2. Зеҳн ва ишчанликни сақлаш
Тадқиқотчининг асосий интеллектуал қуроли-зеҳндир. «Зеҳн» арабча сўздан олинган бўлиб, тушуниш қобилияти, фаҳм, уқув каби маъноларни англатади. Яна бир ибора: зеҳн солмоқ диққат билан кузатмоқни билдиради.
Зеҳннинг бир қатор турлари мавжуд: амалий зеҳн, ҳиссий-образли зеҳн, вербал (оғзаки сўзларга нисбатан) зеҳн, мавҳумлашган зеҳн, оператор зеҳни ва бошқалар.
Мавҳумлашган зеҳн тафаккурни ўткирлиги ва қобилиятида намоён бўлади. Бундай зеҳн фундаментал муаммолар билан шуғулланадиган назариётчиларда ривожланган бўлади.
Ёш тадқиқотчи ўз зеҳнини мунтазам машқ қилиш, вазифаларни бажариш ва ўз-ўзини назорат қилиш йўли билан такомиллаштиради.
Зеҳн кучини ўстирадиган руҳий-эмоционал омиллар ҳам мавжуд. Булар: мотивация, иштиёқ, кайфият, ўз ишидан қониқиш ёки қониқмаслик, илмий муаммога берилиб кетиш, ишлаш қобилияти, ҳамкасбдошларнинг ишларини танқидий таҳлил қилиш ва бошқалар.
Изланиш самарадорлигини оширадиган муҳим руҳий-энергетик захира ишчанликдир. Бу ишга берилиб кетиш ҳолатини мунтазам жараёнга айланишида намоён бўлади.
Ишчанлик ишлаш қобилияти коэффициенти бўлиб, меҳнат кунида турлича қийматга эга бўлади. Психологик тадқиқотларда ишчанлик коэффициенти қийматининг ўртача рақамлари қуйидагича белгиланган: биринчи босқич-меҳнатга киришиш (1-1,5 соат). Организм уйқу ёки ором ҳолатидан чиқади. Иккинчи босқич-барқарор, унумли иш вақти (3-4 соат). Учинчи босқичда толиқиш пайдо бўлади, ишлаш қобилиятини динамикаси сусаяди. Меҳнат кунида бу босқичлар алмашади-тушликкача, тушдан кейин сутка давомида ишчанлик коэффициенти тўлқинсимон ўзгариб, максимумлари 9-13 ва 16-20 соатларга тўғри келади.
Айрим тадқиқотчилар кечалари унумдор ишлайдилар. Айтиш керакки, келтирилган рақамлар ўртача статистик кўрсаткичдир. Тадқиқотчининг индивидуал хислатларига кўра рақамлар у ёки бу томонга оғиши мумкин. Бу кўрсаткичларни меҳнат ва дам олиш режимини ташкил қилишда ҳисобга олиш керак.
Ҳафта давомида ҳам иш қобилияти ўзини даражаларига эга. Душанба – ишга киришиш куни, сешанба, чоршанба, пайшанба – барқарор, унумдор меҳнат қилиш кунлари, жума ва шанба – фаолият энергияси аста-секин пасаядиган кунлар.
Тадқиқот олиб бориш тафаккур органи бўлган миянинг ҳолати ва фаоллик ритмаларига боғлиқ. Ўз навбатида миянинг фаоллик даражаси бир қатор омиллар билан белгиланади. Бунда уйқу ва ўйғоқлик ритмлари етакчи роль ўйнайди.
Меҳнат, овқатланиш, жисмоний тарбия, соғлом уйқу ва дам олишларни оқилона ташкил қилиш мияга, шу жумладан, организмга тўла қонли энергетик имконият, куч-қувват беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |