I боб. Жиноят Кодексининг вазифалари ва принциплари


-модда. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар



Download 6,47 Mb.
bet51/305
Sana23.02.2022
Hajmi6,47 Mb.
#157285
TuriКодекс
1   ...   47   48   49   50   51   52   53   54   ...   305
Bog'liq
ЖК шархлар.

55-модда. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар
Қуйидаги ҳолатлар жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топилади:
а) айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш;
б) етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш;
в) оғир шахсий, оилавий шароитлар оқибатида ёки бошқа мушкул аҳволда жиноят содир этиш;
г) мажбурлаш ёки моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёхуд бошқа жиҳатдан қарамлик сабабли жиноят содир этиш;
д) жабрланувчининг зўрлик, оғир ҳақорат ёки бошқача ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган кучли руҳий ҳаяжонланиши ҳолатида жиноят содир этиш;
е) зарурий мудофаанинг, охирги заруратнинг асосли чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашда, касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган асосли таваккалчиликда зарар етказиш;
ж) вояга етмаганнинг жиноят содир этиши;
з) ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши;
и) жабрланувчининг ғайриқонуний ёки ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этиш.
Жазо тайинлашда суд ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа ҳолатларни ҳам енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин.
Енгиллаштирувчи ҳолат ушбу Кодекс Махсус қисмининг моддасида жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида назарда тутилган бўлса, жазо тайинлашда ҳисобга олинмайди.

1. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси суд томонидан жазони белгилашда уни индивидуаллаштириш мақсадида ҳисобга олиниши зарур бўлган шарт-шароитлар тизимини аниқлаб, мустаҳкамлайди. Мазкур тизимнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, биринчидан, унинг таркибий қисмлари бўлган омиллар реал ҳаётда кўпроқ учрайдиган турлари ва турли-туман жиноятлар содир қилиш учун типик бўлган ҳолатлар аниқланган бўлса, иккинчи томондан уни содир этишда айбдор деб топилган шахснинг жамоатчилик учун хавфлилиги даражасини жиддий равишда камайтиради. Шу туфайли, шарҳланаётган моддада кўзда тутилган шарт-шароитларнинг мавжудлиги бундай шароит бўлмаган ҳолда содир этилган жиноят учун қўллаш ҳолларига нисбатан Жиноят кодексининг Махсус қисми тегишли моддаси санкциялари доирасида енгилроқ жазо чораси белгиланишини талаб этади.


2. Шарҳланаётган модданинг "а" банди уларга хос бўлган хусусиятларнинг бир хиллиги билан ажралиб турадиган шарт-шароитлар гуруҳини белгилаб беради. Хусусан, мазкур шарт-шароитлар айбдор жиноятни тамомлаганидан сўнг у амалга оширадиган ҳаракатларнинг фаоллиги ва бир мақсадга қаратилганлиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, қайд этилган омилларнинг мавжудлиги айбдор ҳулқининг аксилижтимоий йўналишининг барқарор эмаслигидан далолат бериб, бу эса ўз навбатида жазони енгиллаштириш учун асос бўлади. Шу муносабат билан, айбдор жиноятни содир этганидан сўнг айбини бўйнига олиб келса ёки содир этган ишидан чин юракдан пушаймон бўлса, ҳамда жиноятнинг фош этилишига фаол кўмаклашса, у ҳолда суд ишни кўриб чиқишда мазкур шартни жазони енгиллаштирадиган ҳолат деб қараши лозим.
3. Айбини бўйнига олиб арз қилиш - шахснинг бевосита ўзи ёки бошқа шахслар воситасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилиб, уларга тайёрланган жиноятни ёки гуруҳнинг ижтиомий хавфли фаолиятини бартараф этишга, содир этилган жиноятни очиш, жиноятнинг бошқа иштирокчиларини фош қилишга ёрдам бериш нияти ҳақида хабар бериши билан амалга оширилади. Айбига иқрор бўлиб келиш жиноят содир этилган вақтдан қатъи назар содир этилган ҳаракат учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида қаралиши зарур.
Ҳаракатни. айбини бўйнига олиб арз қилиш, деб эътироф этиш учун тергов ва суд идоралари қуйидаги белгилар мавжудлигини аниқлашлари керак:
* айбини бўйнига олиб арз қилиш фақат жиноят тугаллангандан сўнг амалга оширилган бўлиши лозим негаки айбдорнинг ҳаракатларида жиноий жазога лойиқ белгилар мавжуд бўлганидагина айбига иқрор бўлиб келиш мумкин бўлади. Шунинг учун, жиноят режалаштирилаётганлиги, уни амалга ошириш мақсади мавжудлиги тўғрисидаги хабар айбига иқрор бўлиб келиш деб қаралиши мумкин эмас - бундай ҳоллар учун жиноий жазо берилмай, жиноятни амалга оширишдан ихтиёрий қайтиш деб қаралиши лозим. Шунингдек, ана шу каби огоҳлантириш ўз вақтида амалга оширилиб, тегишли идоралар зарарли оқибатларнинг келиб чиқишининг олдини олиш учун реал имкониятга эга бўлган шароитдаги тайёргарлик ҳаракатлари тўғрисидаги огоҳлантиришни ҳам жиноятни содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб қаралиши керак. Бироқ, айбига иқрор бўлиб келган шахс учун бундай имконият бўлмаган ҳолларда, жиноят тўғрисида хабар бериш ўз хоҳишига кўра жиноятдан воз кечиш эмас, балки ўз айбига иқрор бўлиб келиш деб баҳоланиши керак.
* айбига иқрор бўлиб келиш шахсан амалга оширилиши ёки жиноятга оид маълумотнинг исталган шаклда (ёзма, оғзаки равишда ёки ҳаракат орқали) етказилиши мумкин. Бунда хабар (маълумотни) ни етказиш усули ва узатилиши шакли аҳамиятга эга бўлмай, бунда телефон, телеграмма, хат, телефакс, Интернет каби имкониятлардан фойдаланиш мумкин. Ушбу ҳолда хабар бевосита унда йўлланган фактларни текшириш ва жиноий иш қўзғатиш ваколатига эга бўлган идораларга йўлланган бўлиши зарур. Амалдаги Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, суриштирув ва дастлабки тергов идоралари, прокурор ва суд ана шундай идора деб эътироф этилади.
