Корпоратив бошқарув кодекси- ихтиёрий белгиланувчи андозалар ва ички меъёрлар йиғиндиси бўлиб, корпоратив муносабатларнинг тартибини ўрнатади ва тартибга солади. Кодекс корпорациядаги корпоратив бошқарувнинг барча муҳим элементларига таалуқли бўлган асосий меъёрлардан ва тавсиялардан таркиб топиши керак. Эмитентларнинг Кодекс қоидаларига риоя қилишидан асосий манфаатдорлиги қимматли қоғозлар бозори орқали уларнинг инвестицияларни жалб қилишга интилишидир (12-расм).
Корпоратив бошқарувнинг андозалари:
Кедбери кодекси, 1991-йилда Буюк Британияда Адриан Кедбери раҳбарлигидаги Қўмита томонидан тайёрланган. Қўмита Молиявий ахборотлар кенгаши, Лондон фонд биржаси ва ҳисобхона ходимлари касаба уюшмаси томонидан тузилган;
2000-йилнинг январида Германия корпоратив бошқарув бўйича гурух томонидан энг илғор амалиётдаги немис корпоратив бошқарув кодекси яратилган;
Франция хусусий корхоналар уюшмаси миллий кенгаши ва Франция корхоналари харакати томонидан ташкил этилган гурух, М.Вено раислик қилган корпоратив бошқарув бўйича қўмитанинг тавсиялари (1995 ва 1999й);
Греция корпоратив бошқарув тамойиллари 1999-йилда Молиявий бозорлар бўйича қўмита томонидан тайёрланган;
“General Motors” Директорлар Кенгаши томонидан 1994-йилда тайёрланган “АҚШда корпоратив бошқарувнинг асосий йўналишлари ва муаммолари” тезислари;
Дунёда энг йирик нафақа фонди ва етакчиси институционал инвесторлардан бири бўлган “Истефога чиққан фуқаролик хизматчилар Калифорния нафақа фонди” томонидан 1998-йилда ишлаб чиқилган “АҚШда корпоратив бошқарувнинг асосий тамойиллари ва йўналишлари”;
Малайзия олий молия қўмитаси томонидан 1999-йилда тақдим этилган “Корпоратив бошқарув кодекси”;
Гонконг фонд биржаси томонидан 1989-йилда (кейинчалик тўлдирилган) тақдим этилган “Энг афзал амалиёт кодекси ва умумжамоа компанияларнинг директорлари учун тавсиялари”;
Мексика тадбиркорликни мувофиқлаштириш кенгашининг Корпоратив бошқарув бўйича қўмитаси 1999-йилда тақдим қилган “Энг афзал амалиёт кодекси”;
Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) Тадбиркорлик палатаси ва Ёханнесбург фонд биржаси қўллаб қувватлашида ЖАР Директорлар институти томонидан 1994-йилда тақдим этилган “Корпоратив амалиёт ва муносабатлар кодекси”.