74-модда. Жазони енгилроғи билан алмаштириш
Озодликдан маҳрум этилган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин.
Жазони енгилроғи билан алмаштириш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Жазони енгилроғи билан алмаштириш маҳкум:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини;
б) оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;
в) ўта оғир жинояти учун, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.
Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисми муддатига тайинланади.
Жазонинг ўталмаган қисмини енгилроғи билан алмаштириш ушбу Кодекснинг 73-моддаси тўртинчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахслар енгилроқ жазонинг тегишли қисмини ўтаб бўлганларидан кейин ушбу Кодекснинг 73-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинишлари мумкин.
Жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, суд унга ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.
1. Жиноят қонуни алоҳида ҳолларда жазони енгилроғи билан алмаштиришни назарда тутади. Бундай ҳолларда маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинади, лекин жазонинг ўталмай қолган қисми енгилроғи билан алмаштирилади. Жазони енгилроғи билан алмаштириш - жазони ўташ даврида уни индивидуаллаштириш принципини амалга оширишнинг мустақил шакли бўлиб, маҳкумга тайинланган жазонинг муайян турини енгилроғи билан алмаштиришда ифодланади. Шарҳланаётган модда озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишлари каби жазоларнинг Жиноят кодекси 43-моддасида назарда тутилган бошқа енгилроқ жазоларга алмаштиришни назарда тутади. Жазони енгилроғи билан алмаштириш жазодан муддатидан илгари шартли озод қилишдан фарқли равишда шартсиз ҳисобланади.
2. Жиноят кодексининг 43-моддасининг мазмунидан келиб чиқиб, озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишларига нисбатан алмаштириш мумкин бўлган енгилроқ жазолар деб, қонун чиқарувчи томонидан қуйироқда жойлаштирилган жазолар тан олинади. Озодликдан маҳрум қилишни жарима (44-модда); муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш (45-модда); ахлоқ тузатиш ишлари (46-модда); хизмат бўйича чеклаш (47-модда); қамоқ (48-модда); интизомий қисмга жўнатиш (49-модда) каби жазоларга алмаштириш мумкин. Ахлоқ тузатиш ишларини фақат жарима ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишга алмаштириш мумкин. Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, жиноят қонуни оғирроқ жазони алмаштириш мумкин бўлган жазони аниқлаш йўли билан бу институтни қўллашни чекламайди.
3. Озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазога алмаштиришда суднинг қарорига кўра, маҳкум суд ҳукми асосида тайинланган жазони ва қўшимча жазони ўташдан бутунлай ёки қисман озод қилиниши мумкин. Озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишларидан бошқа жазо турига ҳукм қилинганларга нисбатан жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмайди.
4.Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми таҳлили шуни кўрсатадики, енгилроқ жазо билан алмаштириш институтини қўллаш учун жазони муддатидан илгари шартли равишда озод қилишга ўхшаш асослар зарур эканлигини ўйлашга имкон беради. Жазонинг ўталмай қолган қисмини муддатидан илгари шартли равишда озод қилишда қўлланиладиган асослар мавжуд бўлганда жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилади. Бу асослар қуйидагилар:
* жазони ўташ учун ўрнатилган тартиб-қоидалар талабларини бажариш;
* меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиш.
5. Маҳкумнинг тузалаётганлик даражасини ифодаловчи хулқ-атвори ва шахснинг ижобий тарафга ўзгарганлиги тўғрисидаги масала катта амалий аҳамият касб этади. Маҳкумнинг белгиланган жазони ўташ тартиб- қоидаларини бажариши шахснинг тузалаётганлигининг мезони эканлигини таъкидлаб ўтган ҳолда, буни аниқлашда маҳкумнинг тузалганлик даражасини ҳисобга олиш лозим. Агар муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш учун шахснинг тўлиқ тузалганлиги ва унинг келажакдаги жазони ўташи мақсадга мувофиқ эмаслиги белгиланса, жазони енгилроғи билан алмаштириш учун маҳкумнинг тузалиш йўлига ўтганлигига озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишларини ўташ шароитида эмас, балки бошқа енгилроқ жазо билан етарли таъсир этишни амалга ошириш мумкинлигини эътироф этиш керак (Енгилроқ жазо билан алмаштириш тўғрисида батафсил Жиноят кодекси 73-моддасига қаранг).
6.Жазони енгилроғи билан алмаштириш институтини қўллашнинг асосий шарти бўлиб, жазонинг маълум бир қисмини маҳкумнинг ҳақиқата ўтаганлиги ҳисобланади. Жазони енгилроғи билан алмаштириш маҳкум:
* ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини;
* оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;
* ўта оғир жинояти учун, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.