* жиноят тўғрисидаги хабар шахсан амалга оширилган бўлиб, айбига иқрор бўлиб келган шахснинг кимлигини қийинчиликсиз аниқлаш имконини берадиган маълумотларга эга бўлсагина айбига иқрор бўлиб келиш деб эътироф этилади. Шу сабабли, номи кўрсатилмаган (аноним) аризалар айбига иқрор бўлиб келиш деб эътироф этилиши мумкин эмас:
* айбига иқрор бўлиб келиш фақат ихтиёрий тарзда амалга оширилиши керак.
Айбига иқрор бўлиб келишнинг ихтиёрийлиги қуйидаги ҳолларда аён бўлади:
* жиноятга оид хабар ҳали тегишли идораларга содир этилган жиноят ҳақида маълум бўлиб улгурмасидан аввал амалга оширилган;
* юқоридаги идораларга ноқонуний тажовуз тўғрисида маълум бўлиб, бироқ уни содир этишда гумон қилинган ёки айбланган шахс (жиноят шахслар гуруҳи томонидан содир этилган ҳолларда - иштирокчилардан бири) ҳали аниқланмаган ҳолларда;
* ушбу идораларга жиноят маълум бўлган бўлса, уни содир этишда гумон қилинганлар ёки айбдорлар ҳам аниқланган, бироқ айбига иқрор бўлиб келган шахс бундан бехабар бўлса;
* айбига иқрор бўлиб келишдан мақсад тегишли идораларга содир этилган ҳодисанинг айбдор шахсга маълум бўлган ҳаққоний хабар бериш йўли билан ўзини одил суд қўлига топшириш ва лойиқ жазога тортилишдан иборатдир. Шу туфайли, янада оғирроқ жиноят учун жавобгарликдан қутулиш, шунингдек жиноятнинг бошқа иштирокчиларни "яшириб" жиноят учун барча жавобгарликни ўз зиммасига олиш мақсадида шахснинг жиноят тўғрисидаги хабар етказиши айбга иқрор бўлиб келиш деб эътироф этилмайди. Шу билан бирга, шахс бир нечта жиноятни содир этиб, бироқ улардан баъзилари хусусидагина бошқалари учун жавобгарликдан қутулиш учун айбини бўйнига олиб келганида, иқрор бўлиш шахснинг аризасида қайд этилган жиноятларга нисбатан жазони енгиллатувчи жиҳат деб эътироф этилиб, бошқа ҳаракатларига жазо тайинлашда бу ҳисобга олинмайди (масалан, шахс ўғрилик ва қотилликни содир этди ва оғир жазодан қутулиш мақсадида фақат ўғрилик қилганига иқрор бўлиб келди. Бу каби ҳолатда айбига иқрор бўлиб келиш ўғрилик учун жавобгарлик белгилашда жазони енгиллаштирувчи шарт деб тан олинади, бироқ қасддан одам ўлдириш учун жазо тайинлашда суд томонидан эътиборга олинмайди).
4. Шунингдек, айбига иқрор бўлиб келишнинг жазони енгиллаштиришга оид аҳамияти жиноят содир этилганидан иқрор бўлиб келгунга қадар ўтган вақт; жиноят иши қўзғатилиши, шахсни гумон қилинувчи ёки айбдор деб эътироф этилиши ҳақидаги қарор, шахсни қидириш каби омилларга боғлиқ эмас. Айбига иқрор бўлиб келиш барча ушбу ҳолларда тенг аҳамиятга эга (юқорида номи келтирилган барча шартларга риоя қилинган ҳолда), чунки у ана шу шахснинг ўзи содир этган ҳаракатга ички муносабатини англатади, унинг содир қилган ишидан афсусланганидан далолат бериб туради. Жазо мақсадига эришиш учун бундай ҳолатда енгилроқ чора қўлланилиши ҳам мумкин.
5. Чин кўнгилдан пушаймон бўлиш - бу содир этилган қилмишни тўлиқ ва очиқ эътироф этиш, содир этилган жиноят ва етказилган зарардан сидқидилдан афсусланиш, ўз хулқини қоралаш ҳамда жазони ҳаққоний ва одил жазо чораси деб қабул қилишдан иборатдир.
Чин кўнгилдан пшаймон бўлиш - исталган вақтда юзага келиб, жиноий иш юритишнинг исталган босқичида, бироқ ҳукм қабул қилингунга қадар амалга оширилиши мумкин. Хусусан, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш - айбига иқрор бўлиб келганда, суриштирув ишлари давомида, дастлабки тергов вақтидаги тергов ишлари ўтказишда, судланувчи сўнгги сўзини айтаётганида амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, тергов ва суд идоралари шахс тўпланган далил-исботлар қаршисида иложсиз айбини тан олмай, балки ҳақиқатан ҳам содир этган ишидан чин юракдан пушаймон бўлаётганлигини аниқлаши шарт.
Чин кўнгилдан пушаймон бўлишда, етказилган зарар ўрнини қоплаш ёки жиноятни фош этишга кўмаклашиш талаб этилмайди - бу белгилар бошқача шарт-шароит учун хосдир (масалан, айбини амалда тан олиш, жиноят фош этилишига фаол кўмаклашиш ёки айбига иқрор бўлиб келиш) ва у мавжуд бўлганида мустақил равишда кўриб чиқилишга ёки масъулиятдан озод этувчи шарт, ё бўлмаса жазони енгиллаштирадиган алоҳида шарт-шароит деб қаралиши лозим.
6. Жиноятни фош этишга фаол ёрдам бериш айбдор шахс томонидан тергов ва суд идораларига кўнгилли ва ихтиёрий равишда содир этилган жиноятга оид унга маълум ахборотни хабар беришидан иборат. Айбини бўйнига олиб келишдан фарқли равишда, мазкур жиҳат дастлабки тергов босқичида тергов ҳаракатлари вақтида ва суд тергови пайтида жиноятни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахс аниқланганида рўй беради.
Жиноят фош этилишига фаол ёрдам бериш фақат тергов ва суд идораларига маълум бўлмаган маълумотни етказишдан иборат бўлмай, балки мавжуд маълумотларга аниқлик киритиш, тергов ҳаракатларини ўтказишга кўмаклашиш, далил-исбот йиғишга имкон қадар ёрдам беришдан иборат. Хусусан, фаол кўмаклашиш жиноятни содир этиш вақти, жойи ва усулини аниқлаштириш, жиноят қуролларининг яширилган жойини кўрсатиш, жиноятчининг шериклари тўғрисида маълумот бериш, мол-мулкни қидириб топиш кабиларда ифодаланиши мумкин.
7. Айтиб ўтиш жоизки, шарҳланаётган модданинг "а" бандида қонунда кўрсатилган шарт-шароитларнинг бирхиллигига қарамасдан, улар яхлит бир нарсадан иборат бўлмай, балки ўзаро боғлиқ мажмуини ташкил этиши таъкидланган. Юқорида келтириб ўтилган ҳар бир шарт-шароит - айбини бўйнига олиб келиш, чин юракдан пушаймон бўлиш, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам бериш мустақил равишда аниқланиши керак ва бу мазкур бандда кўрсатилган бошқа шартлар мавжудлигига боғлиқ эмас. Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 66-моддасига мувофиқ, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар жиноят содир қилингандан кейин жиноят туфайли етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиб, айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятнинг очилишига фал ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши масаласи судлар томонидан ҳал этилиши лозим.
8. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан яна бири - етказилган зарар ўрнини ихтиёрий равишда қоплашдир (Жиноят кодекси 55- моддаси "б" банд).
Шуни ҳам назарда тутиш керакки, қонуннинг мазмун - моҳиятига кўра зарар ўрнини қоплаш ҳар қандай турдаги - жисмоний, мулкий, маънавий зарарга нисбатан ҳам амалга оширилиши мумкин. Етказилган зарар ўрнини қоплаш шахс ҳаракатларини жазони енгиллаштирадиган шарт деб топилиши учун аҳамияти бўлмаса ҳам, бироқ ушбу ҳаракатлар амалга оширилган усулга таъсир кўрсата олади.
9. Зарар ўрнини қоплаш - бу айбдорнинг жиноий ҳаракатидан келиб чиққан зарарли оқибатларни камайтиришга қаратилган, ноқонуний тажовуз туфайли етказилган зарар ўрнини қоплаш ёки уни бартараф этишга қаратилган онгли ҳаракатларидир.
Зарар ўрнини қоплаш деб зарар етказилган моддий неъматнинг қиймати тикланишига айтилади. Етказилган зарар бартараф этилганида эса моддий неъмат, объектнинг ўзи ёки жиноят содир этиш қуроли тикланади.
Зарарни тиклашнинг муайян усули ва шакли ҳам зарарнинг турига, ҳам унинг оғирлик даражасига кўра фарқланади. Хусусан, жисмоний зарар етказилган ҳолларда, у жабрланувчини даволашга кўмаклашиш ёки тегишли даволашнинг ҳақини тўлаш, тана аъзоси ва тўқималарини тақдим этиш, зарур тиббий дори-дармон харид қилиш кабилар орқали “юмшатилиши” мумкин.
8. Жиноят объекти бўлган мулк қийматини аниқлашда, унинг эгаси томонидан харид қилиниши ҳолатларидан, жиноят содир этилган вақтдаги давлат улгуржи нархидан, бозор ёки комиссион нархлардан келиб чиқиш лозим. Мулк қийматини аниқлаш имконияти бўлмаганда, у тегишли мутахассислар жалб қилиниб, эксперт хулосасига кўра белгиланади.
Жиноий тажовуз оқибатида етказилган моддий зарар миқдорини аниқлашда, мулкнинг моддий зарарни ундириш ҳақида қарор чиқарилаётган кундаги нархини инобатга олиш зарур.
Маънавий зарарни енгиллаштириш, шунингдек, ўрнини қоплаш (масалан, хизмат мавқеига етказилган зарар ўрнини пул билан қоплаш) ёки уни бартараф қилиш шаклида (масалан, узр сўраш) бўлиши мумкин.
10. Қонун мазмун - моҳиятидан келиб чиқиб айтганда, фақат етказилган, яъни жиноят содир этилиши оқибатида етказилган муайян зарар енгиллаштирилиши зарур, чунончи зарар ўрнини қоплаш юзага келиб улгурган оқибатларни бартараф этишга қаратилган. Агар шахс юзага келиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олган ҳолларда унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 26-моддасига мувофиқ, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб таърифланиши керак.
Бунда ўрни қопланган зарар ҳажми ва мазкур шарт-шароит айбни енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этилмайди. Етказилган зарарнинг тикланишига кетган сарф харажат унинг миқдорига тўлиқ мос келиши лозим. Тикланиш даражаси қанча кам бўлса, етказилган зарар ўрнини қоплаш ҳам шу қадар тўлиқ бўлмайди ва ихтиёрий равишда зарарни камайтиришнинг жазони енгиллаштиришга таъсири ҳам шунча кам бўлади. Бунда айбдорнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар, унинг моддий аҳволи ҳам ҳисобга олиниши шарт.
11. Қонуннинг бевосита кўрсатмасига мувофиқ, етказилган зарарнинг қопланиши фақат у ихтиёрий равишда, яъни шахснинг онгли ички истаги ва ташаббуси билан, ташқаридан бирон бир таъсир кўрсатмай амалга оширилган тақдирдагина жазони енгиллаштирувчи жиҳат деб эътироф этилади. Тергов ва суд идораларининг мажбурий чоралар ёрдамида етказилган зарарни қоплатиши жазони енгиллаштирувчи жиҳат сифатида эътироф этилмайди (масалан, ўғирланган мол-мулкни қўлга тушириш вақтида мусодара қилиш). Фақат муайян шарт-шароитга риоя қилган ҳолда етказилган зарарни қоплатиш ҳам жавобгарликни енгиллаштирадиган жиҳат сифатида тан олиниши мумкин эмас (ишни тўхтатиш, жабрланувчи томонидан ўз аризасини қайтиб олиши, гувоҳ ўз кўрсатмаларини ўзгартириши ва ҳоказо).
12. Етказилган зарар ўрнини қоплаш, одатда, ана шу зарарни етказган шахс томонидан амалга оширилиши керак. Бироқ, объектив сабаблар туфайли мазкур шахс мустақил ва бевосита тарзда етказилган зарарни тиклаш имконига эга бўлмаса, зарар бошқа шахслар томонидан ҳам қопланиши мумкин. Фақат ушбу шахслар айбдорнинг илтимосига биноан ҳаракат қилишаётганини ва унинг ўзи зарар ўрнини қоплаш тўғрисида қарорга келганлигини аниқлаш керак бўлади. Шунингдек, бундай ҳолларда етказилган зарарни қоплаш уни етказган шахс маблағлари ҳисобига, фақат фавқулодда шароитда - унинг яқинлари (ота-онаси, яқин қариндошлари) мулки ҳисобига амалга оширилади.
13. Етказилган зарар ўрнини қоплаш ҳукм чиқарилгунига қадар исталган вақтда амалга оширилиши мумкин. Хусусан, етказилган зарар ўрнини тиклаш бевосита жиноят содир этилганидан сўнг, шу билан бирга бироз вақт ўтгач, жумладан суриштирув ишлари, дастлабки тергов ва суд жараёнида амалга оширилаверади. Бу маънода қонунда бирон-бир истисно кўзда тутилмаган.
14. Зарар ўрнини қоплаш қилмишнинг квалификациясига таъсир кўрсатмайди. Шундай қилиб, етказилган зарар ўрни қай даражада қопланганидан қатьи назар зарар миқдори умумий, дастлабки ҳажмдан келиб чиққан ҳолда қопаланади. Масалан, агар айбдор жуда кўп миқдорда ўзлаштириш содир этган бўлиб, зарар ўрнини қоплаш оқибатида етказилган зарар ҳажми жиддий камайганлиги ҳам уни баҳолашга таъсир кўрсатмайди - у ҳуқуқий жиҳатдан жуда кўп миқдорда ўзлаштириш сифатида баҳоланиши лозим.
15. Юзага келган оғир шахсий, оилавий шароитлар оқибатида ёки бошқа мушкул аҳволда жиноят содир этиш Жиноят кодексининг 55-моддаси "б" бандида кўзда тутилган. Қонун мазкур рўйхатни очиқ қолдириб, бу билан инсон фаолиятининг турли-туман жиҳатларини акс эттирган ва шу туфайли уларни қонунда санаб ўтишнинг иложи бўлмаган бошқа барча шартлар жиноятни енгиллаштирувчи шарт-шароит деб эътироф этилиши кераклигини назарда тутади. Шу вақтнинг ўзида жиноят содир этишни у ёки бу шароит таъсирида жазони юмшатадиган шарт-шароитлар сирасига киритадиган бош мезон - мазкур шароитнинг ноқонуний тажовузга қўл урган шахс учун оғир бўлганлигидир. Жиноят содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароит оғир бўлгандагина, улар жазо чорасининг енгиллаштирилишига олиб келиши мумкин.
16. Шарт-шароитлар уларнинг объектив мавжудлиги муайян шахснинг онгли ва иродавий фаолиятига путур етказган, жиноят содир этишдан тийиб турадиган омиллар таъсирини пасайтирган, ушбу шарт-шароитни бартараф этиш мақсадида жиноят содир этишга ундаган ёки айбдорнинг аҳволини енгиллаштирган ҳолларда оғир деб тан олиниши лозим. Бунда шуни ёдда тутиш керакки, у ёки бу шароитнинг оғирлиги мутлақ бўлмай, балки муайян шахсга боғлиқ, шу туфайли шароитларнинг оғирлиги ҳар бир ҳолда алоҳида белгиланиши шарт.
Хусусан, қуйидагилар оғир шароит сифатида эътироф этилиши мумкин:
* шахсий турмушининг изга тушмаганлиги (масалан, қарама-қарши жинсга мансуб шахслар билан муносабатининг ёмонлиги);
* яшаш учун етарли маблағга эга бўлмаслик;
* айбдорнинг яқинларидан бирининг оғир хасталиги;
* жабрланувчи билан ўзаро ихтилоф ёки айбдорнинг ғам-ташвиш, омадсизлик туфайли келиб чиққан руҳий изтироблари;
* турмуш шароитининг оғирлиги ва ҳ..
17. Юзага келган оғир шарт-шароитни жазони енгиллаштиришга хизмат қиладиган шарт-шароит деб эътироф этилиши учун улар қуйидаги муайян белгиларга эга бўлишлари шарт:
* мазкур шарт-шароит реал, объектив равишда, жиноятга содир этаётган шахснинг иродасига боғлиқ бўлмаган тарзда мавжуд бўлиши шарт. Бунда оғир шароит, одатда, тўсатдан эмас, балки давомли ривожланиш оқибатида юзага келиб, натижада айбдор шахсда тушкунлик туйғусини юзага келтиради;
* содир этилаётган ҳуқуқа хилоф тажовуз оғир шарт-шароит билан муайян сабаблар орқали боғланган бўлиб, ана шу шарт-шароит жиноят содир этилганлигининг асосий, етакчи сабаби бўлиши шарт. Мавжуд оғир шарт-шароит (етишмовчилик) содир этилган ҳаракатнинг асосий сабаби бўлиб келмас экан, у жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида қаралиши мумкин эмас. Масалан, мавжуд шахсий оғир шароит юзага келиши оқибатида жуда кўп миқдорда ўғриликка қўл уриш, турмуш шароитининг оғирлиги сабаб безорилик қилиш жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланмаслиги лозим ва ҳ.к.
18. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, айбдор ўзининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ёмон ҳулқи сабабли келиб чиққан оғир шарт-шароитлар таъсирида жиноятга қўл урганда ҳам бу ҳол жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида хизмат қилиши мумкин эмас. Масалан, спиртли ичимликлар, наркотик моддалар ёки руҳиятга таъсир кўрсатувчи моддаларни ортиқча истеъмол қилиш, шунингдек қиморли ўйинлар ўйнаганлиги туфайли оғир моддий ёки шахсий шароитга тушиб қолиш ҳам жазони енгиллата олмайди.
19. Жиноят кодексининг шарҳланаётган "г" бандига мувофиқ мажбурлаш ёки моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёхуд бошқа жиҳатдан қарамлиги сабабли жиноят содир этиш жазони енгиллаштирадиган алоҳида шарти сифатида киритилишининг сабаби шуки, бу ушбу жиноятни содир этган шахснинг носоғлом иродаси маҳсулидир. Жиноят шу каби вазиятда танлаш имкони қолмаганлиги сабабли мажбуран қўл урилган, сўнгги ташланган қадамдир. Шундай қилиб, ноқонуний тажовуз бундай ҳолларда жиноят субъектининг жамиятга қарши фикрлашини ифодаламайди ва бу ўз навбатида унинг жамият учун хавфи у қадар катта эмаслигидан далолат бериб, жазони мувофиқ равишда енгиллатишни талаб этади.
20. Мажбурлаш жисмоний ёки руҳий бўлиши мумкин.
* Жисмоний мажбурлаш бошқа бир шахсга унга нисбатан куч ишлатиш билан боғлиқ, яъни унинг ихтиёрига қарши, унинг иродасини букиш, синдириш ёки шахснинг ҳаракатлари эркинлигини чеклашга қаратилган жисмоний чораларни ишлатиш орқали таъсир кўрсатишдан иборатдир. Жисмоний мажбурлашда куч ишлатиш билан боғлиқ чоралар соғлиққа турли оғирликдаги зарар етказиш, турли кучли ва наркотик моддаларни қўллаш кабилар билан ифодаланиши мумкин бўлиб - ушбу чораларнинг хусусияти квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас.
Руҳий мажбурлаш жисмоний мажбурлашдан фарқли равишда, бошқа шахсга руҳий таъсир ёрдамида таъсир қилиниб, бу йўлда мажбурланаётган шахс ва унинг яқинлари соғлиги, мол-мулки ёки бошқа ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш билан қўрқитиш (масалан, таҳқиромуз ёки шарманда қиладиган маълумот тарқатиш орқали), шунингдек руҳиятга бевосита таъсир қилиш (турли психотроп воситаларни қўллаш, гипноз ва ҳ.) кабилар қўлланиши мумкин.
Шахснинг иродасини синдириш, бўйсундириш, унинг ҳаракат эркинлигини чеклаш учун қўлланган жисмоний ёки руҳий мажбурлашнинг муайян усуллари жазо белгилашда аҳамиятга эга бўлмайди. Хусусан, мажбурлаш шахсан ёки учинчи шахслар орқали (масалан, бунинг учун атайин ёлланган одамлар орқали тан жароҳати етказиш) амалга оширилиши, руҳий мажбурлашда унинг ташқи ифодаланиши турли шакл олиши (оғзаки, ёзма, имо-ишора ёрдамида) ва ҳ.к.
21. Моддий қарамлик деганда жабрланувчининг айбдордан қонун билан белгиланган моддий ёрдам (пул, озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар ва ҳоказолар) олиб келганлигини ёки унинг бевосита қарамоғида бўлганлиги ҳолатлари тушунилиши лозим. Шу вақтнинг ўзида моддий қарамликни у айбдорнинг ноқонуний ёки ахлоқсиз фаолияти (масалан, спиртли ичимликларни, наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни ортиқча истеъмол қилиш) билан шартлаб қўйилган ҳолларда жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб тан олиниши мумкин эмас.
Хизмат бўйича айбдорга қарамлик (боғлиқлик) шахснинг хизматга кўра бўйсуниши билан боғлиқ бўлади, шунингдек, бевосита келиб чиқмайдиган, лекин унинг меҳнати ёки ўқуви устидан назорат қилиш вазифалари билан боғлиқ бўлиши мумкин.. Хусусан, хизмат бўйича қарамлик хизматчи ва бошлиқ, текширувчи ва фаолияти текширилаётган шахс ўртасида мавжуд. Шу билан бирга, жиноятга қўл ураётган шахс билан хизмат муносабатларида бўлмаган бошлиқнинг рафиқаси, нозирнинг яқин дўсти ўртасида хизмат боғлиқлиги йўқ ёки бўлса ҳам бу унинг хизмат фаолиятига таъсир кўрсата олмайди (масалан, қўл остидагилар ёки хизматдошлари).
Бошқа турдаги қарамлик деганда шахс ҳодисалар ривожи натижасида ўзини бошқа бировга қарздор деб сезиб қоладиган моддий томондан ёки хизмат тақозоси бўйича боғлиқ вазиятлардан фарқли ҳар қандай вазиятга айтилади. Бу каби қарамлик, масалан, ўқувчилар ёки тарбияланувчиларнинг васийлар, тарбиячилар ва ҳоказоларга боғлиқлигини тушуниш керак. Қонунда бир шахснинг иккинчи шахсга тобелиги деб эътироф этилиши мумкин бўлган асосларнинг тўлиқ рўйхати келтирилмаган. Бу ҳолда масалани узил-кесил ҳал қилиш судлар зиммасига юклатилади. Бунда жиноят қайси асосларга кўра қарамлик туфайли содир этилганлиги ҳукмда кўрсатилиб ўтилиши керак.
22. Шуни ҳам назарда тутиш керакки, қарамликнинг жазони енгиллаштирадиган жиҳат деб тан олиниши учун суд жиноят содир этилиши айбдор тобе (боғлиқ) бўлган (масалан, тирикчилик учун маблағ бермаслик, лавозимини пасайтириш, дўстона алоқаларини узиш ва ҳ.) шахс томонидан салбий оқибатлар етказилиши ҳақида очиқ ёки яширин таҳдид билан боғлиқлигини аниқлаши керак. Акс ҳолда, бундай таҳдид мавжуд бўлмаган ёки у айбдор томонидан ўйлаб топилган бўлса, тобелик (боғлиқлик) жазони енгиллаштирадиган шарт-шароит сифатида эътироф этилмаслиги шарт.
23. Қарамликнинг бирор турига оид мажбурлашни жазони енгиллаштирадиган шарт-шароит деб эътироф этиш учун, судлар, уларнинг айбдор шахс ҳулқига таъсири даражаси ва имкониятига алоҳида эътибор қаратиб, бунда мавжуд бўлмаган мажбурлаш ёки боғлиқликни (тобеликни) ўзига хос хусусиятлари билан биргаликда қараб чиқиб ҳар бир ҳолат аниқ белгиланиши керак.
