1.Болалар феъл-атвори, юриш-туриши, муомаласини ижтимоий жиҳатдан четга оғишини олдини олишда оиланинг ролини ошириш. Барча иллат, кусурларнинг илдизи оилада эканлиги қадим замонлардан бери ҳаммага маълум. Оила ҳаёти учун зарур бўлган қулай шароитлар яратиб берилса кўпчилик муаммолар, шу жумладан, оилада бола тарбияси ҳам муваффақиятли хал қилинган булар эди. Ушбу йўналишдаги масалани амалга ошириш оиладан ташқари ва оила ичидаги характерга эга бўлган бир қатор муаммоларни хал этишни талаб этади.
Энг аввало, бўлғуси ота-оналарни оилавий ҳаётга ҳамда ўз фарзандларини тарбиялашга тайёрлаш муаммосини хал этиш лозим. Оилавий тарбия масалалари жуда қадим даврлардан бери ¡збек ҳалқининг диққат марказида бўлган. Шарқ мутаффакирлари Ал- Хоразмий, Ал-Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоийлар ҳам ёшларни бўлғуси ота-она сифатида ёшлигидан тарбиялаш ҳақида ўз фикрларини билдиришган. Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ҳам ушбу масалага жуда катта эътибор берган.
Хозирги даврда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва бола тарбиясига ўргатиш қуйидаги бўлимларни ўрганишни лозим деб топади:
Оилада ўзаро муносабатларнинг асоси;
Шарк мутафаккирларининг оилавий тарбия ҳақидаги фикрлари;
Оила ичидаги зиддиятлар, келишмовчиликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, келишмовчиликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш;
Оила хўжалигини юритиш асослари, оила иқтисоди;
Болани, ўсмирни турли ёш даврларида оилавий тарбиянинг асослари (ушбу йўналиш кўпинча мактаб ёки бола ўсиб бориши жараёнида оила билан иш олиб бориш марказлари орқали ҳал этилади) ва бошқ.
Бевосита, ота-оналарни бола тарбиясига ўргатишга тайёрлаш масаласи анчагина кенг педагогик муаммодир. Бу хусусда ҳам ўзбек ҳалқи қадимдан бой тажриба тўпланган. Оналар ўз қизларини доимо оилавий ҳаётга, болага қандай тарбия беришга уларнинг бўйи етган сари тарбиялаб боришган. Қиз болаларга алоҳида, ўғил болаларга алоҳида бўлғуси ота-она сифатида панд-насиҳатлар қилинган. Улар доимо ўз ота-оналаридан ҳам намуна олишган. Шу сабабли ҳам «онасини кўриб қизини ол» мақоли бекордан айтилмаган.
Иккинчидан: оилада ва оила ичидаги ўзаро муносабатларда энг мақбул руҳий – маънавий вазиятни яратиш. Оиладаги шароит-бу усиб келаётган одамнинг дунёқараш асослари шаклланадиган муҳитдир. Бола энг кичик пайтлардан бошлаб муҳитда ўсади, тарбияланади, одамлар ўртасида муносабатлар қандай бўлишини ўзлаштиради (эркакнинг аёлга, катталарнинг болаларга, болаларнинг катталарга нисбатан), маданий феъл-атвор ва юриш-туришининг, мулоқотда бўлишининг, хордиқ чиқариш ва шу кабилар. Асослари билан танишади.
Шунинг билан бирга оилада бўлғуси оила бошлиғи, оилани яратувчи, мустаҳкамловчи ва оила имкониятларини амалга оширувчи одам шаклланиб боради.
Шуни таъкидлаш керакки, оиладаги аҳлоқ нормаларига тўғри келмайдиган шароит (ичкиликбозлик, уруш-тўполон, бақириқ-чақириқлар, қўполлик ва зўравонлик, сўкинишлар) болага салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, уни руҳий жароҳат олишига ҳам олиб келадики, кейинчалик уни тузатиш жуда оғир кечади. Оиланинг асосий муаммолари ёки ёмон тарбия олиш ўсиб бораётган одамнинг маънавий, руҳий ва жисмоний ривожланишига ёмон таъсир этади.
Учинчидан, оилавий тарбияда хатога йўл қўйишни олдини олиш.Одатда хар бир нормал оилада ўз болаларини тўғри тарбиялашга интилишади. Аммо ота-оналарнинг педагогик жиҳатдан тайёр эмасликлари кўпинча бир хил хатоликларга йўл қўйилишига олиб келади. Улар ичида энг характерлиларини айтиб ўтамиз. Масалан: ота-онанинг антипедагогик хулқ-атвори болаларга намуна бўлиб хизмат этади. Шунингдек, ота-онани оилада ўз хукмини зўравонлик билан ўрнатиши, бўйсундириш, гердайиш, майдакашлик, эзмаланиш, тинмай насиҳат қилиш, пора бериб ўз томонига оғдириб олиш ва шу кабилар «қалбаки обрў» орттиришга киради.
Ота-оналар билан болалар ўртасидаги ўзаро алоқанинг йўқолганлиги, болалар билан ўзаро нормал муносабатларни ўрнатишга ҳамма оилалар ҳам эришавермайди. Оилада болалар билан ички инсоний муносабатнинг йуколиши ота-оналарга ўз фарзандларига мақсадга мувофиқ педагогик таъсир этиш имкониятларини пасайтиради. Бу айниқса ўсмирлик ёшидаги болалар билан бўладиган муносабатларда жуда катта аҳамият касб этади.
Тарбия жараёнида ота-оналар томонидан йўл қўйиладиган типик хатолар: бепарволик-такаббурлик билан, менсимасдан муомала қилиш; тўрт томондан химояга ўтиб олиш, яъни «мени болам ҳамма вақт ҳақ» - дейди; намойишкорлик- бола хузурида унинг фазилатларини фаол мақташ; майдакашлик билан доимо боладан шубҳаланиш; тарбияда қаттиқ авторитар усулни танлаш; тинмай панд-насиҳат қилиш, бефарқ бўлиш; «оила кўрки, пири, санами» типида тарбия бериб, унга сиғиниш; ота-она ўртасида тарбия борасида бирдамлик, ҳамжиҳатликнинг йўқлиги, тутуруқсизлик ва бошқ.
Тўртинчидан, болада мустаҳкам аҳлоқий қадриятларни, аҳлоқий позицияни шакллантириш. Гап болани ўз шахсини баҳолашида ўзининг келгуси позициясини аниқлаб берувчи бош моҳиятини, негизни шакллантириш ҳақида боради. Шунда бола ўз атрофидаги одамларга, бўлаетган ходисаларга, ўз хатти-харакатларига, феъл-атворига тўғри баҳо беради, ўз устида фаол ва мақсадли равишда ишлайди. Аҳлоқий тарбияни бола энг кичик пайтлардаёқ бошламоқ зарур. Бунга эътибор бермаслик, ўзи буларига ташлаб қўйиш келгусида ёмон оқибатларга олиб келади.
Бешинчидан, болада энг кичик ёшларидан бошлаб иродавий сифатларини ва ўз қадр қимматини билиш сифатларини тарбиялаш. Бу кишида аҳлоқий-иродавий сифатларни шакллантиришга ёрдам беради.
Иродавий сифатлар – бу шундай муҳим восита, қуролки, у ёрдамида киши ўз имкониятларини тўла ишга солади, ўз нуқтаи назарини химоя этади, ўзлигини сақлаб қолади. Иродавий сифатларни йўқлиги кишини подадаги онгсиз молга айлантиради ва кўпинча ижтимоий салбий етакчи таъсирга тушиб колишига сабабчи бўлади. Аксарият холларда у ижтимоий ҳавфли гуруҳ харакатларининг катнашчисига айланади.
Олтинчидан, боланинг иродасини букиб қўювчи зўравонлик, куч, жабр-зулмни ишлатмаслик.Бундай қилиш бола иродасини букади ёки аксинча, унда кучга сиғиниш ҳиссини шакллантиради. Ўзидан кучсизларга, ожизларга нисбатан тажоввузкорлик, зўравонлик қилишга рағбатлантиради.
Мутахассис - психологлар тарбияда мажбур қилиш усулини амалга оширишларида жуда эҳтиёт бўлишни маслаҳат қилиб, қуйидагиларни ҳисобга олишни таъкидлашади:
Уч ёшдан кичик болаларга жисмоний жазо бермаслик керак, чунки бу уларнинг фаоллигига таъсир этади;
Болаларни ва айниқса ўсмирларни уларнинг тенгдошлари ёнида жазоламаслик. Одамлар хузурида болани камситиш, хўрлаш иродани букади, психикани жарохатлайди.
10 ёшдан катта бўлган кизлар ва 14 ёшдан катта ўғил болаларни, улар қандай айб қилган бўлсаларда куч ишлатиб жазолаш мумкин эмас. Ўтиш ёшидаги даврда айниқса бундай қилиш ярамайди, чунки бунда бола жиддий психик жароҳат олади ва уни ўз ота-онасидан безишига, бегоналашувига олиб келади.
Болани совуққонлик билан шафқатсиз жазолаш, ўзига хос экзекуция уюштириш мутлақо тўғри келмайди.
Ота-оналар томонидан доимо болаларни жазолаш билан қўрқизиш ҳам тарбияга салбий таъсир этади. Болалар бунга ўрганиб колишади ва кейинчалик эътибор беришмайди. Ота-она, тарбиячи болага жазо бераётиб унинг шахсини доимо хурмат қилиш кераклигини эсдан чиқармасликлари керак.
Еттинчидан, болалар ва ўсмирларни спиртли ичимликларни истеъмол қилишларига, чекишларига, қимор ўйинларига йўл қуймаслик. Хозирги замон шароитида ўсмирлар ва ўспиринлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг кўпчилигини улар маст холда, наркотик моддаларни истеъмол этишлари натижасида содир этаётганлари ҳаммага маълум. Шу сабабли бола ёш пайтиданоқ унга олдин оилада, кейин эса боғча ва мактабда алкогол ва наркотик моддаларнинг киши организми, психикаси учун ўта ҳавфли эканлиги тушунтириб борилиши керак.
Саккизинчидан, болани ўзини ўзи тарбиялашга, ўз устида ишлаш методикасига ўргатиш. Тарбиянинг энг муҳим вазифаларидан бири- одамни ўзини ўзи тарбиялашига тайёрлашдан иборат эканлиги кадим замонлардан бери маълум.Одам улғайган сари уни ўзини ўзи такомиллаштиришдаги роли ортиб бораверади. Бу соҳада ҳам оиланинг таъсири жуда кучлидир.