51-модда. Ўлим жазоси
Отиб ўлдириш тариқасидаги ўлим жазоси фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми), терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учунгина белгиланади.
Ўлим жазоси аёлга, олтмиш ёшдан ошган эркакка ва ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга нисбатан тайинланиши мумкин эмас.
Ўлим жазоси авф этиш тартибида йилирма беш муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши мумкин.
1. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра энг олий жазо чораси - ўлим жазосининг тайинланишини белгилайди. Ушбу жазо суд амалиётида истисно ҳолат сифатида қаралади ва шунинг учун судлар ушбу жазо чорасини тайинлашда кўрилаётган ишнинг барча ҳолатларини синчковлик билан ўрганиб чиқишлари зарур. Бунда давлатнинг мазкур мажбурлов чораларини қўллашда инсоннинг энг олий ҳуқуқи - яшашга бўлган ҳуқуқи эканлигини судлар эътиборга олишлари керак бўлиб, бу хатога мутлако йўл қўйиб бўлмаслигини билдиради.
2. Шарҳланаётган модда қабул қилинган вақтдан буён сезиларли равишда ўзгарган бўлиб, ҳозирда олий жазо қўллаш имкони анча cусайгандир. Бу эса Ўзбекистон Республикасининг жиноят - ҳуқуқий сиёсатида инсонпарварликнинг ёрқин кўринишидир. Ушбу сиёсат ўлим жазоси кўлланиши мумкин бўлган ҳолатларни босқичма - босқич қисқартириши лозим эканлигига асосланган бўлиб, бунда бир тарафдан ушбу жазо қўлланиши мумкин бўлган жиноятлар доираси қисқартирилса, иккинчи тарафдан ўлим жазоси қўлланилмайдиган субъектлар доираси кенгайтирилади.
Қонунга киртилган ўзгартиришларга мувофиқ Жиноят кодексида ҳам инсон, ҳам жамият, ҳам давлат учун ижтимоий хавфи юқори бўлган фақат икки жиноят учун ўлим жазоси қолдирилди. Булар жазони оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (Жиноят кодекси 97-моддаси, 2- қисми ва терроризм Жиноят кодекси 155-модда, 3-қисми). Бошқа турдаги жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан ўлим жазосини қўллаш қонун томонидан назарда тутилмаган ва рухсат этилмаган.
3. Ўлим жазоси асосий жазо бўлиб, у билан бошқа асосий жазолар бирга қўлланиши мумкин эмас. Бундан ташқари, давлатнинг мажбурлови учун қўллаган ушбу чорасининг ўзига хос хусусияти шундаки, уни судланувчи бошқа жазо турларини ўташдан бош тортган ҳолда ҳам қўлланишига имкон бермайди.
4. Шуни ҳисобга олиш керакки, ушбу жазо қўлланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда айбланаётган шахсларнинг ишлари туман ёки туманлараро судлар томонидан олиб борилмайди. Жиноят - процессуал Кодексига мувофиқ, бу тоифадаги ишларни кўриб чиқиш Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди зиммасига юкланган. Бундан ташқари, ҳарбий хизматдаги шахсларга нисбатан ушбу жазо бўйича суд ишлари ҳарбий суд томонидан кўриб чиқилади.
5. Шуни таъкидлаш жоизки, ўлим жазосига шундай жазога лойиқ жиноятни содир этганлар учун ягона чора сифатида қаралмайди. Ўлим жазоси назарда тутилган барча санкцияларда у билан бир қаторда озодликдан маҳрум этиш муқобил жазо чораси сифатида келади. Шу сабабли, ўлим жазосини тайинлаш вақтида, албатта, ҳукмда бошқа турдаги жазо чораларини қўллаш мумкин эмаслигига асос келтириб ўтилиши керак.
6. Судлар айбдорга нисбатан ўлим жазосини қўллаш масаласини ҳал қилишда ва бу жазо чораси нафақат ишда жавобгарликни оғирлаштирадиган алоҳида ҳолатлар мавжуд бўлганда ва жиноят содир этган шахс жамият учун мутлақо хавфли шахс деб топилгандагина энг охирги чора сифатида тайинланиши мумкинлигини ҳисобга олишлари зарур. Ўлим жазосини қўллаш ҳақида қарор қабул қилаётиб суд ҳукмининг тавсиф қисмида бундай қарорга келишнинг, содир этилган жиноятни оғирлигининг аниқ мазмуни ва айбдорнинг шахси бўйича маълумотларни очиб берувчи асосларни тўлиқлигича келтириши лозим. Ўлим жазосини қўллаш барча ҳолларда ҳам ҳукмда жиноятни содир этишнинг барча ҳолатларини, сабаби ва мотивини, шунингдек фақат судланувчини эмас, балки жабрланувчини ҳам тавсифловчи тўла маълумотларни эътиборга олган ҳолда асослантирилиши шарт.
7. Шуни назарда тутиш лозимки, ўлим жазосини қўллаш масаласи ҳал этилаётганда, албатта, судланувчининг руҳий ҳолати ўрганиб чиқилиши лозим. Бунда суд-тиббий экспертизасининг дастлабки тергов пайтида ўтказилиши мумкин эканини судларни боғлаб қўймайди.
Шу сабабдан, Жиноят кодекси ўлим жазосини назарда тутган жиноий ишлар ёки содир этишдаги ҳолатлар шундай жазони талаб қилса, унда суд судланувчининг руҳий ҳолатларини қайта ўрганиб чиқиши учун қўшимча экспертиза хулосалари мажбурий характерга эга эмас, аммо унинг қарори кўриб чиқилаётган ишнинг барча ҳолатларига асосланган бўлиши лозим.
8. Шуни кўрсатиб ўтиш лозимки, ўлим жазосини тайинлашда судланувчига албатта унинг афв этилишига бўлган ҳуқуқи тушунтириб берилиши керак.
9. Ушбу модданинг иккинчи қисми ўлим жазоси ҳеч қандай ҳолатда қўлланиши мумкин бўлмаган шахслар доирасини аниқлаб беради. Мазкур доирадаги шахслар қаторига барча ёшдаги аёллар, ўн саккиз ёшга тўлмаган барча шахслар, ҳамда олтмиш ёшдан ошган барча эркаклар киради. Эркакларга нисбатан ушбу жазо турини тайинлашда қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:
* судланувчи жиноят содир этиш вақтида ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлса, унга нисбатан ўлим жазоси тайинланмайди;
* судланувчи ҳукм чиқариш вақтида олтмиш ёшга тўлган бўлса, унга нисбатан ўлим жазоси қўлланилмайди. Агар шахсга нисбатан ўлим жазоси тайинланган бўлса, лекин жазони ижро этиш вақтига келиб ҳукм қилинган шахс олтмиш ёшга тўлса, бундай ҳолларда жазо ижро этиладими, деган савол туғилади. Бундай ҳолларда ўлим жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиши лозим.
10. Ўлим жазосини ижро этиш учун суднинг ҳукми, фармойиши ҳамда авф этиш тўғрисидаги илтимосномани рад этиш ёки авф этишни рад этиш тўғрисидаги хабарнома асос бўлади. Шуни айтиш жоизки, ўлим жазосини белгилаш унинг ижросини таъминлашнинг муқаррарлигини англатмайди. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмига мувофиқ, ўлим жазоси авф этилиши сифатида 25 йилга озодликдан маҳрум этиш жазо чорасига ўзгартирилиши мумкин. Бунда судланувчининг ҳуқуқий ҳолати Жиноят кодексининг 49-моддасига биноан аниқлаб кўрсатилиши лозим.
Афв этилиш тартиби ва шартлари Жиноят - ижроия кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 17 июльдаги фармони билан “Ўзбекистон Республикасида авф этишни амалга ошириш тўғрисида Низом” асосида белгиланади.
Юқорида айтиб ўтилганидек, ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятлар сони жиноий жазога тортиладиган қилмишлар умумий сонининг бир фоизидан камроғини ташкил этади. Жумладан, содир этилган жиноятнинг оғирлигидан қатъи назар қонун ҳужжатларида вояга етмаганларга, хотин-қизларга ва 60 ёшдан ошган шахсларга нисбатан ушбу турдаги жазони қўллаш таъқиқланган. Айни вақтда мамлакатда амалга оширилаётган жамият ва давлат ҳаётини демократик жиҳатдан янада янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш борасидаги ислоҳотларнинг моҳияти ва мазмуни, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг натижалари жазо тури сифатида ўлим жазосининг бекор қилинишини ҳамда уни умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилиши зарурлигини тақозо этмоқда. Шуни инобатга олиб 2005 йил 1 август куни Ўзбекистон Республикасида “Ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Президентнинг Фармони эълон қилинди, унга кўра 2008 йил 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинади ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этиладиган бўлди. Шу нуқтаи назардан айтадиган бўлсак, ўлим жазосининг бекор қилиниши аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб боришни, биринчи навбатда, мамлакатимизнинг ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидаги изчил ҳаракатларни асослаб беришни, жиноий жазони янада либераллаштириш, шу жумладан, ўлим жазосини бекор қилиш заруратининг англаб етилишини кишилар онгида мустаҳкамлаш тақозо этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |