Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Мазкур тадқиқот натижалари 2 та халқаро ва 6 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 16 та илмий иш, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси томонидан докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 7 та мақола, жумладан, 6 таси республика ва 1 таси хорижий журналларда чоп этилган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч боб, хулоса, 132 саҳифа матн, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Кириш қисмида диссертация мавзусининг долзарблиги асосланган, муаммонинг ўрганилганлик даражаси баён этилган, тадқиқотнинг мақсади ва вазифалари, шунингдек объекти ва предмети аниқланган, тадқиқот ишининг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларига мослиги кўрсатилган ҳамда тадқиқотнинг илмий янгилиги, натижаларнинг ишончлилиги, назарий ва амалий аҳамияти, натижаларнинг амалиётга жорий этилиши, эълон қилинганлиги, ишнинг тузилиши борасида маълумотлар киритилган.
Диссертациянинг “Умумтаълим фанларидан янги авлод дарсликларини яратишнинг назарий асослари” деб номланган биринчи бобида умумтаълим фанларидан дарслик яратишнинг назарий-тарихий асослари, замонавий дарсликларнинг асосий дидактик функцияси ва моҳияти, янги авлод дарсликларини яратишда узвийлик ва узлуксизлик масалалари баён этилган.
Дарсликлар кўп йиллик педагогик, психологик изланишлар, илғор тажрибалар ҳамда жаҳон стандарти намуналари асосида тузилган бўлиши лозим. Хусусан, умумтаълим фанлари бўйича яратилган дарсликларнинг тили содда, равон ва тушунарли, ўқувчи ёши ҳамда психологик хусусиятига мос бўлиши, уларнинг нутқи ва дунёқарашининг ўсишига ёрдам бериши керак.
“Дарслик” тушунчасига берилган кўплаб таърифларни таҳлил этиш асосида “янги авлод дарсликлари” тушунчасига муаллифлик ёндашуви асосида қуйидагича таъриф берилди: “Янги авлод дарсликлари компетенциявий ёндашув, илғор педагогик ва ахборот технологиялари талабларини ҳисобга олган ҳолда Давлат таълим стандарти, ўқув режа ва дастури асосида ишлаб чиқилган, ўқувчиларни умумтаълимий ва ҳаётий фаолиятга тайёрлашга хизмат қилувчи, шахсга йўналтирилган ўқув адабиётидир”.
Дарсликлардаги ҳар бир мавзу ўзидан олдинги мавзуни тўлдириб, оддийдан мураккабга томон ривожланиб бориши зарур. У ўқувчиларга одоб- ахлоқни ўргатишга хизмат қилиши, уларда она-Ватанга меҳр-муҳаббат, кишиларга ғамхўрлик, меҳрибонлик, илтифотлилик, меҳнатсеварлик, камтарлик, виждонлилик каби ижобий фазилатларни тарбиялашга хизмат қилиши лозим.
Ўзбекистонда ўқув-методик талабларга жавоб берадиган дарсликлар яратиш анъанасини жадид маърифатпарварлари бошлаб беришди. Жумладан, Саидрасул Азизий, Муҳаммадрасул Расулий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдуқодир Шакурий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийлар томонидан мактаб ўқувчилари учун яратилган дарсликлар болаларнинг ёш ва психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ёзилганлиги, қизиқарлилик, тушунарлилик, матнни тушуниш ва ўқишнинг осонлиги каби талабларга жавоб берганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Адабиётлар таҳлили педагог олимлар томонидан дарслик яратишга қўйиладиган дидактик тамойиллар (В.П.Беспалько), мактаб дарсликларини яратиш назариясини ишлаб чиқишга доир муаммоларни ҳал этишга мажмуавий ёндашув (Д.Д.Зуев), узлуксиз таълим тизими учун информатикадан ўқув адабиётларининг янги авлодини яратиш (Н.И.Тайлаков), дарслик яратиш методологияси (Д.Шодиев, Р.Сафарова) бўйича илмий изланишлар амалга оширилганлиги, Ш.Неъматов томонидан Туркистонда дарсликлар яратишнинг тарихий йўли ва дидактик асослари, Ф.Қўчқорова томонидан янги авлод дарсликларини яратишда концентризм принципи асосида ўқув материалларини структуралаш масаласи бўйича илмий изланишлар олиб борилганлиги аниқланди.
Дарсликларнинг дидактик вазифаларини тизимлаштиришнинг аҳамияти таълим жараёнига ахборот оқимларининг кўплаб жалб этилиши муносабати билан кучайиб бормоқда. Натижада ўқув материалларини интеграциялаш ва умумлаштиришни тақозо қилмоқда. Ўқув материалларини танлаш ва структуралаш дарсликни лойиҳалашга алоқадор ҳолатдир. Бу эса таълим жараёнини лойиҳалаш асосида келиб чиқади. Янги авлод дарсликларида ўқув материалини тизимлаштиришда жараёнга доир ва режалилик тамойилларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Дарсликнинг асосий функциялари таълимнинг ўқитиш, тарбиялаш ва ривожлантириш функцияларини ҳал этиш ҳисобланади. Уларни амалга ошириш учун қўшимча функцияларга зарурият юзага келади. Шунинг учун қўшимча функциялар миқдори муаллифнинг мақсадидан келиб чиққан ҳолда турлича бўлиши мумкин (1-расмга қаранг).
