Тадқиқотчининг докторлик диссертацияси мавзусини рўйхатдан ўтказиш
ва «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилиш
ТАРТИБИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 4456-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 365-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тўғрисида низом»га мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига (бундан буён ОАК деб юритилади) фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқотлари мавзуларини мувофиқлаштириш, мониторингини олиб бориш ва уларни рўйхатдан ўтказиш юклатилган.
1. Мазкур тартиб «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тўғрисида низом», ОАКнинг «Фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги низом» ва «Фан доктори илмий даражасини бериш тартиби тўғрисидаги низом» асосида ишлаб чиқилган.
2. ОАК талабгорларнинг илмий ва илмий-педагогик ишларни олиб боришга лаёқатини аниқлаш бўйича тест синовлари натижалари асосида фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқотлари мавзуларини мувофиқлаштиради, мониторингини олиб боради, шунингдек уларни рўйхатдан ўтказади.
3. Диссертация тадқиқотлари мавзуларини шакллантириш, давлат илмий-техник дастурларига мувофиқлигини таъминлаш ҳамда уларни докторлик диссертациялари мавзулари маълумотлар базасига киритиш ҳамда олий таълим муассасаси (бундан буён ОТМ деб юритилади) кенгаши ёки илмий-тадқиқот муассасаси (бундан буён ИТМ деб юритилади)нинг илмий кенгаши қарори билан тасдиқлаш ишлари «Олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари» ҳамда «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги низом» асосида тартибга солинади.
4. Тадқиқотчиниг фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқотлари мавзуси ўрнатилган тартибда ОТМ кенгаши ёки ИТМ илмий кенгаши қарори билан тасдиқланган кейин уни рўйхатдан ўтказиш ва «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилиш учун ОТМ ёки ИТМ раҳбарининг йўлланма хати31[1] ОАК Котибиятига (тегишли бош инспекторига) ОТМ кенгаши ёки ИТМ илмий кенгаши илмий котиби томонидан тақдим этилади:
Йўлланма хатга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
4.1. Тадқиқотчиниг докторлик диссертацияси мавзусини рўйхатдан ўтказиш бўйича асоснома материал (шакл илова қилинади);
4.2. Мавзунинг тасдиқланганлиги ҳақида ОТМ кенгаши ёки ИТМ илмий кенгаши ва мувофиқлаштирувчи кенгашлар қарорларидан кўчирмалар.
4.3. Илмий маслаҳатчи тасдиқланганлиги ҳақида ОТМ кенгаши ёки ИТМ илмий кенгаши қароридан кўчирма.
4.4. Эълон матни.
5. ОАК Котибияти (масъул бош инспектор):
- тақдим этилган ҳужжатларни ОТМ кенгаши ёки ИТМ илмий кенгашининг илмий котиби иштирокида меъёрий-техник экспертизадан ўтказади. Тақдим этилган ҳужжатлар мукаммал расмийлаштирилган ва тўла шакллантирилган бўлганида уларни қабул қилиб олади ва рўйҳатдан ўтказади;
- ҳужжатлар бўйича камчиликлар аниқланган ҳолларда, тегишли маълумотнома расмийлаштиради ва ОТМ кенгаши ёки ИТМ илмий кенгашининг илмий котибига хужжатларни қайтариб беради. (Диссертация мавзуси ёки ҳужжатлар бўйича кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгач, ҳужжатлар қайта топширилади);
- диссертация мавзусини рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳужжатларни ОАК Котибиятда рўйҳатдан ўтказилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида ОАК Мониторинг бўлимига киритади.
6. Мониторинг бўлими:
- ОАК Котибияти тақдим этган тадқиқотчининг докторлик диссертацияси мавзусини рўйхатдан ўтказиш ва «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилишга оид ҳужжатларни тегишли Эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши муҳокамасига киритади;
- тегишли Эксперт кенгаши қарори билан тадқиқотчининг докторлик диссертацияси мавзусини рўйхатдан ўтказиш ва «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилишга оид хужжатлар Эксперт кенгаши мажлиси ўтказилгандан сўнг 3 иш куни ичида ОАК Котибиятига тақдим этилади;.
7. ОАК Котибияти (масъул бош инспектор):
- эълон қилишга тавсия этилган мавзуларга тегишли маълумотларни 7 иш куни ичида ОАК электрон базасига киритиш ва «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилиш учун тайёрлайди ва ОАК электрон базасига киритиш бўйича материалларни тегишли масъул ходимга ва «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилиш бўйича материалларни ОАК Бюллетени» журналининг масъул котибига топширади;
- камчиликлар аниқланган ҳолларда, тегишли хабар ОТМ ёки ИТМнинг электрон манзилига 10 иш куни ичида юборилади, тадқиқотчиниг докторлик диссертацияси мавзусини рўйхатдан ўтказишга оид ҳужжатлар сақлаб қўйилади;
- ОТМ кенгашлари ёки ИТМ илмий кенгашлари томонидан тадқиқотчиларнинг докторлик диссертациялари мавзусига оид материаллар сифати ва уларнинг натижаларини ўрганади, ОТМ ва ИТМ кесимида ярим йиллик якунлар бўйича таҳлил қилади, маълумотномалар тайёрлайди ва ОАК Раёсати мажлисида белгиланган тартибда ҳисобот ҳамда «ОАК Бюллетени» журналида ахборот бериб боради.
8. Диссертациялар мавзулари бўйича маълумотнома йил якуни бўйича ҳисоботларда акс эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси ОАК Раёсатининг 2013 йил 28 мартдаги 196/1-сонли қарорига асосан тасдиқланган “Тадқиқотчининг докторлик диссертацияси мавзусини рўйхатдан ўтказиш ва «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилиш ТАРТИБИ”га илова
Тадқиқотчининг докторлик диссертацияси мавзусини рўйхатдан ўтказиш ва «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилиш бўйича асоснома матни қуйидаги тартибда берилади:
Тадқитотчининг фамилияси, исми-шарифи;
Тадқитотчининг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича берилган гувоҳнома рақами ва санаси;
Бажарилиши режалаштирилаётган диссертация иши мавзуси;
Иxтисослик шифри ва номи;
Диссертация иши бажарилаётган фан тармоғи;
Илмий маслаҳатчининг фамилияси, исми-шарифи, илмий даражаси ва унвони;
Диссертация иши бажариладиган ташкилотнинг тўлиқ номи ва электрон манзили;
Мавзу ФТРМҚнинг интернет-саҳифасида эълон қилинганлиги ҳақида маълумот;
Тадқиқотчининг мақоми ва қабул қилинган санаси (катта илмий ходим-изланувчи, мустақил изланувчи, тўлов-контракт асосидаги изланувчи);
Мавзунинг долзарблиги (0,5 саҳифадан ошмаслиги зарур);
Мавзунинг республикада олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларига мослиги;
Ишнинг давлат дастурлари ёки илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси (1 саҳифадан ошмаслиги зарур).
Тадқиқотнинг мақсади.
Тадқиқотнинг объекти.
Тадқиқотнинг предмети.
Кутилаётган илмий янгиликлар рақамланган ҳолда кўрсатилиб, моҳияти қисқача тавсифланади (1 саҳифадан ошмаслиги зарур).
Бажарилиши кутилаётган тадқиқот ишлари режаси (1 саҳифадан ошмаслиги зарур).
Do'stlaringiz bilan baham: |