Олий таълим тизимида аттестация ва аккредитациянинг аҳамияти ва уларни ўтказиш механизмлари. Аттестация – ходим ўз фаолиятини қай даражада самарали амалга оширишига баҳо бериш. Ташкилотда аттестациялар умумий тушунчаси билан бир қаторда Performance Assessment – натижаларга баҳо бериш, Personnel Evaluation – ходимларга баҳо бериш, Personal Performance Appraisal – шахсий ютуқларга баҳо бериш, Assessment – шахсий фазилатларга баҳо бериш атамалари ҳам қўлланилади.
Аттестацияни ўтказиш қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш имкониятини беради:
асосий таълим дастури бўйича таълим жараёнининг ҳолати ҳақида аниқ ахборот олиш;
битирувчиларни тайёрлаш мазмуни ва сифатининг Давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлиги даражасини аниқлаш;
олий ўқув юрти таркибий бўлинмаларининг таълим фаолиятида ижобий ва салбий жараёнларни аниқлаш;
аттестация жараёнида аниқланган муаммоларнинг сабаблари ва уларни ечиш йўлларини аниқлаш.
Аттестацияни ташкил этиш ва ўтказишда муайян шартларга риоя қилиш лозим. Биринчидан, баҳолаш тизими мумкин қадар объектив бўлиши ва ходимлар томонидан объектив мезонлар сифатида идрок этилиши, аниқ ва тушунарли бўлиши керак. Иккинчидан, баҳолаш натижалари сир тутилиши, яъни ходим, раҳбар ва кадрлар билан ишлаш бўлимигагина маълум бўлиши лозим.
Аттестация жараёнида ходим фаолиятининг турли томонлари, унинг хулқ-атвори, шахсий фазилатларига баҳо берилади.
Аттестация олий ўқув юртларида асосий таълим дастурларини тайёрлаш сифатини давлат томонидан назорат қилиш шакли ҳисобланади. У битирувчиларнинг тайёргарлик даражасини оширишни, таълим тизимини молиялаштириш учун ажратилаётган давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланишни назарда тутади.
Аттестация натижаларига мувофиқ олий ўқув юртини аккредитациядан ўтказиш амалга оширилади. Бу тадбирнинг мақсади – олий ўқув юртининг мақомини ва мутахассислар тайёрлаш йўналишлари (ихтисосликлар) рўйхатини белгилаш. Олий ўқув юртининг давлат аккредитацияси унинг фаолиятини бюджетдан молиялаштириш учун асос ҳисобланади.
Олий ўқув юрти асосий касб-ҳунар таълим дастурларини, шунингдек уларни амалга ошириш технологиясини мустақил ишлаб чиқади ва қабул қилади. Олий ўқув юртида давлат таълим стандартлари талабларининг бажарилиши устидан назоратни тест маркази Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширади.
Ташқи экспертиза натижаларига кўра аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги қарорни Аттестация комиссияси қабул қилади. Комиссия қарорида қуйидагилар акс эттирилади:
аттестацион экспертиза ва кўрсаткичларга баҳо бериш натижаларига кўра олий ўқув юритини аккредиатциядан ўтган (ёки ўтмаган) деб топиш тўғрисида хулосалар;
ўқув юртининг давлат мақомини (типи ва турини) белгилаш;
олий ўқув юртига қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлар ва ваколатларни давлат номидан муайян муддатга бериш.
Қоидага биноан олий ўқув юртини аккредитация қилиш ҳар беш йилда бир марта ўтказилади.
Аккредитация ихтиёрий – ҳукуматга алоқадорсиз (АҚШда) ва мажбурий – ҳукуматга алоқадор (Ғарбий Европа мамлакатларида) бўлиши мумкин. Ҳар икки ҳолда ҳам аккредитациядан ўтказувчи ташкилот тан олиш мезонини белгилайди, мазкур мезонларга таълим муассасалари мувофиқлигини белгилаш мақсадида жойларда текширувлар ташкил этади ва таълим муассасаси ҳамда унинг тайёрлов дастурларига аккредитланган мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Бундан ташқари, аттестация ва ўз-ўзини аттестациялаш бир-бири билан турлича муддат ва функциявий боғлиқликка эга. У, норвег маърифатпарвари Тронд Алевик таснифига кўра, бир вактда, кетма-кетликда ёки биргаликда ўтказилиши мумкин.
Бир вақтда (параллел) ўтадиган аттестация ва ўз-ўзини аттестациялашда ташқи идора ҳамда таълим муассасаси ҳар бири ўз баҳосини беради. Текширув сўнгида натижаларни алмашадилар ва уларни қиёслайдилар.
Кетма-кет аттестацияда ва ўз-ўзини аттестациялашда аввал таълим муассасаси ўз фаолиятини баҳолайди, сўнг ташқи идора булардан ўз назоратида асоси сифатида фойдаланади.
Биргаликдаги аттестацияда томонлар баҳолаш жараёни хусусида келишиб оладилар. Бунда манфаатлар турлилиги ва шу билан бир вақтда барча нуқтаи назарлар эътиборга олинади. Ҳозирги вақтда кўпчилик ривожланган мамлакатларда аттестация ва ўз-ўзини аттестациялашни кетма-кет ёки биргаликда ўтказишга ҳаракат қилинади, бунда таълим олувчилар ва улар ота-оналари сўровини ўтказишга катта эътибор берадилар.
Ўзбекистонда таълим муассасасини давлат аккредитациясидан ўтказишда Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази таркибидаги Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш педагог ходимлар ва таълим муассасасининг аттестациялаш бошқармаси ўтказган давлататтестацияси қўшиб олиб борилади. Агар таълим муассасаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори билан таъсис этилган бўлса, унда у аттестациядан ўтгунига қадар аккредитациядан ўтган ҳисобланади.
Давлат аттестацияси 5 йилда камида бир марта ўтказилади.
Аккредитация ва комплекс баҳо беришни ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги таълимни бошқариш органлари учунгина эмас, балки олий ўқув юртининг ўзи учун ҳам аниқ ва равшан. У таълим муассасалари фаолиятига баҳо бериш жараёнини такомиллаштириш ва оптималлаштириш имкониятини беради ва баҳолаш ва назорат тизимини ривожлантириш учун хизмат қилади.