Янгичатартибот-
лар учун кураш.
Дарҳақиқат деярли ярим аср давомида антикомунизм АҚШ нинг нафақат ташқи стратегияси, балки ички сиёсий курашларида ҳам етакчи ғоя бўлди. “Совуқ уруш” тугагач, Америка жамоатчилиги эътиборини тортиб келган мақсадлар қолмагач, унинг ўрнида бўшлиқ ва ноаниқлик холати пайдо бўлди. Зеро, антикоммунизм эрк ва демократия тўғрисидаги америкача қадриятларни қарор топтириш учун қўл келар эди. Совет жамияти моделининг асоссизлиги ва у ҳақда гапириш ортиқча эканлиги аён бўлгач, америкача моделнинг камчиликлари юзага қалқиб чиқиб қолди.
Ғоявий-сиёсий ва мафкуравий соҳада пайдо бўлган ноаниқлик ва мақсадсизлик бўшлиғини тўлдириш учун янги душман қидириш лозим бўлиб қолди. Даставвал Япония ёмон отлиққа чиқарила бошланди. Кейинроқ эса қайта тикланаётган Россия, шунингдек Хитойдан хавф-хатар борлиги айтилди. Шимолий Корея, Эрон ва Ироқ халқаро хавфсизликка путур етказаётгани ҳақида жар солинди.
Бундай қарашлар аста-секин ривожланиб бориб, «Совуқ уруш» ўрнини «иссиқ уруш» эгаллай бошлади. Маълумки, Афғонистондан Совет қўшинлари олиб чиқиб кетилгач, у ерда ислом ақидапарастлиги ғояларидан озиқ олиб шаклланган Толиблар деб аталган ҳаракат пайдо бўлди. Ҳокимият учун бошланган фуқаролар урушида улар устунликка эга бўлгач, қўшни давлатлар ва дунёдаги барча демократик кучларга қарши янги хавф-хатар ўчоғи пайдо бўлаётган эди. АҚШ бошлиқ иттифоқчилар Толиблар ҳаракатига асосан барҳам бериб, Афғонистонда тинчликсевар давлат тартиботлари қарор топиши учун йўл очди. Бу, бир томондан, АҚШ нуфузини оширган бўлса, иккинчи томондан Ислом дунёсида унга қарши ҳаракатларни кучайтириб юборди. Бу ўринда шуни айтиш ўринлики, Толиблар ҳаракати Ўзбекистон жанубий чегаралари учун жиддий хавф туғдира бошлаган эди. Шунинг учун ҳам ўз стратегик мақсадларини назарда тутиб, Ўзбекистон давлати АҚШ нинг Афғонистонга нисбатан ўша даврдаги сиёсатини қўллаб-қувватлади.
Аммо АҚШ сиёсатчилари янги душман образи яратиш орқали ички барқарорликка эришиш йўлларини давом эттирдилар. Нишонга Ироқ олинишига сабаб, у мамлакатнинг президенти Саддам Ҳусейннинг Яқин Шарқда Америка манфаатларига тўғри келмайдиган сиёсат олиб бориши эди. Шунинг учун Ироқ оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқаришга киришди, бу жаҳон ҳамжамияти учун жуда хавфли, деган ғоялар тарқатилиб, Америка гражданлари назарида Саддам Ҳусейн режими тарафдорлари тимсолида душман образи яратилгач, у мамлакат бомбардимон қилиниб, Америка бошлиқ иттифоқчилар Ироқни оккупация қилиб олдилар ва ўзларига мувофиқ келадиган ҳукуматни у ерда ўрнатдилар.
Саддам Ҳусейн диктатурасига барҳам берилди. Аммо Яқин ва Ўрта Шарқда хавф-хатарга тўла вазият вужудга келди. Эндиликда Эрон атом бомбаси яратиб, жаҳонга хавф туғдираётгани ҳақидаги қарашлар АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг мафкуралари орқали жаҳонга даҳшатли ахборотларни тарқатмоқдалар. Эроннинг ҳозирги давлати ва ҳукумати тимсолида душман образи яратиш тобора кенг тус олмоқда.
Шундай қилиб, Совет давлати каби давлатлар устидаги давлатнинг бархам топиши асло бир қутбли дунёни шакллантирмади. Умуман давлатлар устидаги давлат тушунчаси қадрсизланди. Совет империяси ўзи билан бирга тарих архивларига фақат комунистик ғоянигина эмас, афтидан, америкача турмуш тарзи ғоясини ҳам олиб кириб кетди. Бугина эмас, истиқболда АҚШ, Ғарбий Оврупо ва Япония иқтисодий маркази бўлган олам ҳақидаги фикрлар хам ўзининг асосига эга эмас. “Совуқ уруш” йилларида бу уч марказ ўртасидаги мавжуд зиддиятлар эндиликда янги мезонларда ўзини намоён этмоқда. Бу, даставвал дунёнинг янгича тартибларини шакллантиришга қаратилган фаолиятлари билан боғлиқ бўлган ҳамда ХIХ ва ХХ аср бошларидан тубдан фарқ қиладиган сиёсий ўйинларга дахлдор гаплардир. Юқоридаги фикрлар яқин келажакдаги АҚШ нинг жаҳон ишларидаги салмоғи ва таъсирини асло пастга урмаслиги керак. Тинчлик ва хавфсизликнинг минтақавий ва глобал даражада сақлаш Вашинтон белгилайдиган стретегияга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Бироқ, буни АҚШ якка ўзи эмас, балки у янги жаҳон тартибларини бир қанча таянчлари билан биргаликда ҳал этишга мажбур бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |