Ёнғинга қарши оралиқлар (узилишлар): вазифалари ва уларнинг меъёрлаш асослари.
/7;14; 20;26/
Ёнғинга қарши тўсиқларнинг бир тури – ёнғинга қарши оралиқлар (узилишлар). Ёнғинга қарши тўсиқларнинг талаб этилган катта-кичиклигини камайтириш имконияти. Қайси ҳолларда ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари орасидаги масофа меъёрланмайди? Ёнғинга қарши оралиқлар ўлчамига таъсир кўрсатувчи омиллар. Ёнғинга қарши оралиқларнинг вазифаси ёнғин қўшни бино ва иншоотларга тарқалиб кетишининг олдини олиш ва ёнғинни ўчиришга етиб келган ўт ўчириш бўлинмалари муваффақиятли иш олиб боришини таъминлаш. Бинолар орасидаги ёнғинга қарши оралиқлар катталигини меъёрлашда асосан ёнаётган бино ёки иншоот алангаси нурланишининг таъсири ҳисобга олинади.
Корхона ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин тарқалишини чегаралаш учун ёнғинга қарши оралиқларга қатор меъёрий талаблар қўйилади. Бу талаблар ҚМҚларнинг соҳавий ва махсус боблари ҳамда идоралараро меъёрий ҳужжатларда берилган. Меъёрлар бино ва иншоотлар орасидаги ёнғинга қарши оралиқлар катталигини мазкур иншоотлар вазифаси, ёнғинга хавфлилиги, ўтга чидамлилигидан келиб чиққан ҳолда белгилайди. Сарфланадиган материаллар очиқ ҳолда сақланадиган омборлардан бино ва иншоотларгача бўлган оралиқлар ҳамда бу омборлар орасидаги оралиқларнинг катталигини белгилашда омборларнинг сиғими, материалларни сақлаш усуллари, уларнинг тури ҳисобга олинади.
Қатор идоралараро меъёрий ҳужжатларда бино ва иншоотлар орасидаги ёнғинга қарши оралиқлар катталигини белгилашда қайта ишланадиган ёки сақланадиган моддаларнинг физикавий-кимёвий хусусиятлари, ишлаб чиқарилиш усули, қурилмалар номи, тури ва бошқалар ҳисобга олинади.
Меъёрий ҳужжатларда ёнғинга қарши оралиқларнинг етишмайдиган ўлчами ўрнини босиш усуллари ҳам берилади. Масалан, хоналари А, Б ва В тоифаларига кирадиган I ва II даражада ўтга чидамли бино ва иншоотлар орасидаги ёнғинга қарши оралиқларни 9 метрдан 6 метргача камайтириш мумкин, агар:
бино ва иншоотлар барқарор автоматик ўт ўчириш системалари билан таъминланса;
В тоифасидаги ишлаб чиқариш олиб бориладиган биноларда ёнғин солиштирма босими 10мг/м2 ташкил этса ёки ундан кам бўлса.
Қуйидаги ҳолларда ёнғинга қарши оралиқлар катталиги меъёрланмайди:
I ва II даражада ўтга чидамли биноларда Г ва Д тоифаларидаги хоналар жойлашганида;
III, IV ва V даражада ўтга чидамли бинолар умумий майдони ёнғинга энг хавфли ишлаб чиқариш ва ўтга энг паст чидамлиликдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган ёнғинга қарши бўлма меъёрий майдонидан ошмаса;
баландроқ ёки кенгроқ бинонинг деворлари ёнғинга қарши девор бўлса;
жойлаштирилган ишлаб чиқариш туридан қатъий назар, III даражадаги ўтга чидамли бино ва иншоотларнинг ёнғинга қарши деворлари тешиксиз бўлса ёки тешиклари шиша блоклар билан ёпилган бўлса.