Ишлов берувчи марказ туркумидаги (ИБМ) дастгоҳ деганда, кесувчи асбобни автоматик равишда алмаштириш учун асбобларнинг махсус магазини билан қўшимча равишда таъминланган, дастур билан бошқариладиган, юқори даражада автоматлаштирилган дастгоҳ тушунилади.
Бу дастгоҳларда дастур билан бошқариш ёрдамида заготовка учта координата ўқи бўйича ҳаракатланиши ва буралувчи стол вертикал ўқи атрофида заготовканинг айланиши автоматик равишда амалга оширилади. Айрим ҳолларда марказда ишлов берувчи дастгоҳ фақат вертикал ўқ бўйича эмас, балки горизонтал ўқ бўйича ҳам айланишга эга бўлган глобусли стол билан жиҳозланади. Бу эса мураккаб корпусли заготовкаларга ҳар томонидан ва ҳар хил бурчак остида, бир ўрнатишда ишлов бериш имконини беради. Шпиндель ўқини берилган дастур бўйича: горизонтал, вертикал ва қия ўрнатиш имконини берувчи марказда ишлов берувчи дастгоҳлар конструкцияси ҳам мавжуд (заготовка чизмасида кўрсатилган ҳар қандай бурчак остида).
Дастгоҳни бошқариш дастури шпинделнинг айланишлар тезлигини, ишчи суриш ва бўш ҳаракатлар тезлигини керакли ўзгартиришни таъминлайди ҳамда мойловчи-совутувчи суюқликни узатишни ва дастгоҳнинг бошқа ускуналарини ёқиш ва ўчиришни ҳам таьминлайди. Дастгоҳларда ҳаракатланадиган органларни талаб қилинган координаталарга яқинлашганда тез ҳаракатни секин ҳаракатга ўтказишни автоматик равишда бошқариш мавжуд бўлади. Ишлов беришнинг стандарт циклларини ва дастгоҳни турли функцияда ишлашини автоматик равишда бажариш ҳам қўлланади. Кўпгина марказда ишлов берувчи дастгоҳларда заготовкани ўрнатиш ва маҳкамлаш қўлда бажариладиган ишнинг ягона туридир.
Кесувчи асбоб револьверли каллакка ёки асбобларнинг махсус катта ҳажмли магазинига жойлаштирилади, бу топширилган дастур бўйича дастгоҳ шпинделига ҳоҳлаган асбобни, заготовканинг тегишли сиртига ишлов бериш учун талаб қилинганини автоматик равишда ўрнатиш имконини беради. Асбобни дастгоҳда бундай алмаштириш учун 2-6 с вақт етарли бўлади. Айрим марказда ишлов берувчи дастгоҳларда ишчи шпинделдаги асбобни алмаштириш ўрнига асбоб жойлаштирилган шпинделнинг ўзи алмаштирилади.
Ишлов берувчи марказ туркумидаги дастгоҳларда кесиб ишлов беришнинг деярли барча жараёнлари: пармалаш, зенкерлаш, разверткалаш, йўниш, резба кесиш, ҳамда текисликларни ва мураккаб контурларни фрезалаш амалга оширилади.
Дастгоҳнинг барча ҳаракатларини узлуксиз дастур билан бошқариш ва кўп сонли кесувчи асбобларни автоматик равишда алмаштириш ишлов берувчи марказ туркумидаги дастгоҳларнинг айрим моделларида ишлов бериладиган маҳсулотга нисбатан кесувчи асбобнинг 500000 тагача турли ҳолатни эгаллашини таъминлайди. Бу энг мураккаб корпус заготовкаларига бир ўрнатишда заготовка ўрнатиладиган ва маҳкамланадиган базавий сиртидан ташқари турли томонларига ишлов беришни амалга ошириш имконини беради. Бунинг барчаси ишлов бериладиган сиртларнинг ўзаро жойлашишининг энг юқори аниқликда бўлишига олиб келади. Оммавий ишлаб чиқаришда қўлланиладиган кўп шпинделли дастгоҳ - автоматлар ва автоматик линиядан фарқли ўлароқ марказда ишлов берувчи дастгоҳларда меҳнат унумдорлиги технологик ўтишларни қўшиб бажариш ва кўпгина сиртларга параллел равишда кўп асбобли ишлов бериш ҳисобига эмас, балки ёрдамчи ва тайёрлаш-якунлаш вақт сарфини кескин камайтириш ва кесиш режимини жадаллаштириш ҳисобига оширилади. Маълумки, серияли ва майда серияли ишлаб чиқариш шароитларида анъанавий дастгоҳларда машина вақти 20-30% дан ошмайди. Дастур билан бошқариладиган дастгоҳларда машина вақти 50-60% гача ортади, ИБМ туркумидаги дастгоҳларда эса у 80-90% гача етади. Дастгоҳни созлаш жараёнида унинг бўш туриб қолиши ўртача 80% га қискаради. ИБМ туркумидаги дастгоҳларда заготовкаларга ишлов беришда кесиш тезлигини 20-100% га ошириш мумкин. Уларда тайёрланган деталларнинг ўлчамлари стабил бўлганлиги туфайли назорат операциялари ҳажмини 50-70% га қисқартиришга имкон беради.
Ишлов берувчи марказ туркумидаги дастгоҳларда ишлов бериладиган заготовкаларни алмаштириш даври йўлдош мослама (алмаштирилувчи палет)га дастгоҳдан ташқарида, аввалдан ўрнатилиши ҳисобига кескин камаяди. Заготовка ўрнатилган палет кўпинча, автоматик равишда алмаштирилади, бу эса дастгоҳнинг бўш қолишини минимумгача камайтиради. Булар натижасида ИБМ туркумидаги дастгоҳда детал тайёрлашни универсал дастгоҳда ишлов беришга нисбатан ишлов бериш унумдорлиги 4-10 маротаба ошади ва битта ИБМ туркумидаги дастгоҳ анъанавий конструкциядаги тўртта-бешта ва ундан ҳам кўпроқ дастгоҳларнинг ўрнини босиши мумкин.
Ишлов берувчи марказ туркумидаги дастгоҳларнинг бошқа автоматик дастгоҳларга нисбатан энг асосий устунлиги марказда ишлов берувчи дастгоҳларни созлашнинг соддалиги, уларни бошқа конструкцияли заготовканинг ишлаб чиқиш учун қайта созлашнинг соддалиги, мураккаб ва қимматбахо технологик асбобларни (шаблон, андоза, махсус мосламалар ва бошқалар) яратиш заруриятининг йўқлиги ҳисобланади. Бу майда серияли ва якка тартибли ишлаб чиқариш шароитларида марказда ишлов берувчи дастгоҳларнинг қўлланишини таъминлайди.