О л т и н ч и б ў л и м
ЖамОАт хавфсизлиги ва жамоАт тартибига қарши жиноятлар
XVII боб. ЖамоАт хавфсизлигига қарши жиноятлар
242-модда. Жиноий уюшма ташкил этиш
Жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият -
ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноий уюшма, алоҳида ижтимоий хавф бўлиб, жамият ва унинг аъзоларига таҳлика туғдирувчи, жамиятда шаклланган тартибга тажовуз қилувчи жиноятларнинг ўта оғир турларидан биридир. Жиноятнинг ўта хавфлилиги бундай уюшма жиноий фаолият билан профессионал шуғулланиш учун ташкил қилинганлигидадир.
2. Шарҳланаётган жиноят объекти - жамоат хавфсизлиги, тартиби, ҳокимият органларининг бир меъёрда фаолият кўрсатиши.
Жамоат хавфсизлиги деганда, жамият ҳаётининг хавфсиз шароити, яъни шахсларнинг дахлсизлиги, фуқароларнинг ҳаёт ва соғлиғи, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий манфаатлари, ҳар қандай давлат ёки жамоат бирлашмаларининг бир меъёрда иш олиб бориши тушунилади.
3. Уюшган жиноятчилик - бу иерархик ташкилий тузилиши, аниқ жиноят асосида (бандитлик, конститутицияга қарши, контрабанда-валюта, миллий ва ҳоказо), жипслашганлиги, конспирация ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ҳимояланишнинг йўлга қўйилган тизими, коррупциялашганлик, жиноий фаолият миқёсининг кенглиги, шу жумладан хорижга чиқа олиш ва халқаро жиноий уюшмалар билан алоқаси орқали ажралиб турувчи турғун жиноий уюшмаларнинг фаолияти.
4. Жиноий уюшманинг белгилари қуйидагилар ҳисобла-нади:
* унинг аъзоларининг турғунлиги ва ҳамжиҳатлиги;
* умумий жиноий қасд асосида бирлашганлиги;
* иерархик тузилма (раҳбарлар, оддий ижрочилар мавжудлиги, аъзолар ўртасида мажбурият ва вазифалар тақсимланганлиги);
* икки ёки ундан ортиқ шахс жиноий фаолиятни амалга ошириш учун бирлашган уюшган гуруҳдан фарқли ўлароқ, жиноий уюшмада бир нечта уюшган гуруҳлар бирлашади. Уюшган жиноий гуруҳ жиноий уюшманинг таркибий бўлимидир.
(Жиноий уюшма белгилари ҳақида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг.)
5. ЖК 29-моддасининг 5-қисмига мувофиқ, икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашиши жиноий уюшма деб топилади. Жиноий уюшма икки ёки бир нечта уюшган гуруҳлардан ташкил топади. Жиноий уюшманинг характерли белгиси - жиноий фаолият вазифаларининг жиноий уюшма гуруҳлари ўртасида тақсимланиши ва айнан шу белги роллар аъзолар ўртасида тақсимланган уюшган гуруҳдан асосий фарқидир.
6. Объектив томондан ЖК 242-моддасининг 1-қисмида жавобгарликни назарда тутувчи жиноий уюшма ташкил этиш жинояти қуйидагиларда ифодаланади:
* жиноятлар содир этиш учун жиноий уюшмани ташкил этиш;
* шундай уюшма ёки унинг таркибига кирадиган тузилмаларга раҳбарлик қилиш;
* жиноий уюшма мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлашга қаратилган фаолиятни амалга ошириш.
7. Жиноий уюшма ташкил этиш унга аъзоларни жалб қилиш, жиноий мақсадларни аниқлаш, алоҳида вазиятларда уюшмада аъзоликни формал равишда содиқликка қасам ичиш йўли билан тасдиқлашни назарда тутади.
8. Жиноий уюшма ёки унинг таркибий бўлимларига раҳбарлик қилиш жиноий фаолиятнинг умумий режаларини ёки алоҳида жиноят режаларини тузишдан, уюшма тузилмалари ўртасида мажбуриятларни тақсимлашдан, жиноий тажовуз объектларини аниқлашдан, оддий аъзоларга кўрсатма ва вазифалар беришдан иборат.
9. Жиноий уюшманинг мавжуд бўлиши ва вазифаларининг бажаришини таъминлашга қаратилган фаолиятни амалга ошириш жиноий уюшма аъзоларини моддий таъминлашда, жиноий уюшмага ҳар қандай ёрдам кўрсатишда, масалан, транспорт воситаларини беришда, қалбаки ҳужжатлар, техник воситалар билан таъминлашда, жиноий фаолият натижасида олган молиявий маблағларни легаллаштиришда ва, умуман, жиноий уюшма ёки унинг тузилмаларининг турғун мавжуд бўлиши, вазифаларини хавфсиз ва доимий бажариши учун шарт-шароит яратишда ифода этилиши мумкин.
10. Жиноий уюшмани ёки унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолиятни амалга ошириш, уюшма ўз жиноий фаолиятини амалга оширганлиги ёки оширмаганлигига қарамасдан тугалланган жиноят ҳисобланади.
11. ЖК 242-моддасининг 1-қисмида жавобгарликни назарда тутувчи жиноят субъектив томондан тўғри қасд шаклидаги айб билан тавсифланади. Айбдор жиноий уюшмани ташкил қилаётганлиги ёки унга раҳбарлик қилаётганлигини билади ва бундай фаолиятни жиноий уюшма мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлаш мақсадида амалга оширишни давом эттиришни хоҳлайди.
Жиноий уюшма ташкил этишдан мақсад жиноятларни амалга оширишдир.
Жиноий уюшма ёки унинг бўлинмаларига раҳбарлик қилиш мақсади мазкур ташкилотнинг қовушганлиги ва турғунлигини таъминлаш, аъзолар ўртасида мажбуриятларни аниқ тақсимлаш ва ҳоказолар ҳисобланади.
Жиноий уюшманинг мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлашдан мақсад шундай ташкилотга ёрдам бериш ва унинг жиноий фаолиятида иштирок этиш ҳисобланади.
Жиноят мотивлари турлича бўлиши мумкин, аксарият ҳолларда бу моддий даромад ва фойда олишга интилишдир.
Жиноятни квалификация қилиш учун мотив ва мақсад аҳамиятга эга эмас.
12. Жиноят кодекси 242-моддасининг 1 қисмида назарда тутилган жиноят субъектлари ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахслар бўлиши мумкин. Улар жиноий уюшма ташкилотчилари, жиноий уюшма таркибидаги бўлинмалар раҳбарлари ёки уюшманинг мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлашга қаратилган фаолиятни амалга ошираётган бошқа шахслар ҳисобланади.
Жиноий уюшма ташкилотчиси мазкур уюшманинг бошқа аъзолари содир этган жиноятлар учун жавобгардирлар, эксцесс бажарувчилик бундан мустасно.
Жиноий уюшманинг оддий иштирокчилари улар айбдор деб топилган аниқ жиноятлар учун жавобгардирлар.
Агар жиноий уюшмани ташкил этиш ёки унга раҳбарлик қилиш ёхуд унинг мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлашга қаратилган фаолиятда иштирок этиш учун 14 дан 16 ёшгача бўлган шахслар жалб этилган бўлса, уларнинг ҳаракатларини жиноятнинг аниқ таркиби белгилари мавжуд бўлганда, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосланиб квалификация қилиш лозим.
13. ЖК 242-моддасининг 2-қисмига мувофиқ, уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек, унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Уюшган қуролли гуруҳ икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан қуролга эга бўлган гуруҳга бирлашишини назарда тутади (уюшган гуруҳ тушунчаси ва белгилари ҳақида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг).
ЖК 29-моддасининг 4-қисмига мувофиқ, икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади.
14. Уюшган гуруҳни фарқловчи белгиларидан бири сифатида бундай гуруҳнинг турғунлиги тан олинади.
Гуруҳ турғунлиги деганда, гуруҳ аъзолари ўртасида доимий алоқалар мавжудлиги, гуруҳ аъзоларининг аниқ вазифаларга эгалиги, улар ўртасида ролларнинг аниқ тақсимланиши тушунилади.
Гуруҳнинг турғунлиги ҳақида қуйидаги белгилар гувоҳлик беради: таркибининг доимийлиги, аъзолар ўртасидаги узвий, ўзаро боғлиқлик, уларнинг ҳаракати мувофиқлаштирилганлиги, жиноий фаолият шакл ва услубларининг доимийлиги, унинг узоқ муддат мавжудлиги, содир этилган жиноятлар сони.
Жиноий гуруҳнинг турғунлиги бутун жиноий фаолиятни режалаштиришда, қаттиқ интизом, иерархик тузилмага мувофиқ, сўзсиз бўйсунишда намоён бўладиган юқори даражада уюшганлигини назарда тутади.
Жиноий фаолият гуруҳ томонидан бир қатор ноаниқ жиноий қилмишларни амалга оширишни назарда тутади.
15. Қуролланган гуруҳ деганда, гуруҳда қурол мавжудлигини тушуниш лозим.
Қурол ўқотар ёки совуқ қурол бўлиши мумкин. (Ўқотар ва совуқ қурол тушунчаси ҳақида ЖК 164, 247-моддалари шарҳига қаранг.)
Гуруҳ жанговар қурол ёки портловчи моддалардан фойдаланганда ҳам уни қуролланган деб тан олиш лозим.
Қуролланганлик белгисини аниқлаш учун гуруҳ аъзоларидан ҳеч бўлмаганда биттасида бир дона бўлса-да ишлатишга яроқли қурол мавжудлигини (бунда гуруҳнинг бошқа аъзоларига бу ҳақда маълум бўлиши керак) аниқлаш лозим.
Ишлатишга яроқсиз қуролни, масалан, тепкиси арралаб ташланган пистолетни ёки қуролга ўхшаш буюмларнинг (автомат ёки пистолетнинг ёғочдан ясалган модели) мавжудлиги қуролланиш деб тан олинмайди. Бундай ҳолатларда жиноий гуруҳ ЖК 242-моддаси 2-қисми бўйича эмас, балки яроқсиз қурол ёки уларнинг имитацияси ишлатилган босқинчилик ёки бошқа жиноят учун жавобгарликка тортилиши мумкин.
16. Уюшган қуролли гуруҳ тузиш деганда, аъзоларни танлаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, жиноий фаолият режаларини тайёрлаш, жиноий гуруҳни қуроллантириш каби ҳаракатларни амалга ошириш тушунилади.
17. Гуруҳга раҳбарлик қилиш деганда, мавжуд бўлган уюшган қуролли гуруҳ фаолиятини бошқариш бўйича ҳар қандай ҳаракатни тушуниш лозим.
18. Уюшган қуролли гуруҳ фаолиятида иштирок этиш нафақат қуролланган гуруҳ амалга ошираётган ҳужумларда бевосита қатнашишда, балки уюшган қуролланган гуруҳ манфаатлари йўлида бошқа ҳаракатларни бажаришда: молиялаштириш, қурол билан таъминлаш, ҳужум учун объектларни топиш (мўлжалга олиш), транспорт билан таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа органларнинг порахўр ходимлари билан алоқа ўрнатишда ҳам ифодаланади.
Уюшган қуролли гуруҳ амалга ошираётган ҳужумларда иштирок этган деб, гуруҳнинг “доимий” аъзоси бўлмаган ва гуруҳ содир этаётган жиноятда иштирок этаётганлигини англаган шахснинг қуролланган гуруҳнинг ҳеч бўлмаса битта ҳужумида бевосита иштироки ҳисобланади.
Уюшган қуролли гуруҳ тузиш ёки раҳбарлик гуруҳ томонидан қандайдир жиноятлар содир этилганлигига қарамасдан ёки уюшган қуролли гуруҳга аъзо бўлишга розилик бериш вақтидан тугалланган жиноят ҳисобланади.
19. Уюшган қуролли гуруҳ таркибига кирмаган ва ушбу гуруҳ содир этган ҳужумларда иштирок этмаган, аммо гуруҳга ёки унинг алоҳида аъзоларига жиноий фаолиятда кўмаклашган шахслар ҳаракати тегишли жиноятлардаги иштирокчилик деб топилади. Масалан, уюшган қуролли гуруҳга кўмаклашиш қурол сотиш, транспорт билан таъминлаш, ҳужум объектини кўрсатишда ифодаланиши мумкин.
Уюшган гуруҳ таркибида қуролланган ҳужумни амалга оширишга даъват қилиш уюшган гуруҳ аъзоларини аниқ муассаса ёки аниқ шахсларга ҳужум қилишга тортишда ифодаланиши мумкин.
20. ЖК 242-моддаси 2-қисмида жавобгарлик кўзда тутилган жиноятнинг субъектив томони тўғри қасд билан тавсифланади. Субъект уюшган қуролли гуруҳни ташкил этганини ёки бундай гуруҳ таркибига раҳбар ёки иштирокчи сифатида кирганини тушунади ва буни хоҳлайди.
21. Шарҳланаётган жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс бўлиши мумкин. Уюшган қуролли гуруҳ таркибига ёки гуруҳ амалга оширган ҳужумларда иштирок этган 13 ёшдан 16 ёшгача бўлган балоғатга етмаганлар Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаларида кўрсатилган аниқ содир этилган жиноятлари учун жавобгарликка тортиладилар (масалан, бу қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, босқинчилик ва ҳоказо бўлиши мумкин).
Уюшган қуролли гуруҳ тузишда айбдор ва бошқа аниқ жиноятларни содир этган шахсларнинг ҳаракатлари мазкур модда билан қамраб олинади ва Жиноят кодексининг бошқа моддалари бўйича қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |