узунчоқ шакл олади. Намлик мавжудлигида доғлар қўнғир моғор билан қопланади. Барглар ва ўқбарглар кучли зарарланган жойлардан букилади ва синади. Замбуруғ ўсимлик қолдиқларида қишлайди (Пидопличко, 19776; MacNab et al., 1983).
Қузғатувчининг белгилари. Alternaria porri. Конидиофоралар узунлиги 120 мкм гача, эни 5-10 мкм. Конидиялар, одатда, биттадан ривожланувчи, тўғри ёки сал эгилган, тескари-тўқмоқ ёки эллипсоид шаклли, усти силлиқ ёки майда сўгалчалар билан қопланган, учи нозиклашиб, узунлиги конидия узунлигига баравар бўлган бўйинча ҳосил қилувчи, туси оч-жигаррангдан ўртача-қўнғиргача, ўлчами 100-300x15-20 мкм, энига 8-12, бўйига тўғри ёки қийшиқ жойлашган 0-4 септали, бўйинчасининг эни 2-4 мкм.
Пиёзнинг стемфилиоз доғланишини кучсиз паразитлар -
Stemphylium allii ва Stemphylium botryosum замбуруғлари қўзғатади. Касаллик
барча минтақаларда тарқалган, Ўзбекистонда ҳам қайд этилган,
аммо экинга зарари кам, ёки ўрганилмаган. Пиёз, саримсоқ ва бошқа
пиёзгулдош экин ва бегона ўтлар зарарланади.
Стемфилиоз кўпинча пероноспороз ва бошқа касалликлар билан зарарланган пиёзда ривожланади. Уруғ олиш учун экилган пиёзбошларнинг ўқбарги ва баргларида тўқ-қўнғир ёки қорамтир моғор қатлами пайдо бўлади, ўқбарг букилиб синиши, уруғ ривожланмаслиги ёки майда ва пуч бўлиши кузатилади. Зарарланган майсалари чириб кетади (Пидопличко, 19776; Вянгеляускайте и др., 1989; Сагдуллаева и др., 1990; Холмуродов, 2004).
Do'stlaringiz bilan baham: |