7. Мазкур ҳолатни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, қонун чиқарувчи муддатидан илгари шартли равишда озод қилишдан фарқли равишда жазони ҳақиқатда ўтаганликнинг енгилроқ муддатини кўзда тутади. Суд томонидан тайинланган жазонинг ҳақиқатда ўтаганликнинг қуйи чегараси жазонинг тўртдан бир қисмини ташкил қилса, юқори чегараси суд томонидан тайинланган жазонинг камида ярмини ўташ етарлилигидан далолат беради. Тайинланган жазонинг ўталган муддатини аниқлашдаги бундай йўл, жазони енгилроғи билан алмаштириш камроқ жазо ҳисобланишини белгиловчи ёки муддатидан илгари озод қилишга қараганда маҳкумнинг ҳолатини яхшиловчи ҳолат сифатида қаралмаслиги керак. Агар муддатидан илгари шартли равишда озод қилишда маҳкум жазони ўташдан бутунлай озод қилинса, шарҳланаётган институтни қўллашда жазо тури олдингисига қараганда енгилроқ жазога алмаштирилади.
8.Жиноий жазонинг одиллик ва қонунийлик кафолати бўлиб, ўталган муддатларни тўғри ҳисоблаш ва озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмай қолган қисмини енгилроғи билан алмаштириш, олдинги ҳолати билан солиштирганда маҳкумнинг аҳволини ёмонлаштирмаслиги ҳисобланади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам енгилроқ жазонинг муддати қонун билан ўрнатилган юқори чегарасидан ошиб кетмаслиги керак. Ҳатто, озодликдан маҳрум қилишнинг муддати бу муддатлардан ошса ҳам, ахлоқ тузатиш ишлари ва хизмат бўйича чеклашнинг давом этиш муддати уч йилдан, интизомий қисмга жўнатиш бир йилдан, қамоқ олти ойдан ошмаслиги керак. Ахлоқ тузатиш ишларига мувофиқ ҳолда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш асосий жазо сифатида беш йилгача тайинланиши мумкин. Жариманинг миқдорини эса ўталмай қолган қисм доирасида ушлаб қолинган умумий миқдордан келиб чиқиб белгилаш зарур.
Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисми, суд ҳукми асосида тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жаонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда. ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисми муддатига тайинланади. Бу шуни англатадики, масалан, озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган тўрт йиллик муддати, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси билан алмаштирилганда, ахлоқ тузатиш ишларининг умумий муддати, олти ойдан кам бўлиши ва уч йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Масалан, шахсга саккиз йил озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланганда, жазони ўташ тартиб-қоидаларига риоя қилганда ва жазонинг маълум бир қисмини ўтаганда (мисол тариқасида уч йил) жазонинг қолган беш йилини, фақат уч йил ёки ундан камроқ муддатга ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо тури билан алмаштириш мумкин.
10. Мазкур ҳуқуқий меъёр озодликдан маҳрум қилишни фақат аҳлоқ тузатиш ишларига алмаштиришни назарда тутган бўлса, шарҳланаётган моданинг биринчи қисми қайси турдаги оғирроқ жазоларни жиноят ҳуқуқий таъсир чораларининг енгилроқ турига алмаштириш мумкинлигини олдиндан кўрсатиб ўтмаган. Бундай ҳолат яна шундан далолат берадики, яъни озодликдан маҳрум қилиш ҳар қандай ўзига нисбатан енгилроқ бўлган жазога алмаштирилиш мумкин эмас. Ахлоқ тузатиш ишлари муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки жаримага алмаштирилиши мумкин. Бундай ҳолатда ахлоқ тузатиш ишларини муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишга алмаштирганда, қандайдир ваколатга эга бўлган шахсга нисбатан қандай ҳуқуқдан маҳрум қилишни таъсирлироқ эканлигини назарда тутиш керак. Ахлоқ тузатиш ишлари, келажакда маълум бир мансабни эгаллаш ёки қандайдир ваколатга эга бўлиш имконияти бор мансабдор ёки бошқа шахсларга тайинланганда, жазонинг ўталмай қолган қисми доирасида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишга алмаштирилиши мумкин. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосига нисбатан енгилроқ жазо тури муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва жарима жазосидир. Лекин бу жазо тури алмаштирилганда, жарима жазоси билангина алмаштирилиши мумкин. Бунда Жиноят кодексининг 44-моддасининг учинчи қисмидаги қоидага мувофиқ, бир ойлик ахлоқ тузатиш ишлари жазоси энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробарига тенглаштириб ҳисобланади.
11. Жазони алмаштириш институти тайинланган жазони енгилроғига алмаштиришда айрим шахсларга ва жиноят таркибларига чекловни назарда тутади. Жазонинг қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш қуйидаги ларга нисбатан қўлланилмайди:
* ўлим жазоси афв этиш тариқасида озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилган шахсга;
* ўта хавфли рецидивистга;
* уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшманинг ташкилотчи ва қатнашувчиларига;
* Жиноят кодекси 73-модда тўртинчи қисми "г" бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганларга (батафсил Жиноят кодекси 73-модда тўртинчи қисми шарҳига қаранг)
12. Шарҳланаётган модданинг олтинчи қисми жазоси ушбу модда асосида алмаштирилган маҳкумни муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш имкониятларни назарда тутади. Бундай ҳолатда суд маҳкумни тавсифловчи жазони алмаштиргунга қадар ва жазо алмаштирилгандан кейинги барча ҳолатларига диққатини қаратади.
13. Маҳкумнинг тузалиш даражасини аниқлаш суд томонидан ҳал қилиниши керак бўлган масаладир. Агар суд жазони алмаштиришда маҳкум "тузалиш йўлига ўтганлигига" ҳақиқатан ҳам амин бўлса, кейинги енгилроқ жазонинг энг кам муддатини ҳақиқатда ўтаган даврда алмаштирилган жазонинг тартиб-қоидаларига риоя этиши ва шундай турдаги жазо ўташда меҳнатга муносабати орқали ўзининг тузалаётганлигини исботласа, унда у алмаштирилган жазони ўташ муддатидан илгари озод қилиниши мумкин. Бунда жазони ҳақиқатда ўталган муддатини ҳисоблаш олдинги алмаштирилган жазони ҳисоблашдан эмас, балки енгилроқ жазони ўташ кунидан бошланади. Жазони енгилроғи билан алмаштирилган шахсга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни қўллаш масаласини ҳал қилишда жазонинг ҳақиқатда учдан икки қисмини ўташ зарурлигини Жиноят кодекси 73 моддаси учинчи қисми "в" бандини назарда тутади.
14. Озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш иши тариқасидаги жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазога алмаштириш бу суднинг мажбурият эмас балки ҳуқуқидир.
Шарҳланаётган модданинг еттинчи қисми, агар енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахслар жазонинг ўталмаган қисми давомида янги жиноят содир этишса, Жиноят кодексининг 60-моддаси қоидаларига асосан, уларга нисбатан бир неча ҳукмлар юзасидн жазо тайинланади.
15. Жазонинг ўталмай қолган қисмини енгилроғи билан алмаштириш тартиби муддатидан илгари шартли равишда озод қилишнинг тартибига ўхшашдир. Жиноят кодекси 74-моддасини қўллаш масаласи, суд томонидан жазони ижро этиш муассасаси жойлашган муассаса маъмурияти (озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида) ёки жазони ижро этиш бўйича инспекцияси (ахлоқ тузатиш ишлари бўйича), шунингдек вояга етмаган маҳкумларга нисбатан эса вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссия тақдим этган тақдимномага, шунингдек, маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг илтимосномасига асосан кўриб чиқилади. Суд зарур бўлган асослар ва шартларни мавжудлигини белгилаб, озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмай қолган қисмини Жиноят кодексининг 42-моддасида белгиланган тегишли енгилроқ жазоларга: қамоқ, ахлоқ тузатиш ишлари, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки жарима, ҳарбий хизматчиларга нисбатан интизомий қисмга жўнатиш ёки хизмат бўйича чеклаш каби жазо турларига алмаштириши мумкин. Озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган қисмини бошқа жазо тури билан алмаштираётганда суд маҳкумнинг тузалиш йўлига ўтаётганлик даражасини ҳисобга олиши лозим.
16. Жиноят кодексининг 80-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари моҳиятидан келиб чиқиб, озодликдан маҳрум қилишнинг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазога алмаштирилган шахсга нисбатан судланганлик асосий ва қўшимча жазоларни ўташдан озод қилингандан кейин озодликдан маҳрум қилишнинг ҳақиқатда ўтаб бўлинган муддатидан келиб чиқиб ҳисобланади. Ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмай қолган қисми жарима жазоси билан алмаштирилган шахсга нисбатан судланганлик муддати жазони ҳақиқатда ўтаганлик ёки ижро этилганликдан келиб чиқиб ҳисобланади.Жиноят кодексиинг 80-моддаси 4-қисмига кўра жазони ўтаб чиққан шахс судланганлик ҳолатининг муддати тугамай туриб яна жиноят содир этса, судланганлик ҳолатини тугатувчи муддатнинг ўтиши тўхтатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |