Иқтисодий ўсиш назарияларида инсон омили ролининг эволюцияси
Иқтисодиёт фанида меҳнат инсоннинг мақсадга мувофиқ фаолияти деб талқин этилади. Меҳнат қобилияти бўлмаса, меҳнат фаолиятини амалга ошириб бўлмайди. Меҳнат қобилияти ҳам фақат меҳнат жараёнида амалга ошади. Иш кучи меҳнатга қобилиятни англатади, меҳнат эса меҳнат фаолиятида иштирок этаётган иш кучи қобилиятидир.
Иқтисодий ўсишда инсон омилининг ролини тадқиқ этиш ўз тарихига эга. Францияда XVIII асрдаёқ физиократлар мактаби шаклланган бўлиб, унинг вакиллари фермерларни ҳимоя қилганлар. Улар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ўша даврда Францияда ҳукм сураётган оғир иқтисодий инқироздан чиқишнинг асосий воситаси деб ҳисоблаганлар.
Физиократлар “соф махсулот” яратадиган меҳнатгина самарали деб ҳисоблаганлар. Самарали меҳнат белгиларини биринчи бўлиб аниқлаган, мазкур назариянинг асосчиси бўлган Ф. Кенэ “амалда ер ва сувдан бошқа хеч нарса даромад келтириши мумкин эмас” деб ҳисоблаган. У жамиятни уч синфга: ишлаб чиқарувчилар, мулк эгалари ва самарасиз кимсаларга таснифланган. Ф. Кенэнинг ҳисоблашича:
● ишлаб чиқарувчилар – қишлоқ хўжалигида бевосита банд бўлган ерга ишлов берадиган шахслардир;
● мулк эгалари – бу қироллар, ер эгалари, черков, яъни ерга эгалик қиладиганлар;
● самарасиз кимсалар – қолган ҳамма шахслар шу жумладан ишчилар, капиталистлар, савдогарлар.
Физиократия тарафдорлари “соф маҳсулот” манбаи, яъни ишлаб чиқариш чиқимлари айириб ташлангандан қолгани ер, аниқроқ айтганда – табиат кучларидир. Дехқонлар ердан унга сарф қилган меҳнатларига қараганда кўпроқ нарса оладилар. Ишчилар эса ер, табиатдан олинган нарсани қайта ишлайдилар ва ўзлари қанча истеъмол қилсалар, ҳудди шунча яратадилар.
Иқтисодий назариянинг классик мактабини яратган А. Смит бойликни кўпайтиришни манбаи - моддий неъматларни ишлаб чиқариш сохасидаги ижтимоий фойдали меҳнат деб ҳисоблаган. Шунинг учун у самарали меҳнатни қуйидагича тарифлаган: “Жамиятнинг айрим ҳурматли табақалари меҳнати уй хизматкорларининг хизмати каби бирор қиймат яратмайди ҳамда узоқ муддат фойдаланилиши, сотилиши мумкин бўлган предмет ёки товар сифатида намоён бўлмайди, сарф қилинган бу меҳнатга предметлар ёки товарлар олиб бўлмайди. Масалан, шоҳ ва унинг барча суд амалдорлари ва зобитлари, бутун армия ва флот самара келтирмайдиган шахслардан иборат”.
Ж.С. Милль буржуа жамиятини мулкий тенгсизликни чегаралаш орқали ислоҳ этишни, яъни ёнланма меҳнат ишлатиладиган корхоналардан капитали ишчилар қўлида бўлган кооператив ишлаб чиқариш уюшмаларига ўтишни таклиф этган. “Ходимнинг ўзига мен бойлик сифатида қарамайман, - деб ёзган у. – Лекин у томондан меҳнат туфайли эгалланган қобилиятларни тўла асос билан бу тоифага киритиш мумкин. Мамлакат ишчиларининг маҳорати, куч-ғайрати ва қатъияти ҳудди асбоб- ускуналар ва дастгоҳлар каби давлат бойлиги ҳисобланади”.
Иқтисодий назариянинг классик мактаби вакили Д. Рикардо уч ижтимоий синфни ажратиб кўрсатган: улар – ер эгалари, капитал эгалари ва ишчилардир. Унинг фикрича, бу синфлар вакиллари ўз даромадларини тешгишли равишда рента, фойда ва иш ҳақи сифатида оладилар. Олимнинг фикрига кўра, қийматнинг ягона манбаи ёки баҳоси ишлаб чиқаришда банд бўлган ходим меҳнатидир.
Юқоридагилардан иқтисодий назариянинг классик мактаби вакиллари бозор тизими ресурслардан, шу жумладан иш кучи ресурсларидан ҳам тўла фойдаланишни таъминлашга қодир деган хулосага келганлар.
П. Друкер “иш билимлари” атамасини муомалага киритар экан, кейинчалик “билимлар жамияти”да базис иқтисодий ресурс капитал, табиий ресурслар ёки иш кучи эмас, балки билимлар деб тасдиқлаган. У “билимлар хал қилувчи иқтисодий ресурс ва доминанта бўлиб, эҳтимол тутилган рақобат устунлигининг ягона манбаига айланди” деб кўрсатган.
XIX асрнинг охирида классик назариянинг издошлари уларнинг қарашларини ривожлантириб, иқтисодий назариянинг янги классик йўналишни шакллантирдилар. Кембриж университетининг профессори А. Маршалл бу мактаб асосчиси ҳисобланади. У бутун талабни пировард натижада тартибга солишни истеъмол талаби бажаради ва бундай тартибга солиш бозор томонидан автомат тарзда амалга оширилади, деб ҳисоблаган. А. Маршалл иш кучи сифатига алоҳида эътибор берган. “Таълим ном- нишонсиз ўлиб кетиши мумкин бўлган кўплар учун ўзларининг салоҳиятларини намоён қилиш имконини беради, - деб қайд этган А. Маршалл. – Саноатда битта ихтиродан фойдаланишдан олинган иқтисодий фойда бутун шаҳарда таълимга харажатларни қоплаш учун етарлидир, зеро Бессемернинг асосий ихтироси каби янги ғоя ишлаб чиқариш қувватларини юз минг одам меҳнати ҳисобига яратиладиган даражада оширишни таъминлайди”.
Иқтисодиёт фанида моддий ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишнинг икки таркибий қисми – моддий ресурслар (хомашё, асбоб-ускуналар ва ҳоказолар) ҳамда меҳнат ресурслари (муаяйн меҳнатни бажаришга қодир, билими, малака ва тажрибаси бор бўлган ходим) фарқланади. С.Фишер, Р.Дорнбуш, Р.Шмалензи капитал ва ер ресурсларини моддий бойликлар, ишлаб чиқаришнинг ашёвий омиллари, деб ҳисоблашади. К.Р.Макконнелл ва С.Л.Брюларнинг фикрига кўра эса иқтисодий ресурслар моддий ва инсон ресурсларидан иборатдир. Моддий ресурслар - ер ва капитал, инсон ресурслари - меҳнат ва тадбиркорлик қобилиятидир (расм).
Меҳнат жараёни учта асосий хусусиятга эгадир:
● инсоннинг мақсадга мувофиқ фаолияти, яъни меҳнатнинг ўзи;
● меҳнат йўналтирилган меҳнат предмети;
● инсон меҳнат предметига таъсир кўрсатишда фойдаланадиган меҳнат воситаси.
Аммо меҳнат фаолиятининг асосий шарти – иш кучи мавжудлигидир. Шу сабабли: “Меҳнат иқтисодиёти иш кучини қайта ҳосил қилиш – унинг ҳосил қилиниши (тайёрлаш, таълим бериш, малакасини ошириш ва ҳоказолар), тақсимлаш, айрибошлаш ва истеъмол қилиш содир бўладиган, шунингдек ходим, меҳнат воситалари ва предметлари ўзаро муносабатда бўлиш шароитлари ва жараёнлари таъминланадиган ижтимоий ташкиллантирилган динамик тизимидир”.
Ҳозирги пайтда “иш кучи” категорияси тушунчаси шакллантирилган: бу инсон меҳнат фаолияти жараёнида фойдаланадиган жисмоний ва маънавий қобилиятларининг жамланмасидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |