ИНСОН МАНФААТЛАРИ УСТУВОРЛИГИНИНГ ЯНГИ ПРИНЦИПИ Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ижтимоий тармоқларда кўплаб таклифлар билдирилмоқда. Жумладан, инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши тўғрисидаги қоида (принцип)нинг конституцияга киритилиши таклиф этилмоқда.
Мазкур принципга кўра, шахс ва давлат ўртасидаги муносабатларда қонун билан белгиланмаган ноаниқликлар ёки қонунда ечими мавжуд бўлмаган зиддиятлар юзага келаганда, ушбу ноаниқлик ва зиддият шахснинг фойдасидан ва манфаатларидан келиб чиқиб ҳал этилади. Мазкур принцип шахс манфаатлари устуворлиги принципининг ёрқин кўриниши ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, қонун ҳужжатларида шахс манфаатлари устуворлигига оид муаян нормалар бор. Жумладан: Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Божхона кодексининг 4-моддасига кўраэса, божхона тўғрисидаги қонунчиликдаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг фойдасига талқин қилинади. Шунингдек, шахс манфаатлари устуворлиги принципи тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари иқтисодий низоларни кўриб чиқишда (Иқтисодий процессуал кодексининг 13-моддаси), маъмурий ишларни кўриб чиқишда (Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 15-моддаси), солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда (Солиқ кодексининг 13-моддаси), тадбиркорлик фаолиятига оид муносабатларда (“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддаси), маъмурий иш юритишда (“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддаси) ҳам ўз муайян даражада ўз ифодасини топган.
Бироқ давлат органлари билан ўзаро муносабатларидаги қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларнинг инсон фойдасига талқин қилиниши тўғрисидаги принцип барча ҳолатларда бир хил ва қатъий қўлланилишининг ҳуқуқий асослари ҳали қонунчилигимизда мавжуд эмас. Масалан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш билан боғлиқ муносабатларда ҳамда “Судлар тўғрисида”ги қонунда судлар томонидан қонунчиликни қўллаш амалиётида юзага келадиган ноаниқликлар ва қарама-қаршиликларни ҳал этишда ҳам инсон манфаатлари устуворлиги принципи белгиланмаган. Пенция, таълим, меҳнат, оила, фуқаролик, хусусий мулк, маъмурий ва интизомий жавобгарлик жавобгарлик каби муносабатлардаюзага келадиган ноаниқликлар ва қарама-қаршиликларни шахс манфаатларидан келиб чиқиб ҳал этиш асосларини мавжуд эмас. Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши тўғрисидаги принципнинг конституцияга киритилиши шахс манфаатлари устуворлигини таъминлаш, “инсон қадри учун” ҳамда “инсон — жамият — давлат” принципларини миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда мустаҳкамлашга хизмат қилади.