1-расм. Янги авлод дарсликларининг асосий функциялари
Шу билан бирга, компетенциявий ёндашув талабларидан келиб чиққан ҳолда дарсликнинг асосий вазифаларига қуйидаги ўзгартиришлар киритиш талаб этилади: илмий-виртуал дунёқарашни ривожлантириш, XXI аср учун зарур бўлган шахсий сифатлар ҳамда ўқув, фикрлаш, ахборот билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш; илмий янгиликлардан, мантиқий ва танқидий фикрлаш технологияларидан фойдаланишга ўргатиш; тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантириш; ўқиш ва матнни тушунишнинг халқаро стандартлари талабларига жавоб бериш ва ҳ.к.
Узвийлик тамойилини амалга ошириш орқали замонавий дарсликларни яратиш ва таълимни ахборотлаштириш шароитида ундан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Замонавий дарслик узвийлик ва узлуксизликка асосланган шахсни мотивлаштиришнинг яхлит тузилмасини ўзида бирлаштириши лозим. Ҳар қандай алоҳида хусусиятга эга дарсликлар (таянч, узвийлашган ва шахсга йўналтирилган) яхлитликда шахсга йўналтирилган узвийлашган дарслик номи остида бирлашиши зарур, деган хулосага келинди.
Диссертациянинг “Бенчмаркинг воситасида янги авлод дарсликларини яратишнинг дидактик параметрлари” деб номланган иккинчи бобида умумтаълим фанларидан дарсликларни яратишнинг мавжуд ҳолати ва такомиллаштириш имкониятлари, таълимий бенчмаркинг илғор тажрибалар асосида янги авлод дарсликларини яратиш воситаси эканлиги, тарих фанидан янги авлод дарсликларини яратишга қўйиладиган дидактик ва методик талаблар ёритиб берилган.
Таҳлилий материаллар ва тадқиқот натижалари асосида дарслик яратиш бўйича қатор муаммоларнинг мавжудлиги аниқланди: дарслик яратиш билан боғлиқ: дарсликни яратиш муддатлари тўғри белгиланмаслиги; муаллифларнинг дарслик яратиш методологиясини чуқур эгалламаганлиги; методистлар ва муаллифлар ўртасида ҳамкорликнинг етарли эмаслиги; синфлар кесимида дарслик муаллифлари ўртасида ҳамкорликнинг мавжуд эмаслиги; ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва дарсликларни яратиш даврийлигидаги узвийликнинг таъминланмаслиги; дарсликни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ: такрорий экспертизанинг мавжуд эмаслиги ва экспертиза параметрлари ва индикаторларининг тўлиқ эмаслиги; экспертиза учун белгиланган вақтнинг етарли эмаслиги; дарсликни нашрга тайёрлаш соҳасида: нашриётлар ва муаллифлар ўртасидаги ҳамкорликнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги; дарсликларни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этиш билан боғлиқ: дарсликларни кенг жамоатчилик билан муҳокама қилишнинг тизимли йўлга қўйилмаганлиги; оммавий ахборот воситаларида дарслик муҳокамаларининг бир томонлама, субъектив муҳокама қилиниши ва ҳ.к.
Мазкур муаммоларни ҳал этиш учун дарслик яратишнинг назарий асослари мукаммал ишлаб чиқилиши лозим. Айнан замонавий дарслик назарияси билан мувофиқлик тамойилига таняган ҳолда: дарслик назарияси такомиллаштирилиши лозим; дарсликни яратишнинг назарий асослари бутунлай рад этилмаслиги керак; дарслик назарияси ўзида яхлитликнинг алоҳида таркибий қисмларини акс эттириши керак; замонавий дарсликларни яратишда анъанавий ва янги назарий ёндашувларнинг уйғунлиги таъминланиши лозим, деган хулосага келинди.
“Бенчмаркинг” тушунчасига берилган таърифлар асосида “Янги авлод дарсликларини яратишда бенчмаркинг бу илғор иш тажрибаларини ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳолаш, ечим ва натижаларга эришиш мақсадида ўзаро корпоратив ҳамкорликни амалга ошириш воситасидир”, деган хулосага келинди.
Янги авлод дарсликларини бенчмаркинг воситасида яратиш нуқтаи назаридан уч – мақсад ва вазифаси, объекти ҳамда субъекти кўра бенчмаркинг турлари аниқлаштирилди (1-жадвалга қаранг). Янги авлод дарсликларини яратиш мақсади ва мазкур фаолият турини такомиллаштиришга кўра: стратегик (янги авлод дарсликларини яратишнинг таянч аспектлари), операцион (субъектларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда дарсликни яратиш жараёнига ўзгартиришлар киритиш); бенчмаркинг объектларига кўра: жараёнли (дарслик яратиш билан боғлиқ барча жиҳатлар: жараённинг ўзи, натижа, ресурслар), муаммога йўналтирилган; бенчмаркинг субъектлари ва ҳамкорлар бўйича: ички ва ташқи турлари белгиланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |