67. Қишлоқ хўжалик машиналари. Ёнғин хавфи. Хавфсизлик чоралари
/ 2; 3; 7; 14; 15; 18; 25/
Қишлоқ хўжалиги машиналарининг турлари. Ҳосилни йиғиштириб олишда қўлланиладиган комбайнларнинг асосий қисмлари. Қишлоқ хўжалиги ўрим-йиғим машиналарининг ёнғин хавфи ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича асосий техник ечимлар.
Бошоқли дон маҳсулотларини турли конструкцияга эга бўлган комбайнлар ёрдамида йиғиштириб олинади. Ҳозирги кунларда ўзи юрар комбайнлардан СКК-4, «Нива», «Колос-4», «Колос-6», «Енисей» ва сўнги вақтларда «Кейс» лар кенг қўлланилмоқда.
Комбайнлар қуйидаги асосий қисмлардан ташкил топган: ўриб олувчи (жатка), майдалагич, тўпловчи ва двигатель.
Ўриб олувчи (жатка) бошоқни ўриб олиб уни майдалагичнинг қабул қилиш камерасига юборади. Майдалагич буғдой донини бошоқдан ажратади ва ажратиб олинган буғдой донини поядан ажратиб сомондан тозалайди. Майдалагичдаги битер ва пиккерлар ворохни майдалагичнинг ишчи органига узатиб бериш, ҳамда буғдой донини тўлиқ ажратиш учун хизмат қилади. Тўплагич сомон ва пояларни тўплаб жойлаштиради. Двигатель барча механизмларни ҳаракатга келтириш учун хизмат қилади.
Уловга уланадиган комбайнларни ишлатиш учун қуйидаги тракторлардан фойдаланилади: МТЗ-80, МТЗ-80П, МТЗ-80В, МТЗ-52, МТЗ-60, Т-125, К-700 бундан ташқари КД-35, КДП-35, С-80, Т-74Н, Дт-75М, Т-4 ва бошқалар.
Ҳозирги замон барча комбайнлари дизел ёнилғисида ишлайди. Дизелли двигателлар асосий «пускач» (ишга тушириш учун қўшимча бензинли двигател) га эга.
Қишлоқ хўжалиги ўрим–йиғим машиналарининг ёнғин хавфи улар конструкцияларининг такомиллашганлигига, алоҳида механизм ва узелларининг тайёрланиш сифати ҳамда улардан тўғри фойдаланишга боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги ўрим–йиғим машиналари билан ишлаганда уларнинг ёнғин хавфи қуйидаги омиллар билан белгиланади:
Ички ёнув двигателларининг ишлаши, улардан учқунлар отилиб чиқиши билан кузатилади. 700-8000С ҳароратда чўғланган бу учқунлар алангаланиш ҳарорати учқун ҳароратидан деярли икки марта кичик бўлган сомон ва хашакларни бемалол ёндира олади.
Двигателлар ишлаётган пайтда унинг тутун чиқариш тизимлари ташқи юзалари 270-4500С гача ҳароратда қизийди. Бунда тутун чиқарув коллектори ва тутун чиқарув қувурига тушиб қолган сомон ва сомон чанглари ўз ўзидан ёниши мумкин.
Комбайн ва жатка ўзида кўп миқдордаги валларни мужассам этган бўлиб, шу валлар ҳаракатида уларга сомон ўралиб қолади. Натижада ўралган сомон жипслашади ва ишқаланишидан ҳосил бўлган қизиш туфайли ўз ўзидан алангаланиш содир бўлади.
Комбайн – мураккаб механизм бўлиб, унда металл қобиқ ва рама остида жойлашган кўплаб ҳаракатланувчи, айланувчи ва тасмали узатиш узеллари мавжуд. Бунда, узатишнинг деярли барча турлари, шунингдек фрикцион узатиш тури ҳам қўлланилган. Устки қобиқ ва раманинг шикастланиши, механизмларни яхши регулировка қилинмаганлиги ёки носозлиги, техник назоратнинг йўқлиги қаттиқ ишқаланиш ҳосил бўлишига, бу эса ўз ўрнида баъзи участкаларда ҳароратни кўтарилиб сомонни ўз-ўзидан ёниб кетишига олиб келади.
Трактор ва комбайнлар кенг электр тармоғига эга. Электр симлари баъзи ҳолларда карбюратор, мой ва бензин узатиш қувурлари остидан ўтказилади Оқиб турган мой ва ёнувчи маҳсулотлар ҳимоя қатламини шикастлайди. Кўп машиналарда электр симлари қўшимча ҳимоя мосламаси ўрнатилмасдан ўткир қиррали туйнуклар ва бурчаклар орқали ўтказилади. Фойдаланиш даврида бу симларнинг ҳимоя қобиғини емирилиши кузатилади.
6. Ёқилғи тизими узелларини яхши ўрнатмаслик, сифатсиз регулировка қилиниши ёнувчи мойларни оқишига, двигатель ва механизмларни устки қисмини мойланиб сомон чиқиндилари ва чангларни ёпишиб қолишига ва енгил ёнувчи қатлам ҳосил бўлишига олиб келади. Оқиб турган ёнувчи маҳсулотларнинг ўта қизиган юзаларга, электр жиҳозларнинг учқун берувчи контактларига тушиши ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин.
Комбайн, трактор ва автомобилларнинг ёнган газларни чиқарув қувурлари зич маҳкамланган, ишончли учқун ўчиргичлар (тутқичлар) билан таъминланган бўлиши керак. Қўлбола учқун тутқичлардан фойдаланиш тақиқланади.
Двигателнинг юқори ҳароратгача қизийдиган юзалари сомон, турли чангларни тушишидан ҳимоя қилинади. Коллекторлар ечиладиган қобиқ ёки очиладиган сетка (диаметри 2 мм гача) билан, тўсувчи ва шамолни йўналтирувчи шитлар билан жиҳозланади. Автомобилларнинг остки қисмидаги яъни ердан 20-50 см. баландликда жойлашган овоз пасайтиргич (глушитель) асбест картон устидан сим ёки металл сетка билан ўралган ҳимоя қатлами билан тўсилади.
Доимий равишда двигатель блоки билан коллектор ва чиқариб юбориш қувурларни маҳкам ўрнатилгани текшириб турилади. Комбайннинг иш жараёнида двигатель ва узеллари бир смена давомида камида икки маротаба (тракторнинг бир сменада бир марта) майда сомон қолдиқларидан тозаланади.
Ёнилғи тизими ва двигателни мойлаш гидротизимдаги томиб қолган ёнилғи ва мойлар ўз вақтида бартараф қилиниши керак, ёнилғи қувурларини тиқилиб қолиш ҳолларида двигатель совутилган ҳолда тозаланади ёки пуфлаб юборилади. Комбайн ва трактор двигателларига ёнувчан ёнилғи қувурлари ўрнатилмайди.
Электр симларининг ҳимоя қобиғи шикастланмаган, маҳкам уланган, механик шикастланиши мумкин бўлган жойлари қўшимча ҳимояланган бўлиши керак. Аккумуляторларнинг клеммалари ток ўтказиб юборувчи жисмларнинг тушишидан ҳимояланган, яъни қопқоқ билан беркитилган бўлиши керак.
Ёнилғи ва мойлаш тизимидан ёнилғи ҳамда мой оқмаслиги учун уни доимий назорат қилиб туриш лозим.
Комбайн ва автотранспортлар бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланиши зарур. Комбайнларнинг ташқи корпусида комбайндан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш тўғрисида йўриқнома бўлиши керак.
Трактор ва автомобиллар йиғим мавсумига тайёр деб ҳисобланади, қачонки: давлат стандартига эга учқун ўчиргич билан жиҳозланганда, ён капот қалқон тўсиқлари маҳкам ўрнатилганда, коллектор соз оралиққа эга бўлганда, ёнилғи ва мойлаш тизимлари тўғри созланган бўлиб бирламчи ёнғин ўчириш воситаси билан таъминланганда.
Do'stlaringiz bilan baham: |