Транслятор ёки компиллятор — бу махсус тузилган дастур бўлиб, дастурлаш тилларининг бирида ёзилган дастур матнини машина кодига ўтказади. Энг қуйи сатҳли, яъни машина кодига энг яқин дастурлаш тили ассемблердир. Бу тилда микропроцессорнинг барча инструкциялари ўзининг ADD (қўшиш учун), MUL (кўпайтириш учун) каби мнемоник белгиланишларига эга.
Ассемблер тилида дастур тузилганда компьютернинг барча ресурларидан тўлиқ фойдаланиш мумкин, лекин ассемблер тилида дастур тузувчи микропроцессор ва ташқи қурилмаларнинг ҳар қандай тафсилотларини ҳисобга олишга мажбур.
Бундай тилларда катта хажмдаги дастурларни ёзиш игнада қудуқ қазиш билан баробар бўлгани учун юқори сатҳли дастурлаш тиллари яратилган. Бундай тилларда дастур тузиш қуйи сатҳдаги дастурлаш тилларида дастур тузишдан анчагина қулай бўлиб, компьютер қурилмаларининг майда деталларига эътибор бериш шарт эмас.
Юқори сатҳ дастурлаш тилларига Pascal, Си, Бейсик, Модула, Фортран, PL/1, Пролог, Лисп, Алгол каби тиллар киради. Кўплаб дастурчилар Pascal, Си ва, баъзан, Бейсик тилларини ишлатадилар.
Ҳозирги кунларга келиб объектга мўлжалланган ва платформада мустақил ишловчи дастурлаш тиллари пайдо бўлган. Уларга C/C++, Delphi, Visual Basic, PHP, Java каби тиллар киради.
Дастурлаш тилларида дастур тузиш учун дастур интерпретатори деб номланувчи алоҳида муҳитлар ишлаб чиқилган бўлиб, бу муҳитда дастурчи тузилган дастурни ишга тушириши ва натижаларини текшириши мумкин. Интерпретация дастурчига дастур натижасини кўришда анча қулайлик туғдиради ва дастурнинг хатоларини топиш ва бартараф этишда мухим аҳамият касб этади.
Pascal дастурлаш тили
Pascal дастурлаш тили 1969 йили Швецария федерал технология институти профессори Н.Вирт томонидан ишлаб чиқилган. Pascal тили кенг миқёсда тарқалди ва бу унинг янада такомиллашувини талаб қила бошлади, натижада 1981 йилга келиб IBM PC типидаги компьютерлар учун Pascal тилининг халқаро стандарти ишлаб чиқилди. Borland фирмаси Pascal дастурлаш тилидан «илҳом олиб» 4-версиясидан бошланувчи Turbo Pascal дастурлаш тилини ишлаб чиқди.
Ҳозирги вақтда Pascal тилининг бир қанча версиялари мавжуд бўлиб, уларнинг сўнгги версиялари қаторига Turbo Pascal 7.0 пакети ва Windows бошқаруви остида ишлашга мўлжаллнган Borland Pascal 7.0 пакет дастурларини киритиш мумкин. Шунингдек, ҳозирги кунга келиб Pascal дастурлаш тили муҳити асосида ишловчи Delphi тили кенг тарқалмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |