Bog'liq Турмуш, тенгсизлик даражаси ва инсон тараққиёти
Эндоген ўсиш назариясида (америкалик иқтисодчилар П.Ромер, Р.Лукас ва бошқалар) узоқ муддатли даврда технологик тараққиёт иқтисодий ўсишнинг ягона сабаби ҳисобланмайди. Ушбу мактаб вакиллари технологик тараққиёт ва инсон капиталига инвестициялар киритшга асосланган ишлаб чиқариш-техника энг муҳим янгиликларининг эндоген хусусиятлари тўғрисидаги гипотезани ишлаб чиққанлар. Улар иқтисодий ўсишнинг даражаси қуйидаги омилларга боғлиқлигини тасдиқлашган:
● инсон капиталининг сифати, инсонни ривожлантиришга (таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳоказоларга) инвестициялар;
● мукаммал бўлмаган рақобат шароитларида интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
● фан ва технологияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
● қулай инвестиция муҳитини яратиш ва янги технологияларни ўзлаштириш.
П. Ромернинг фикрича, “бугунги истеъмол билан эртага қилинадиган истеъмолни кенгайтириш учун фойдаланилиши мумкин бўлган билимлар ўртасида айрибошлаш мавжуддир”. У мазкур ғояни ўтмишдаги истеъмолдан “билим” яратадиган “тадқиқотлар технологияси” сифатида ифода этади. Бошқача қилиб айтганда, П. Ромернинг назариясида иқтисодий ўсишнинг суръатлари янги билимларни эгаллаш соҳасида марказлашган инсон капитали миқдорига бевосита боғлиқдир. Амалда бу илмий тадқиқотлар соҳаси иқтисодиётга биргина амалий ғоялар ва ишланмалар билангина таъсир кўрсатмаслигини англатади.
Бундай тадқиқотлар мавжудлигининг ўзи иқтисодий ўсиш учун зарур (лекин етарли бўлмаган) шартдир, чунки бу инсон капитали жамғарилишини таъминлайди. Ушбу назарияга мувофиқ, жамғарилган инсон капитали ҳажми катта бўлган мамлакатлар иқтисодий ўсишда юқорироқ суръатларга эришадилар. Демак, эркин халқаро савдонинг ривожлантирилиши ҳам ўсиш суръатларини оширишга ёрдам беради, чунки маҳсулотлар билан айрибошлаш иқтисодий тизим чегараларини кенгайтиради ва шу тариқа инсон капитали жамланмаси кўпайишига хизмат қилади.
Р. Лукаснинг назарияси кўра инсон капиталининг жамғариш муайян ресурсларни талаб этадиган ҳамда муқобил чиқимлар сабаби бўлган фаол иқтисодий жараёндир. Олимнинг ҳисоблашича, одамлар вақтдан фойдаланишнинг икки йўлидан бирини танлашлари мумкин, яъни жорий ишлаб чиқаришда иштироқ этиш ёки инсон капиталини жамғариш. Моҳият жиҳатидан бу икки муқобил йўл ўртасида вақтни тақсимлаш иқтисодий ўсиш суръатларини белгилайди. Масалан, товарлар ишлаб чиқиш учун сарф қилинаётган вақтнинг камайиши жорий махсулот ишлаб чиқаришни камайтиради, бироқ айни пайтда инсонга капитал қуйилмалар жадаллашади ва шу тариқа маҳсулот ишлаб чиқариш кўпаяди. Шундай қилиб, эндоген ўсиш назариясининг хусусияти таълим ва инсон капитали омилини ишлаб чиқариш функциясига қўшишдан иборатдир.