Систематик хатоликлар деб партиядаги барча заготовкалар учун ўзгармайдиган ёки ҳар қайси ишлов берилаётган заготовкадан кейинги заготовкага ўтишда бирон-бир қонун асососида ўзгарадиган хатоликларга айтилади.
Биринчи ҳолатдаги хатоликларни ўзгармас систематик хатолик (қисқача систематик хатолик) ва иккинчи ҳолатдаги хатоликларни ўзгарувчан систематик (ёки функционал) хатоликлар деб қабул қилинган.
Систематик ва ўзгарувчан систематик хатоликларнинг келиб чиқиш сабаблари қуйидагилардан иборат: дастгоҳларнинг, мосламаларнинг ва асбобларнинг ноаниқлиги, уларнинг ейилиши ва деформацияланиши; ишлов берилаётган заготовканинг деформацияланиши; мойловчи-совитувчи суюқликлар (МСС) ва технологик тизимларда рўй берадиган иссиқлик ҳодисаларининг мавжудлиги ҳамда заготовкага ишлов бериш назарий схемасининг хатолиги.
Дастгоҳларнинг ноаниқлиги, ейилиши ва деформацияланишидан ҳосил бўладиган хатоликлар. Тайёрланаётган ва йиғилаётган дастгоҳларнинг хатоликлари ГОСТ меъёрлари билан чегараланади. Бу меъёрлар дастгоҳларнинг юкланмаган ҳолатдаги допуски ва дастгоҳларнинг геометрик аниқликларини текшириш усуллари орқали белгиланади.
Ўрта ўлчамли умумий мақсадга мўлжалланган дастгоҳларнинг айрим геометрик аниқлиги қуйида келтирилган:
Токарлик ва фрезерлик дастгоҳлари шпинделларининг радиал уриши (шпинделнинг охирги қисмида)______________________ 0,01 - 0,015 мм;
Шпинделнинг конуссимон тешигининг уриши:
токарлик ва фрезерлик дастгоҳлари қисқичининг 300 мм узунлигида___________________________________________________0,02 мм;
вертикал-пармалаш дастгоҳлари қисқичининг узунлиги 100-300 мм узунлигида__________________________________________0,03-0,05 мм;
Торец (ўқ) бўйича шпинделларнинг уриши__________0,01-0,02мм;
Токарлик ва бўйлама-рандалаш дастгоҳлари йўналтирувчиларининг тўғри чизиқлилиги ва паралеллиги:
1000 мм узунликда_______________________________0,02 мм;
узунлиги бўйича_________________________________0,05-0,08 мм;
Токарлик дастгоҳлари шпинделлари ўқларининг кареткалар ҳаракатлари йўналиши бўйича паралеллиги:
вертикал сиртнинг 300 мм узунлигида_______________0,02-0,03 мм;
горизонтал сиртда қисқичнинг 300 мм узунлигида____0,01-0,015 мм.
Келтирилган тахминий маълумотлар нормал (Н) аниқликка эга бўлган дастгоҳларгагина тегишли. Бу дастгоҳлар ўрта ўлчамли заготовкаларга IT7-IT9 квалитет аниқлигида ишлов беради. Юқори аниқликка эга бўлган гуруҳдаги дастгоҳларнинг геометрик хатоликлари жуда ҳам кам бўлади, бироқ уларни тайёрлаш иш ҳажми эса жуда ҳам юқори бўлади. Қуйида нормал аниқликдаги дастгоҳларнинг аниқлик тавсифига ва тайёрлаш иш ҳажмига нисбатан юқори аниқликдаги дастгоҳларнинг аниқлик тавсифлари ва тайёрлаш иш ҳажми фоиз ҳисобида келтирилган:
Хатолик Иш ҳажми
Нормал аниқликдаги дастгохлар
(Н гуруҳ)…………………………… 100 100
Юқори аниқликдаги дастгоҳлар
(П гуруҳ)………………………….. 60 140
юқори аниқликка эга
дастгоҳлар (В гуруҳ)…………… 40 200
Ниҳоятда юқори аниқликка
эга дастгоҳлар (А гуруҳ)…….. 25 280
Жуда юқори аниқликка эга
дастгоҳлар (С гуруҳ)…………. 16 450
Дастгоҳлар геометрик аниқлигининг хатолиги ишлов берилаётган заготовкага тўла ёки қисман систематик хатолик сифатида ўтади. Бундай систематик хатоликларнинг қийматини аввалдан таҳлил қилиш ва ҳисоблаш орқали аниқлаш мумкин. Масалан, токарлик дастгоҳи шпинделининг ўқи горизонтал текисликда ҳаракатланадиган суппортнинг йўналишига параллел бўлмаса, дастгоҳнинг патронига маҳкамланиб ишлов берилаётган заготовканинг цилиндрсимон сирти конуссимон сиртга айланади. Заготовканинг радиуси r нинг чизиқли четга чиқиши заготовканинг узунлиги бўйича йўналтирувчига нисбатан паралелликдан четга чиқиши а га, яъни максимал радиус rmax=r+a тенг бўлади.
Токарлик ва думалоқ жилвирлаш дастгоҳлари шпинделларининг подшипниклари ва шпинделларининг таянч бўйниларининг овалсимонлиги ишлов берилаётган заготовканинг кўндаланг кесими бўйича шаклини ўзгартиради, яъни юқорида айтиб ўтилган деталларнинг овалсимон шакли заготовкага ҳам ўтади.
Токарлик ва думалоқ жилвирлаш дастгоҳларининг олдинги марказининг уриши ишлов берилаётган сирт ўқининг оғишига олиб келади, лекин заготовканинг кўндаланг кесими бўйича думалоқлик сақланиб қолади. Олдинги марказ уришининг сабаблари қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин: шпинделнинг конуссимон тешиги ўқининг уриши; олдинги марказ ўқининг унинг дум қисми ўқига нисбатан уриши; шпинделнинг конуссимон тешигига олдинги марказни ўрнатишдаги хатолик.
Вертикал пармалаш дастгоҳи шпинделининг конуссимон тешиги ўқининг шпиндел айланиш ўқига нисбатан уриши пармаланаётган тешик диаметрининг катталашишига олиб келади.
Дастгоҳларнинг ейилиши ишлов берилаётган заготовканинг систематик хатолигининг ошишига олиб келади. Дастгоҳлар сиртларининг нотекис ейилиши ўз навбатида дастгоҳнинг айрим узелларининг ўзаро жойлашишини ўзгартиради ва натижада ишлов берилаётган заготовкада қўшимча хатоликлар пайдо бўлади.
Дастгоҳлар аниқликларининг пасайишининг асосий сабабларидан бири йўналтирувчиларининг ейилишидир. Якка тартибли ва серияли ишлаб чиқаришда ишлов берилаётган заготовканинг ўртача диаметри 100 мм ва уларнинг узунлиги 150-200 мм бўлганда носимметрик учбурчакли йўналтирувчининг ишчига яқин томонидаги қирраси бир йил давомида токарлик дастгоҳининг икки сменали ишлаши натижасида ейилишининг ўртача қиймати қуйидагига тенг бўлади:
Тоза ишлов беришда ……………………………………….. ……..0,04-0,05 мм
Пўлатга (80%) ва чўянга (20%) қисман тоза
ва қисман дағал ишлов беришда…………………………………0,06-0,08 мм
Пўлатга (90%) ва чўянга (10%) дағал ишлов беришда……0,10-0,12 мм
Йўналтирувчининг узунлиги бўйича ейилиши ҳам бир хил бўлмайди. Текширилган дастгоҳлар йўналтирувчиларининг энг кўп ейиладиган қисми шпиндел торецидан 400 мм узоқликда жойлашганлиги аниқланган. Олдинги ва кетинги йўналтирувчиларнинг нотекис ейилиши суппортнинг оғишига олиб келади ва горизонтал текислик бўйича кескичнинг учи сурилиб ишлов берилаётган сиртнинг радиусини бевосита катталаштиради.
Дастгоҳларни нотўғри монтаж қилиниши ҳисобига ва уларнинг оғирлиги таъсири натижасида фундаментнинг чўкиши ҳисобига (станина ва столларнинг қийшайиши, йўналтирувчиларнинг эгилиши) дастгоҳларнинг деформацияланиши заготовкага ишлов беришдаги қўшимча систематик хатоликларни туғдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |