78-модда. Судланганлик ҳолатининг тугалланиши
Шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:
а) шартли ҳукм қилинганларга нисбатан - синов муддати тугаган кундан бошлаб;
б) хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;
в) жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;
г) қамоқ жазоси ўталганидан кейин - икки йил ўтгач;
д) беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин - тўрт йил ўтгач;
е) беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин - етти йил ўтгач;
ж) ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин - ўн йил ўтгач.
1. Судланганлик ҳолатининг тугалланиши деганда, муайян муддатларнинг ўтиши билан мазкур масалага оид суднинг махсус қарори қабул қилинмасдан барча ҳуқуқий оқибатлар ва чекланишларнинг тугалланиши тушунилади. Судланганлик ҳолати тугалланганда шахс судланмаган ҳисобланади. Судланганлик ҳолатининг тугалланиши автоматик тарзда рўй бериб, бунинг учун ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Шахс судланганлик муддати ўтмасидан янги жиноят содир қилса, бу муддатнинг ўтиши узилади. Илгари судланган шахс томонидан янги жиноят содир этилганда судланганликнинг тугатилганлиги масаласи, шарҳланаётган модда ва Жиноят кодекси 80-моддасида кўрсатилган қоидалар асосида суд-тергов органлари томонидан ҳал қилинади.
2. Ушбу модда қоидаларига мувофиқ, судланганликнинг тугатилиши, судланганлик ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган тегишли муддатларнинг ўтишига боғлиқ бўлади. Ушбу муддатларнинг давомийлиги тайинланган жазо, унинг тури, ҳажми ва шартли ёки шартли эмаслигига боғлиқ бўлади.
3. Шахс шартли ҳукм қилинганда, судланганлик муддати бир йилдан уч йилгача бўлган синов муддати ўтганидан сўнг тугалланган ҳисобланади. Агар шартли ҳукм қилинган шахсга нисбатан қўшимча жазо чораси қўлланилган бўлса, бу муддат судланганлик муддатидан кўп бўлса, судланганлик қўшимча жазо муддати тугагач, тамом бўлган ҳисобланади.
4. Шуни назарда тутиш керакки, судланганлик муддатининг тугашини ҳисоблашда, судланган шахснинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ижро этилмаган муддат ҳамда ижронинг тўхтаганлик муддати ҳам инобатга олинади. Бундай ҳолда суд айблов ҳукмининг ижро этиш муддатига ҳам эътибор бериши керак. Чунки шахснинг амалда жазони ўтамаганлиги ва муддатнинг ўтиши шахснинг судланган ҳисобланишини олдини олади.
5. Ўн беш йил ва ундан ортиқ муддатга ҳукм қилинган шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққанидан сўнг, шунингдек, ўта хавфли рецидивист, деб топилган шахсларга нисбатан судланганлик ҳолати тугалланмайди. Уларга нисбатан судланганлик муддати Жиноят кодексининг 79-моддаси иккинчи қисмига кўра олиб ташланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |