233-модда. Банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш
Банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш, яъни банд солинган ёхуд гаровга қўйилган мулкни ишониб топшириб қўйилган шахс томонидан қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, растрата қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
1. Бегона мол-мулкка нисбатан жиноят содир этилганда ёки мулкий зарар етказилганда, шунингдек, жазони ижро этишни ёки фуқаровий даъвони таъминлаш тартибида жарима кўринишидаги жазони модданинг санкцияси ўз ичига олган барча ҳолларда жиноий йўл билан топилган мулкни давлат даромадига ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 290-моддасига мувофиқ, ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки фуқаровий жавобгарнинг ёхуд жиноий йўл билан топилган мулки бўлган шахсларнинг мол-мулкини хатлаши шарт.
ФПК 248 ва 249-моддаларига (ХПК 76,77-моддаларига) мувофиқ, суд ёки судья ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан ёхуд жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул маблағларини хатлаш, жавобгарнинг муайян ҳаракатларни амалга оширишини тақиқлаш тарзидаги даъвони таъминлаш чораларини кўриши мумкин.
Банд солинган мол-мулк процессуал қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда хатланади. Бунда, хатланган мол-мулк жиноят иши юзасидан ваколатли шахс кўрсатмасига мувофиқ, сақлаш учун ўзини ўзи бошқариш органлари ёки бошқа органга ёхуд шу мол-мулкнинг эгасига ёки оила аъзоларидан вояга етган шахсга топширилади. Ушбу мол-мулкнинг сақланиши учун қонунда назарда тутилган жавобгарлик тушунтирилади ва тилхат олинади. Пул қўйилмаларини хатлаш тўғрисида қарор банкнинг тегишли бўлимига юборилади, қарор олингандан сўнг бу қўйилма бўйича банк операциялари тўхтатилади. Даъвони таъминлаш тартибидаги фуқаролик иши билан боғлиқ мулкни хатлаш ёки рўйхатга олишда шунга ўхшаш оқибатлар келиб чиқади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгар оиласининг нормал турмушини таъминлаш учун зарур бўлган уй-жой, квартира, уй анжомлари ва жиҳозлари, кийим ва буюмлар хатланмайди1.
Хатлаш мулкдорга ёки мол-мулкнинг эгасига мол-мулкни тасарруф қилиш, зарур ҳолларда эса ундан фойдаланиш ман этилганлигини эълон қилишдан ёхуд мол-мулкни тортиб олишдан ва уни сақлаб туриш учун бошқа шахсларга топширишдан иборат.
2. Агар шахс томонидан қамоққа олиш кўринишидаги эҳтиёт чорасини қўллаш мумкин бўлмаган жиноят содир этилса, тергов органи унга нисбатан енгилроқ чора қўллаши мумкин, улардан бири гаров ҳисобланади.
Гаров айбланувчи, судланувчи, уларнинг қариндошлари, бошқа фуқаролар ёки юридик шахслар томонидан дастлабки тергов органи ёки суд депозит ҳисоб варағига топшириладиган пул маблағи ёки қимматбаҳо буюмлардан иборат. Гаров тариқасида кўчмас мол-мулк ҳам қабул қилиниши мумкин. Шахс томонидан ЖПК 46-моддасида кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаган ҳолда, гаров суд ажрими билан давлат мулкига айлантирилади.
З. Хатланган ёки рўйхатга олинган мол-мулкни қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, сарф қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказишнинг, шунингдек, хатланмаган мол-мулкка нисбатан худди шундай ҳарактларнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, бунда суд ҳукми ёки ҳал қилув қарорининг фуқаролик ёки хўжалик даъвосига оид қисмини ижро қилиш, жарима кўринишидаги жазони ёхуд жиноий йўл билан топилган мол-мулкни тортиб олиш жазосини ижро қилиш қийинлашади ёки умуман ижро қилинмайди. Бундан ташқари, кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириш айбдор томонидан ЖПКнинг 46-моддасида кўрсатилган мажбуриятларни бажармаслик хавфини келтириб чиқаради, айбдор, судланувчи томонидан бу мажбуриятлар бузилганда мол-мулкни давлат мулкига айлантиришни қийинлаштиради.
4. Жиноят объекти суд идораларининг нормал фаолияти ҳисобланади. Бу жиноятнинг қўшимча объекти айбдордан хатланган мол-мулк ҳисобидан қопланиши мумкин бўлган у ёки бу сумма фойдасига ундирилган давлат (агар сўз давлат даромади ёки мулкига айлантириш тўғрисида борса) ёки бошқа мулкдорлар ҳуқуқлари бўлади. Қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, сарф қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказишда объект сифатида суд ва тергов органларининг нуфузи ҳам эътироф этилиши лозим.
5. Объектив томондан жиноят рўйхатга олинган ёки хатланган ёхуд гаров предмети бўлган мол-мулкни ўзлаштириш, сарф қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказишда ифодаланади.
Хатланган мол-мулк - тасарруф қилиниши жорий процессуал қонунчилик асосида тақиқлаб қўйилган мулк.
Гаровга қўйилган мол-мулк - бу суриштирув ва тергов органларига айбланувчи ёки судланувчи томонидан ўзига қўйилган мажбуриятларни бажаришнинг моддий кафолати сифатида бериладиган мол-мулк. Фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятларни бажариш усули сифатидаги гаров гаровга қўйилган мол-мулкка киритилмайди. Қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, сарф қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш учун жавобгарлик ЖК 167 ёки 173-моддаларидаги белгилар бўлганда келиб чиқади.
6. Ўзлаштириш деганда, мол-мулк сақлашга топширилган шахс томонидан хатланган ёхуд гаровга қўйилган мол-мулкнинг айбдор ёки учинчи шахс фойдасига ўзлаштирилишини тушуниш лозим.
7. Растрата қилиш деганда, мол-мулкнинг уни сақлашга топширилган шахс томонидан бегоналаштирилиши тушунилади.
8. Рўйхатга олинган ёки хатланган мол-мулкни яшириш деганда, мол-мулкнинг сақлаш учун бошқа шахсларга ёхуд бошқа жойга жойлаштирилиши, бу ҳақдаги хабарни ваколатли органлар (терговчи ёки судья)дан яширилиши тушунилади.
9. Нобуд қилиш деганда, мулкнинг тўлиқ яроқсиз, ундан асл мақсадда фойдаланиш имконини бермайдиган, шунингдек, уни таъмирлаш ёрдамида ҳам олдинги ҳолатига келтиришнинг иложи бўлмаган ҳолга келтирилишини тушуниш лозим.
10. Мол-мулкка шикаст етказиш деганда, мол-мулкни қисман яроқсиз ҳолга келтириш тушунилади.
11. Кўп миқдорда зарар етказилиши шарҳланаётган ижтимоий хавфли қилмиш объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади.
12. Хатланган ёки гаровга қўйилган мол-мулкка кўп миқдорда зарар етказишга сабаб бўлган ўзлаштириш, растрата қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш ҳаракати содир этилган пайтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
13. Субъектив томондан жиноят тўғри касд билан содир этилади. Айбдор мол-мулкни ўзлаштириш, сарф қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш билан боғлиқ ҳаракатларнинг ноқонунийлигини англайди ва уларни амалга оширишни хоҳлайди. Мол-мулк эҳтиётсизлик оқибатида нобуд қилинган ҳолатда, айбдорни ЖК 172-моддаси бўйича жавобгарликка тортиш масаласини қўйиш мумкин.
Бу жиноятнинг мотиви ғаразгўйлик, шахсий ёки бошқа манфаатдорлик ва бошқа бўлиши мумкин, аммо бу қилмишни квалификация қилишга таъсир этмайди.
14. Жиноят субъекти мол-мулк сақлашга топширилган ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс, шунингдек, унинг мулкдори, эгаси ёки оила аъзолари ва бошқалар бўлиши мумкин.
15. ЖК 233-моддаси 2-қисми айбдор етказилган моддий зарарни уч баравар миқдорда қоплаган ҳолда, озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллашни ман қилувчи рағбатлантирувчи нормани белгилаб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |