Мустаҳкамлик ҳақида тушунча ва унинг асослари. Механик таъсир натижасида аппаратларнинг шикастланиши ва ёнғинни олдини олиш чоралари. Аппарат ва қувурларнинг яратилишида ишлатилган элементларни ҳарорат таъсиридаги шикастланиши ва улардан ҳимояланиш чорлари. Аппарат ва қувурларнинг коррозиядан шикастланиши ва ундан ҳимояланиш чоралари. Технологик қурилманинг унумли ва хавфсиз ишлатилиши учун керакли кўрсаткичларидан бири бу унинг мустаҳкамлигидир. Мустаҳкамлик остида конструкцияларнинг бузилмасдан ва меъёрдан ошиқ пластик деформациялар ҳосил қилмасдан ташқи кучлар таъсирини қабул қилиш қобилияти тушунилади.
Амалиётдаги кузатишлар кўрсатишича технологик қурилмаларнинг шикастланиши қурилмани яратишдаги камчиликлар асосида (нотўғри ҳисоб, материални нотўғри танлаш натижасида), тайёрлашдаги нуқсонлар асосида (материалнинг яширин ички нуқсонлари, сатҳсиз кавшарлар натижасида), белгиланган иш тартибини бузилиши натижасида, ортиқча оғирликни кўтара олмасликни ҳимояланмаганлиги, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишнинг сифатсизлиги натижасида келиб чиқади.
Иш жараёнида қуйидаги йўл қўйилган хатоликлар натижасида технологик қурилмалар шикастланиши мумкин:
-қурилманинг ҳисобланган мустаҳкамлигини сақлаган ҳолда, ҳисобланганига нисбатан ортиқча юклаш;
-ҳисобланган юкланиш сақланган ҳолда қурилманинг ҳисобланган мустаҳкамлигининг камайиши;
-қурилманинг ҳисобий мустаҳкамлиги ва ҳисобий ортиқча юклашнинг бир вақтда бўлиши.
Технологик қурилмаларнинг шикастланиши сабабларини қуйидагича туркумларга ажратиш қабул қилинган:
Механик таъсирлар натижасида шикастланиш; Ҳарорат таъсири натижасида шикастланиш; Кимёвий таъсир натижасида шикастланиш.
Механик таъсирнинг тавсифи. Механик таъсир натижасида юзага келадиган шикастланишларнинг турлари. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун керак бўлган техник ечимлар. Механик таъсир деб, қурилманинг ҳисобланганига нисбатан ортиқча ишлатилишига айтилади.
Қурилмадаги моддий мувозанатнинг бузилиши натижасида аппаратнинг ички босимини ҳаддан ташқари ошиши мумкин.
Аппаратдаги ҳаддан ташқари ортиқча ички босим, унга узатилаётган модда миқдорининг ундан чиқиб кетаётган модда миқдорига мос келмаслиги натижасида ҳосил бўлади.
Аппаратларда ҳаддан ташқари ортиқча ички босим, қувурларда чўкинди ва қолдиқларнинг йиғилиши, ҳамда уларнинг ҳаракат йўналишларида тиқилиб қолиши натижасида ҳосил бўлади.
Аппаратларда ёки қувурларда ҳаддан ташқари ортиқча ички босим ишчи ҳароратнинг бузилиши натижасида ҳам вужудга келади. Ҳарорат кўтарилиши натижасида суюқликлар буғланиш жадаллиги ошиши ҳамда газларнинг кенгайиши юқоридаги вазиятга олиб келади.
Юқори қисмида буғли бўшлиқ қолдирмасдан суюқлик ёки суюлтирилган газ билан тўла тўлдирилган қувурлар ва яхши беркитилган идишлар алоҳида хавф туғдиради. Суюқликлар умуман сиқилмаслиги туфайли, уларнинг ҳарорати оз миқдорда кўтарилиши ҳам ички босимнинг катта миқдорда ошиб кетишига, бу ўз навбатида идиш деворларининг шикастланишига олиб келади.
Агар аппарат юқори ҳароратда ишлайдиган бўлса, ва унга қайнаш ҳарорати паст бўлган суюқлик тушса, аппаратда ҳаддан ташқари ортиқча ички босим шу суюқликнинг катта тезликда буғга айланиши натижасида вужудга келиши мумкин.
Қувурларда ортиқча босим, беркитиш жиҳозларининг бирдан беркитилиши натижасида ҳосил бўлади. Бу вазиятда ҳосил бўлган гидравлик зарба аппаратларнинг шикастланишига олиб келади.
Сиғимли аппаратларда катта босим нафас олиш қувурларининг беркилиб қолиши, нафас олиш қурилмаларининг шикастланиши (ифлосланиши ва вақтида техник хизмат кўрсатилмаслиги) ва ўтказувчанлиги камайиши натижасида ҳосил бўлади.
Технологик жиҳозлар вибрация таъсири натижасида ҳам ишдан чиқиши мумкин. Вибрация натижасида қувурларнинг уланган, пайванд қилинган жойларида зичсизликлар пайдо бўлиши ёнувчи моддалар ташқарига чиқишига олиб келади.
Хавфсизлик чоралари: 1. Аппаратга келаётган моддалар миқдори ундан чиқиб кетаётган моддалар миқдоридан ортиқ бўлиши керак эмас; 2. Аппаратларга моддаларни узатиб беришда марказда қочма насосларни ишлатиш мақсадга мувофиқ (уларнинг ўз-ўзига ишлаш хусусияти мавжуд); 3. Гидравлик зарбанинг олдини олиш учун беркитиш мосламаларнини аста секин очиш ва ёпиш тавсия этилади; 4. Аппаратларда ишчи параметрларнинг кескин ўзгаришини олдини олиш учун уларни назорат ўлчов асбоблари билан жиҳозлаш зарур; 5. Юқори ҳароратли аппаратларга қайнаш ҳарорати паст бўлган суюқликларнинг тушишига йўл қўймаслик керак; 6. Аппаратларни вибрациядан ҳимоялаш учун, уларни алоҳида фундаментга ўрнатиш, эластик прокладкалар, пружина ва шунга ўхшаш мосламалар орқали маҳкамлаш зарур; 7. Сиғимли аппаратларда ортиқча босим ҳосил бўлишини олдини олиш учун нафас олиш ускуналарини доимий равишда соз ҳолатда тутиб туриш керак; 8. Юзага келган ортиқча босимдан аппаратларнинг шикастланишини олдини олиш учун аппаратларни сақловчи ва мембрана клапанлари билан жиҳозлаш зарур.