24. Жиноят кодекси 55-моддасининг шарҳланаётган банди бўйича шахснинг қилмишларига баҳо беришда суд мажбурлашга жиддий эътибор бериши шарт. Мажбурлаш оқибатида жиноятга қўл уриш фақат айбдорнинг бирон бир ҳаракатни содир этишга имкони борлигидан келиб чиқади. Масалан, мукофотдан маҳрум бўлишдан қўрқиб жуда катта миқдордаги ўғриликка қўл уриш, енгил тан жароҳати олишдан қўрқиб қасддан одам ўлдириш енгиллаштирадиган ҳолат деб тан олиниши мумкин эмас. Шу билан бирга, шуни ҳам ёдда тутиш керакки, мажбурлаш шахс ҳаракатлари йўналишини танлаш имкони бўлган ҳолдагина жазони енгиллаштирувчи шарт-шароит деб эътироф этадиган қоида асосида иш кўрилиши зарур. Мажбурлаш туфайли шахс ўз ҳаракатларини бошқариш имконидан маҳрум этилган ўзга ҳолларда эса, у умуман, жавобгарликка тортилмайди.
Айбдор ҳаракат эркинлигини сақлаб қолган вазиятда суд мажбурлаш оқибатида жиноят содир этилишини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этиш учун аввал ўта жиддий зарурият ҳолати йўқлигини аниқлаши шарт, акс ҳолда шахсни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас (Ўта жиддий зарурат ҳоллари тўғрисида Жиноят кодексининг 38-моддасига мазкур шарҳни ўқинг).
25. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ушбу тоифа ишларни кўриб чиқа туриб, суд мажбурлашга йўл қўйган ёки тобеликдан бошқа шахсни жиноят қилдириш учун фойдаланган шахсларнинг жавобгарлик меъёрини аниқлашга алоҳида эътибор бериши шарт. Хусусан, мазкур шахслар муайян жиноятда жамоатчилик учун хавф даражаси ижрочига нисбатан жиддийроқ ва муҳимроқ бўлиб чиқиши мумкин бўлиб, улар бу ҳолда жиноятга ундаган шахс сифатида эътироф этилишлари мумкин. Шу сабабли, муайян жазо чорасини тайинлашда суд шериклар фаолиятининг сабаблари, улар айби даражаси ва шахсий хусусиятларини ҳисобга олиши керак.
26. Шарҳланаётган модданинг “д” бандига кўра жабрланувчининг зўрлик ишлатиши, оғир ҳақорати ёки бошқача ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида жиноят содир этиш назарда тутилган. Шундай қилиб, содир этилаётган ноқонуний қилмишлар тўлалигича инсон онги бошқарувида бўлмай, бу қилмиш ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланиши Жиноят кодекси томонидан ҳисобга олинади.
Аффект (ҳаяжон)нинг икки тури - физиологик ва патологик аффект фарқланиб, уларнинг ҳар бирини қонун алоҳида кўриб чиқади. Хусусан, патологик аффект ҳолатида онг хиралашиб, шахс ўз ҳаракатларини бошқариши имкони йўқолади. Шахс бундай ҳолларда эсини йўқотган деб эътироф этилиб, бу жиноий жазога тортилишни истисно этади. Шарҳланаётган банднинг шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун фақат физиологик аффект аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
27. Физиологик аффект (қаҳр, ғазаб, қўрқув) руҳиятга катта таъсир кўрсатса ҳам, бироқ инсонни ўз ҳулқини англаш, унинг учун жавоб бериш хусусиятидан маҳрум қилмайди. Аффект ҳолатини ва унинг турини аниқлаш мақсадида албатта суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш талаб этилади.
Аффект ҳолатида жиноят содир этилганида ҳам жиноий жазога тортиш мумкин, аммо шахснинг ана шундай ҳолатда бўлганлиги жазони енгиллаштиради.
Қаттиқ руҳий ҳаяжон ҳолати шарҳланаётган бандда кўрсатиб ўтилган қуйидаги шартларга риоя қилингандагина жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида қабул қилиниши мумкин:
* аффект ҳолати куч ишлатиш, оғир ҳақорат ёки бошқа ноқонуний ҳаракатлар туфайли келиб чиққан бўлиши керак;
* қаттиқ руҳий ҳаяжон ҳолати жиноят айнан ҳаракатлари ана шундай ҳолатни келтириб чиқарган шахсга қарши содир этилган бўлсагина жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этилади (аффект ҳолатини келтириб чиқарган сабабларни англаш хусусида Жиноят кодексининг 98-моддасига мазкур шарҳни қаранг).
28. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, қонун қаттиқ руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида жиноят содир этилишини, жиноят, фақат ҳаракатлари ана шу ҳолатни келтириб чиқарган шахсга қарши содир этилганидагина енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этиши мумкин. Шу сабабли, бундай ҳолатга алоқаси бўлмаган шахсга нисбатан жиноят содир этилганида ушбу ҳолатнинг кўрсатиб ўтилишига йўл қўйиш мумкин эмас.
29. Зарурий мудофаанинг, охирги заруратнинг асосли чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашда, касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган аосли таваккалчиликда зарар етказишда шахс кўпроқ ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайди. Бироқ ижтимоий хавфли қилмишнинг қисман хавф туғдириши уни содир этган шахсга енгил бўлса ҳам, аммо жазо берилишини талаб этади.
30. Шарҳланаётган модданинг "е" бандини қўллашда унда санаб ўтилган ҳолатлар қатъий тусга эга. Шу туфайли мазкур бандга мувофиқ, жазони ё бошқа мажбуриятни амалга ошириш ёки жиддий аҳамиятга эга бўлмаганлиги сабабли жазони енгиллаштиришга йўл қўйилиши мумкин эмас. Шу вақтнинг ўзида, тегишли шарт-шароитнинг мавжудлиги буйруқни ёки бошқа мажбуриятни амалга ошириш "г" бандига мувофиқ хизмат тақозоси билан ё бошқача шароит таъсирида содир этилган деб тан олиниб, жазони енгиллаштиришга олиб келиши мумкин. Қилмишнинг жиддий аҳамиятга эга эмаслиги эса шарҳланаётган ушбу модданинг иккинчи қисми қоидаларига биноан жазони енгиллаштирадиган мустақил шарт-шароит сифатида (масалан, кичик ҳажмда ўғрилик содир этилган ҳолда) ҳисобга олиниши мумкин.
31. Вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилишини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сафига қўшилишини бир қатор сабаблар билан, жумладан жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг инсонпарварлик принципига асосланганлиги билан изоҳлаш мумкин. Вояга етмаганларнинг дунёқараши ҳали тўлиқ шаклланиб бўлмаганлиги билан ажралиб туради. У ўзи содир этган ноқонуний қилмишнинг моҳиятини кўп ҳолларда тўлиқ англаб етмайди. Бундан ташқари, ёшга боғлиқ бўлган қизиққонлик, ўзини тута олмаслик каби бошқа хусусиятлар туфайли ҳам ўспирин ноқонуний ҳаракатга катта ёшли инсонга нисбатан тезроқ қўл уриши мумкин. Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жазо мақсадларига давлат томонидан қўлланадиган қатъий чораларни қўлламай туриб ҳам эришиш мумкин. Шунинг учун, тенг шароитда вояга етмаган жиноятчига, худди ана шу жиноятга қўл урган - катта ёшли шахсга нисбатан енгилроқ жазо тайинланиши керак.
32. Жиноятни содир этишда айбдор деб топилган шахснинг вояга етмаганлиги туфайли жазони қай даражада енгиллаштириш унинг ёшига боғлиқ равишда ҳал этилиши шарт. Бунда, ҳукмда шахснинг вояга етмаганлиги фактининг ўзи эмас, балки унинг аниқ ёши, масалан 14 ёшу 9 ой, 16 ёшу 2 ой ва ҳ. кўрсатилади.
Шу билан бирга, ушбу ҳолат суд томонидан ҳамма вақт, қилмишнинг оғир-енгиллигидан қатъи назар ҳисобга олиб борилиши шарт. Қонунда бу нуқтаи назардан ҳеч қандай чекловлар белгиланмаган.
33. Жиноятни ҳомиладор аёл томонидан содир этилиши турли шарт-шароитлар билан белгиланади. Ҳомиладор аёл томонидан жиноят содир этилишига турлича шарт-шароитлар сабаб бўлади. Аввало, ҳомиладорлик даврида аёл организмида юз берадиган физиологик ўзгаришлар унинг руҳиятига жиддий таъсир кўрсатади. Ҳомиладорлик даврида кўпинча аёлларда жиззакилик, кайфиятнинг кескин ўзгариб туриши, тез жаҳл чиқиши кабилар кузатилиб, уларнинг ҳаракатлари руҳияти нормал ҳолатдаги инсонлардан фарқланиши мумкин. Унча жиддий бўлмаган сабаб ҳам ҳомиладор аёлнинг руҳий мувозанатини бузиб, унинг ноқонуний қилмишга, шу жумладан, жиноий ишга ҳам қўл уришга етаклаши мумкин.
34. Жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб тан олиниши учун жиноятни содир этиш вақтида аёлнинг ҳомиладор бўлиши аҳамиятга эгадир. Жиноят содир этилган вақтга қадар бўлган ҳомиладорлик мазкур бандда қайд этилган шарт-шароит сифатида ҳисобга олиниши мумкин эмас. Шу билан бирга, аёлнинг ҳомиладорлиги шахсга оид маълумотларни ҳисобга олишда суд томонидан қайд этилиши шарт.
35. Ҳомиладорликнинг жазони енгиллаштирувчи жиҳат деб эътироф этилиши учун аёлнинг ўша вақтдаги ҳолати ва содир этилган жиноят ўртасидаги сабабли боғлиқлик аҳамиятга эга эмаслигини ҳам назарда тутиш керак. Бунда фақат аёл ҳомиладор ҳолида ноқонуний тажовузга йўл қўйганлигини аниқлаш керак бўлади, холос.
Шу вақтнинг ўзида, мазкур шарт-шароит муайян жазо чорасини қай даражада енгиллаштирилиши лозимлигини аниқлаш мақсадида қуйидаги маълумотлар ҳисобга олиниши шарт: ҳомиладорлик даври (яъни нечанчи ойи), ҳомиладорлик биринчисими ёки йўқми, айбдор аёлнинг турмуш тарзи, унинг болалари тўғрисида қайғуриши ва ҳ.
36. Шарҳланаётган модданинг "з" банди билан қонун жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб жабрланувчининг ғайриқонуний ёки ахлоққа зид хулқ-атвор таъсири остида жиноят содир этишини тан олади.
Бунда шарҳланаётган модда моҳиятида ахлоқсиз ҳаракатлар сифатида қўполлиги ва юзсизлиги билан ажралиб турган, одамларнинг жамиятдаги ўзини тутишининг умумий қабул қилинган қоидаларини атайлаб бузишдан иборат бўлган ҳулқ- атвор қоидалари тушунилади.
Ҳуқуққа хилоф хулқ-атвор тушунчаси нафақат жиноий ҳуқуқ, балки ҳуқуқнинг бошқа: фуқаролик, меҳнат, оила, маъмурий ва бошқа жабҳаларига ҳам оид бўлиши мумкин бўлган қонунчилик меъёрларининг бузилишларини ҳам қамраб олади. Жабрланувчи томонидан бузилаётган қонунчилик меъёрларининг бирон-бир жабҳага тегишлилиги бу каби ҳулқни ноқонуний деб баҳо беришда аҳамиятга эга эмас. Шу билан бирга, шарҳланаётган шарт-шароитнинг жазони енгиллаштиришга таъсир даражасини аниқлашда, суд, жабрланувчи томонидан ҳуқуқнинг қайси соҳасига оид меъёрлари бузилганлигини ҳисобга олиб, бунда жиноий ва маъмурий ҳуқуқ талабларига риоя қилмаслиги, бу шахснинг жамият учун муайян хавф туғдиришидан, демак, - содир этилган жиноятнинг камроқ ижтимоий хавфга эгалиги ва шунга мувофиқ равишда жазони енгиллаштириш заруратидан далолат беради. Жиноий ҳуқуқ меъёрларини бузган жабрланувчи таъсирида жиноятга қўл урган айбдор билан жабрланувчининг фуқаролик ҳуқуқ меъёрларига риоя қилмаганлиги туфайли келиб чиққан ноқонуний тажовуз учун айбланаётган шахсга жазо бир хил бўлиши мумкин эмас.
Шуни назардан қочирмаслик керакки, жабрланувчининг ноқонуний ёки ахлоққа зид хулқи жазони енгиллаштирадиган шарт-шароит деб, фақат у атайин амалга оширилган тақдирдагина эътироф этилиши мумкин. Жиноят жабрланувчи томонидан ҳуқуқ ва ахлоқ меъёрларини тасодифан ёки онгсиз равишда бузиш оқибатида содир этилган бўлса, у ҳолда шарҳланаётган модда моҳиятига кўра, мазкур шарт-шароит жазони енгиллаштира олмайди. Шу вақтнинг ўзида суд шарҳланаётган модда "д" бандида кўрсатилган шарт-шароит белгилари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги масаласини ҳал этиши лозим.
37. Эслатиш лозимки, жабрланувчининг ноқонуний ахлоқсиз хулқи қонун моҳиятига кўра жиноий қилмишга қўл уришнинг асосий сабаби бўлиши лозим: қонунда кўрсатилишича, у ана шундай ҳулқ таъсирида амалга оширилади. Шу билан бирга, жиноят содир этилиши сабаблари турли хил бўлиши мумкин: ўч, қўрқув, нафрат ва ҳ.. Бироқ бу таҳлил этилаётган шарт-шароитнинг жазони енгиллаштирувчи сифатида эътироф этилишига таъсир кўрсатмайди, аммо суд томонидан муайян жазо чорасини белгилашда ҳисобга олиниши лозим.
Кўриб чиқилаётган шарт-шароит жиноят бевосита жабрланувчининг ноқонуний ёки ахлоқсиз ҳулқ-атвори (қилмиши)дан сўнг содир этилган бўлишини, шунингдек бу қилмишга қаратилганлигига эътибор бермайди (у ҳам жиноятда айбланувчи шахсга, ҳам унинг яқинлари ёки унинг учун бегона шахсларга қарши қаратилган бўлиши мумкин). Бироқ, ушбу кўрсатилиб ўтилган ҳолатлар суд томонидан шарҳланаётган шарт-шароит қай даражада жазони енгиллаштиришга таъсир кўрсатишини аниқлашда ҳисобга олиниши керак. Бунда, суд, мазкур шарт-шароитни айбдор шахсига оид маълумотлар билан биргаликда ҳар бир шахс бу каби ҳулқни эмоционал нуқтаи назардан ўзгача қабул қилишини ҳисобга олган ҳолда ҳал этади.
38. Қонун кўрсатмасига мувофиқ, ғайриқонуний ёки ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этган шахснинг ҳаракатлари ҳуқуққа хилоф ёки ахлоққа зид хатти-ҳаракатларни содир этган шахсга қаратилгандагина - ҳолат жазони енгиллаштирувчи сифатида эътироф этилади. Агар жиноят бошқа шахсларга нисбатан амалга оширилган бўлса, у ҳолда қонунинг мазмун моҳиятига кўра кўриб чиқилаётган шарт-шароитни жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида қўлланиши ноўрин деб эътироф этилиши лозим.
39. Жиноий кодекснинг шарҳланаётган моддасида келтирилган жазони енгиллаштирувчи жиҳатлар рўйхати тўкис эмас ва "суд томонидан аниқ иш ҳолатларидан келиб чиқиб ҳукмнинг тавсиф қисмида аослар келтирилган ҳолда кенгайтирилиши мумкин". Шу билан бирга, мазкур рўйхатда кўрсатилмаган бошқа шарт-шароитнинг муайян иш бўйича жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилиши ўз-ўзидан рўй бермай, балки объектив равишда иш моҳиятидан келиб чиқиши шарт. Жазони енгиллаштирувчи ҳолат суд томонидан атрофлича таҳлил қилиниши ва суд томонидан албатта инобатга олиниши керак. Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган ҳолатлар рўйхати қатъий ҳисобланмайди. Иш ҳужжатларидан объектив равишда келиб чиқувчи ҳар қандай ҳолат, суд томонидан жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этилиши мумкин. Бу ҳукмда асослантирилган ҳолда изоҳлаб берилиши керак. Масалан, шахсга қарши жиноят ҳақидаги иш кўриб чиқилаётганда, томонларнинг ярашиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида қаралиши мумкин. Шунингдек, ақлий ривожланишнинг жисмоний ривожланишига нисбатан орқада қолиб кетганлиги ва ҳоказолар ҳам енгиллаштирувчи ҳолат, деб ҳисобланиши мумкин.
40. Шуни назарда тутиш лозимки, жиноят ишида жазони енгиллаштирувчи ҳолат мавжуд бўлган ҳолларда, суд муайян бир жазо чорасини белгилашда буни инобатга олиш шарт. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатнинг мавжудлиги суддан санкция доирасида енгилроқ жазо танлаш ёки унинг ҳажмини тегишли равишда камайтиришни талаб этади. Бунда суд у ёки бу жазо чорасини тайинлаш , ёхуд қўшимча жазони тайинлаш сабабларини ҳукмнинг тавсиф қисмида кўрсатиб ўтиш талаб этилади.
41. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида назарда тутилган бўлса Жиноят кодекси 55-моддасида кўрсатиб ўтилган бўлишига қарамай, жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этиш мумкин эмас деган қоидани қонун даражасида мустаҳкамлайди. Жиноят таркиби белгиларининг мавжудлиги билан улар қонун чиқарувчи томонидан жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олиниб, бу Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаси санкциясининг у қадар қатьий кўриниш олмаганлигида намоён бўлган (масалан, Жиноят кодексининг 98, 101, 106-моддалари). Шу билан бирга, қонун чиқарувчи томонидан шарҳланаётган моддада жиноят таркиби белгиси сифатида кўрсатилган у ёки бу шарт-шароитнинг эътироф этилиши судга муайян ишни кўриб чиқишда жазони енгиллаштирадиган бошқа ҳолатларни кўриб чиқишни ҳисобга олишга ҳалал бермайди.



Download 6,47 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   47   48   49   50   51   52   53   54   ...   305




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish