1.Ишлаб чиқариш инфратузилмасини баҳолашда ишлаб чиқариш инфратузилмаси салоҳияти тушунчаси. Ишлаб чиқариш инфратузилмаси тармоқларини ривожланиш даражаси ишлаб чиқариш салоҳиятини, яъни тармоқларга хизмат кўрсатиш бўйича муайян иш ҳажмини бажариш имкониятини акс эттиради.
Ишлаб чиқариш салоҳияти – бу ишлаб чиқариш тизимларининг мавжуд ресурслар ва улардан фойдаланиш самарадорлиги билан шартланланган моддий неъматларни ишлаб чиқариш ва жамият эҳтиёжларини қондиришдаги умумий қобилияти.
Ишлаб чиқариш инфратузилмаси салоҳияти – бу ишлаб чиқариш инфратузилмасининг мавжуд ресурслар ва улардан фойдааниш самарадорлиги асосида саноатни ривожлантиришни таъминлашдаги умумий қобилияти.
Ишлаб чиқариш инфратузилмаси ривожланишини умумий салоҳияти бир қанча хусусий салоҳиятлардан таркиб топган:
- Молиявий салоҳият
- Ахборот салоҳияти
- Энергетика салоҳияти
- Транспорт салоҳияти
- Коммунал хўжалиги салоҳияти
- Тадбиркорлик хизматлари соҳаси салоҳияти
Молиявий салоҳият – бу давлатнинг жами молиявий имкониятлари бўлиб, улар давлатнинг маъмурий таъсири остида молиявий ресурсларга айлантирилади ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш мақсадларига хизмат қилади.
Ахборот салоҳиятининг ташкил этувчиларига корхоналар томонидан корпоратив аҳборот тизимлари, интернет ва телефония хизматларидан фойдаланиш салоҳиятлари киради.
Энергетика салоҳияти электр энергетикаси, газ ва нефть таъминоти кўрсаткичлари орқали баҳоланади.
Транспорт салоҳиятини баҳолаш кўрсаткичларига автомобиль ва темир йўллари, қувур транспорти, шунингдек ҳаво алоқаси ва денгиз йўлларининг узунлиги ва юк ташиш қувватлари киради.
Коммунал хўжалиги салоҳият саноатнинг иссиқ ва совуқ сув, канализация, сиқиқ ҳаво ва мавсумий иситиш билан таъминланганлиги орқали аниқланади.
Тадбиркорлик хизматлари соҳаси салоҳияти дейилганда ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш хизматларининг буюртмачилари ва ижрочилари ўртасидаги талаб ва таклифнинг мавозанатлашгани тушунилади.