Иқтисодий ўсиш дейилганда ялпи ички маҳсулотнинг ижобий динамикаси асосида миллий ишлаб чиқариш реал ҳажмининг узоқ муддат давомида ўзгарилиши тушунилади. Иқтисодий ўсишга ва унинг суръатларига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатади:
● жисмоний капитал (ёки оддий капитал) – товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун фойдаланиладиган машина-ускуналар, бино ва иншоатлар заҳирасидир. Жисмоний капитал ишлаб чиқариш жараёнининг натижаси эканлигини таъкидлаш лозим. Жисмоний капитал қанчалик мукаммал ва замонавий бўлса, унинг ёрдамида шунча кўп товарлар (шу жумладан инвестициявий, яъни янги машина-ускуналар) ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш мумкин;
● инсон капитали – бу ходим таълим олиш (мактаб, коллеж, лицейЮ институт, университет, касбий тайёргалик ва малака ошириш курслари) ҳамда меҳнат фаолияти жараёнида эгаллайдиган билимлар ва меҳнат кўникмаларидир. Инсон капитали жисмоний капитал каби ишлаб чиқариш жараёнларининг натижаси бўлиб, у ҳам жамиятнинг янги товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш имкониятларини оширади;
● табиий ресурслар – бу табиат томонидан таъминланадиган ер, сув ва фойдали қазилмалар каби омиллардир. Табиий ресурслар такрор ҳосил қилинадиган ва такрор ҳосил қилинмайдиганларга бўлинади. Такрор ҳосил қилинадиган ресурсларга ўрмонларни (кесилган дарахталр ўрнига янгиларини ўтқазиш мумкин) мисол бўла олади. Такрор ҳосил қилинмайдиган ресурсларга табиий шароитларда уларни ҳосил қилиш учун минглаб ва ҳатто миллионлаб йиллар талаб қилинадиган нефть, кўмир, темир рудаси ва ҳоказолар киради.
Табиий ресурсларнинг заҳиралари иқтисодий тараққий этишнинг жуда муҳим хусусияти бўлишига қарамасдан уларнинг мавжудлиги юқори ўсиш суръатлари ва иқтисодиётнинг юқори самарадорлигини таъминлайдиган асосий омил эмас.
Иқтисодий ўсишни ЯИМнинг реал ҳажми ёки миллий даромад ўсиши суръатлари ёки бу кўрсаткичларнинг аҳоли жон бошига хисоблаганда ўсиши суръатлари билан ўлчанадиган, иқтисодиётнинг муайян давридаги ривожланиши сифатида ифодалаш мумкин. Бунда ўсиш суръатини юқорида қайд қилинган биринчи усули мамлакат иқтисодий салоҳиёти кенгайиши суръатларини баҳолашда, иккинчиси аҳоли фаровонлиги динамикасини таҳлил этишда ёки турли мамлакатлар ва минтақаларда турмуш даражасини таққослашда қўлланилади. Ҳозирги вақтда иқтисодий ўсишнинг юқорида қайд этилган иккинчи усулига устунлик берилади, яъни бунда миллий иқтисодиётда реал миллий даромад кўпайиши суръатлари аҳоли ўсиши суръатларидан юқори бўлган ривожланиш назарда тутилади.
Иқтисодий ўсиш кўпгина омилларига боғлиқдир. Иқтисодий ўсишга таъсир кўрсатиш воситалари бўйича улар бевосита ва билвосита омилларга ажратилади (1.2 - расм).
Бевосита омилларга таклиф омиллари киради. Улар қуйидигилардан иборат:
● меҳнат ресурсларининг миқдори ва сифати;
● табиий ресурсларнинг миқдори ва сифати;
● асосий капиталнинг ҳажми;
● технология ва ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши;
● жамиятда тадбиркорлик қобилиятининг ривожлантириш даражаси.
Билвосита омилларга қуйидаги талаб омиллари киради:
● истеъмол, инвестиция ва давлат харажатларининг ўсиши;
● экспорт ҳажмининг ортиши.
Тақсимлаш омиллари эса қуйидагилардан иборатдир:
● бозор монополлашиши даражасини камайтириш;
● иқтисодиётда солиқ мухити;
● кредит-банк тизимининг самарадорлиги;
● иқтисодиётда ишлаб чиқариш ресурсларини қайта таксимлаш имкониятлари;
● даромадларни тақсимлашнинг амалдаги тизими.